Линклар

Ҳимоячилар ҳимоячисиз қолди


Ногиронлар жамияти раҳбарлари ўзи шундоқ ҳам оғир аҳволда бўлган ногиронлар ҳаққини ўғирлашда айбланмоқда.

Ногиронлар жамияти раҳбарлари ўзи шундоқ ҳам оғир аҳволда бўлган ногиронлар ҳаққини ўғирлашда айбланмоқда.

Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси Фарид Абдурашидов ва жамиятнинг собиқ раиси Ойбек Исҳоқов коррупцияда айбланиб, маҳкамага тортилди.

19 январ куни Тошкент шаҳар жиноят ишлар судида Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг икки раиси билан боғлиқ маҳкама жараёни бошланди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаеванинг маълум қилишича, маҳкама ëпиқ эшиклар ортида ўтаëтир.

- Суд мажлисига ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар киритилмаяпти. Альянс фаоллари бу ҳолатга норозилик билдириб пикет ўтказмоқчи бўлишди. Лекин улар пикет ўтказишни ҳам таъқиқлашди¸ дейди Елена Урлаева.

Альянс раҳбари Урлаева Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси Фарид Абдурашидов ва жамиятнинг собиқ раиси Ойбек Исҳоқовлар Жиноят кодексининг бешта моддаси бўйича айбланаётганлигини маълум қилди.

- Ногиронлар жамиятининг иккала раиси ҳам Жиноят кодексининг “Ўзлаштириш ёки камомад йўли билан маблағ ўмарганлик”, “Хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганлик”, “Хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндошганлик”, “Хизмат сохтакорлиги” ва “Товламачилик йўли билан олдиндан тил бириктирган ҳолда пора ундирганлик” моддалари бўйича айбланмоқдалар¸ дейди Елена Урлаева.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг собиқ раиси Ойбек Исҳоқов ўтган йилнинг декабр ойида 800 АҚШ долларини пора сифатида олаётган пайтида қўлга олинган. Кейинчалик Фарид Абдурашидов унга шерикликда айбланиб, ҳибсга олинади.

Ҳуқуқ фаоли Саломат Бойматова Ойбек Исҳоқов ногиронлар жамиятини бошқарган пайтда унга қарши ногиронлар томонидан кўплаб шикоятлар бўлганини айтади.

- Исҳоқов Ойбек иш фаолияти давомида ногиронларга ëрдам бермасдан ногиронлар жамиятига келган пуллар¸ компьютерларни ўзлаштирган, деган маълумотлар бор¸ дейди Саломат Бойматова.

Ойбек Исҳоқовнинг ўзи ҳам жамият раиси сифатида ногиронлар билан боғлиқ муаммоларни очиқ-ойдин айтиб келган.

Хусусан, Озодликка берган интервьюларидан бирида Ойбек Исҳоқов Ўзбекистон ногиронлари муаммолар гирдобида қийналиб яшашга мажбур бўлаётгани ҳақида гапирган эди.

- Ногиронларимизнинг асосий муаммоларидан бири бу иш билан таъминланиш. Чунки кўп ногиронлар ишсиз. Иш топиш жуда қийин. Қонун бўйича касалхонада овқат пулини тўламаслик имтиëзи бор, лекин у дори-дармонга пул тўлаши керак.

Баъзи ногиронларимиз шартнома пулларини тўлай олмай, институтларни ташлаб кетаяпти. Транспорт йўл кирасида эса фақат Чернобил қатнашчиларига¸ афғон уруши қатнашчиларига ва кўзи ожизларга имтиëз бор. Бунақа имтиëз болаликдан ногиронларга йўқ, - деганди Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг собиқ раиси.

Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг декабр ойида Ойбек Исҳоқов ўрнига унинг ўринбосари Фарид Абдурашидов жамият раислигига сайланади.

Асли касби ҳуқуқшунос бўлган Фарид Абдурашидов бир қанча маҳкама жараёнларида ҳуқуқ фаоллари адвокати сифатида иштирок этиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган.

Ўтган йилнинг декабр ойи бошида Ўзбекистон бош прокуратураси биносини ноқонуний пикет қилишда айбланиб, маҳкамага тортилган Альянснинг 10 нафар фаолига ҳам дастлаб Фарид Абдурашидов ҳимоячилик қилган.

Альянс раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, Абдурашидов 23 декабр куни ҳибсга олингач, альянсчилар бошқа адвокат қидиришга мажбур бўлганлар.

- Бугун ўзи ҳимояга муҳтож бўлаётган Фарид Абдурашидов айнан ҳуқуқ фаоллари билан ҳамкорлик қилгани учун ҳибсга олинган¸ дея ўз тахминини билдиради Елена Урлаева.

Қонунга мувофиқ, юқорида зикр этилган беш модда бўйича айбланувчиларга 5 йилдан 10 йилгача бўлган қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Айни жиноий иш бўйича Тошкент шаҳар судидан маълумот олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон ногиронлар жамияти офисида эса телефон қўнғироқларига ҳеч ким жавоб бермаяпти.
XS
SM
MD
LG