Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:22

Орзуларим бошлади йўлга...


Обама нафақат америкаликлар¸ балки бутун дунë учун ҳам¸ орзу қилган муродига етажаги тимсолига айланди.
Обама нафақат америкаликлар¸ балки бутун дунë учун ҳам¸ орзу қилган муродига етажаги тимсолига айланди.

20 январ куни Тошкент вақти билан тунги соат 10 да Барак Ҳусайн Обама унга интиқ дунë кўз ўнгида энг қудратли давлат- АҚШнинг 44-президенти сифатида қасамëдга келтирилди.

2009 йилнинг 20 январида Барак Обама болаликдан орзу қилиб келган кун келди.

Ўтган йил Обаманинг болалар боғчасидаги тарбиячиси¸ ҳали ëзишни ўрганар-ўрганмас Барак ўзи ëзган биринчи иншога “Мен президент бўлишни истайман”¸ деган сарлавҳа қўйганини айтган эди.

20 январ куни маҳаллий вақт билан роппа-роса 12 да Инжилга қўл қўйиб¸ Американи унинг конституциясида кўрсатилган каби ҳимоя қилажаги ҳақида қасам ичиш билан¸ Барак Обама ўз иншосида ëзган орзусига етади.

Биринчи қора танли америкаликнинг президентликка келиши муносабати билан шу кунларда бутун Америка¸ айниқса¸ пойтахт Вашингтон кучли эҳтирослар¸ байрам кайфиятига берилмоқда.

Бу эҳтирослар ўз кулминациясига етадиган 20 январ куни қасамëд маросими ўтадиган Капитолий тепалиги ва унинг атрофига 2-3 миллиондан ошиқ одамнинг тўпланиши кутилмоқда.
Америка пойтахтида бошланган байрам тадбирларида ҳозиргача миллиондан ошиқ одам иштирок этди.


Шу муносабат билан АҚШ пойтахтида мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилмоқда ва 5000 дан ошиқ махфий хизмат ходимларининг компютерлар воситасида тўпланганларни кузатишлари режаланган.

20 январ саҳардан бошлаб Капитолий тепалиги томон келаëтган америкаликлар¸ Америка бошдан кечираëтган буюк тарихга гувоҳ бўлиш истагидалар.



Улар учун Барак Обама ўзгаришлар¸ умид ва орзулар мавсумининг муқаддимаси тимсолига айланиб улгурди.

Бутун дунë назари 47 яшар Барак Обаманинг дунëдаги энг қудратли давлат президенти сифатида қасамëдга келтирилишига қараб турган бир пайтда¸ бу мамлакатни саккиз йил муваффақиятсиз бошқарган Жорж Буш¸ омма кўзидан панада Вашингтон билан хайрлашмоқда.

Душанба кунини давлат раҳбари сифатида сўнгги бор Оқ уйда ўтказган Буш¸ америкаликларга қилган сўнгги радиомурожаатида Барак Обамага муваффақият тилади.

- Сешанба куни мен ва Лора президент Обама¸ унинг рафиқаси Мишел ва гўзал қизларига бутун америкаликлар каби яхши ниятлар билдирамиз. Куннинг иккинчи ярмида биз Техасга¸ яқинларимиз ва дўстларимиз муҳаббати бағрига қайтамиз. Мен Оқ уйни ўз маъмуриятим қилган ишлардан фахр туйғуси билан тарк этаман. Қолган умримни эса¸ ер юзидаги энг буюк давлатга президент сифатида хизмат қилиш бахти берилгани учун шукроналик билан ўтказаман¸ деди америкаликлар билан хайрлаша туриб Жорж Буш.

Сешанба куни маҳаллий вақт билан кечки соат 5 да Обамалар оиласининг Оқ уйга кўчиб кириши белгиланган.

Ҳозирча Барак Обаманинг қасамëд нутқига оид матбуотга аëн бўлган маълумотга кўра¸ янги президент 17 дақиқалик нутқида асосан маъсулият¸ ҳукуматнинг халқ олдидаги¸ ота-оналарнинг болалари олдидаги ва ҳар бир амрикаликликнинг ўзи олдидаги маъсулияти ҳақида гапирадиган кўринади.

Душанба куни Мартин Лютер Кинг хотираси кунини кўнгиллилар сафида ўтказган Барак Обама шу куни уйсиз болалар учун қурилган бошпанани таъмирлашда бевосита қатнашди¸ шунингдек ярадор уруш ветеранларини бориб кўрди.

Ўз умрининг кўп қисмини жамоатчилик учун кўнгилли хизматга бағишлаган Обама¸ душанба куни уйсиз болалар учун қурилган бошпана деворини бўяб берди.
Мактаб ўқувчилари билан учрашувда Обама ëшларни ўз жамоаси учун кўнгилли равишда яхши ишлар қилишга ундади¸ ўзининг эса президент сифатида америкаликлар ҳаëтини яхшилашга ҳаракат қилажагини ваъда қилди.

- Аммо бу ишни бир ўзим қила олмайман. Мишел ҳам буни ўзича қилолмайди. Ҳукумат ҳам¸ ўз ваколати доирасида иш қила олади. Агар биз қилиниши лозим ишни биз учун кимдир келиб қилиб беришини кутсак¸ кимнингдир атрофимизни тозалаб кетишини¸ кимнингдир боламизга ақл беришини кутиб ўтирсак¸ ўтираверамиз. Биз ўз ва жамоамиз ҳаëти учун маъсулиятни зиммамизга олишимиз лозим ва бу бир кунлик иш эмас¸ деди мактаб ўқувчилари билан суҳбатда президент Обама.


Президент Обаманинг чоршанба - ўз биринчи иш кунини миллий хавфсизлик ва иқтисодий гуруҳи вакиллари билан ўтказиши белгиланган.

Пайшанба куни эса янги президентнинг бир қатор тарихий қарорларга қўл қўйиши¸ жумладан Гуантанамо ҳарбий қамоқхонасини ëпиш ҳақида буйруқ бериши кутилмоқда.

Барак Обама АҚШ тарихидаги энг машҳур президент сифатида Оқ уйга кириб келмоқда. Ҳатто уч ойча муқаддам унинг рақиби Жон Маккейнга овоз берганларнинг аксари ҳам¸ бугун Обаманинг ҳокимиятга келишидан мамнунликлари ва ўз эрталарига умид билан қараëтганларини билдирдилар.

20 январдан бошлаб Барак Ҳусайн Обама олдига чиқадиган энг оғир вазифа ана шу умидларни саробга айлантирмаслик¸ ўзига боғланган Америка орзусини рўëбга чиқариш бўлади.

XS
SM
MD
LG