Линклар

logo-print

Обама қасамёдга келтирилади


Бугун Барак Обама Тошкент вақти билан соат 10 да АҚШнинг 44-президенти сифатида қасамёдга келтирилади.

Вашингтондаги тадбирда икки миллиондан зиёд фуқаронинг қатнашиши тахмин қилинаëтган эди¸ аммо кузатувчиларга кўра¸ Капитолий тепалиги атрофига тўпланаëтган америкаликлар бу тахминдан анча ортиб бормоқда.

Ҳаво совуқ бўлишига қарамай юз минглаб киши эрта саҳардан Вашингтондаги Капитолий тепалиги атрофидаги майдонга тўпланди.

Айни пайтда Вашингтонда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, 50 мингга яқин хавфсизлик хизмати, полиция ва миллий гвардия ходими шаҳар кўчаларига сафарбар қилинди.

АҚШ Федерал тергов бюросига кўра¸ Барак Обамани қасамëдга келтириш маросимига сўнгги шу каби маросимга нисбатан тўрт баравар кўпроқ хавфсизлик кучлари сафарбар қилинган.

Америка тарихидаги биринчи қора танли президент мамлакат юз тутаётган улкан муаммолар, жумладан, Ироқ ва Афғонистондаги тинимсиз уруш ва молиявий бўхрон даврида мамлакатга раҳбарлик қилиш ваколатини қабул қилиб олмоқда.

19 январ куни Вашингтон марказида йиғилган минглаб ватандошларига мурожаат қилган Барак Обама мамлакат олдида катта муаммолар тургани ва уларни ҳал этиш осон бўлмаслигини эътироф этиш баробарида, Америка синовларни енга олишига умиди ҳар қачонгидан кўра мустаҳкам эканини баён қилган эди.

XS
SM
MD
LG