Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:47

Газ камайса¸ сув ҳам камаяди


Қишда ўз қўшниларини газ бермай қийнайдиган Ўзбекистоннинг ўзи ëзда Қирғизистон ва Тожикистондан бошланадиган дарëлар сувига зор.
Қишда ўз қўшниларини газ бермай қийнайдиган Ўзбекистоннинг ўзи ëзда Қирғизистон ва Тожикистондан бошланадиган дарëлар сувига зор.

Қирғизистон ва Тожикистон 2009 йилда Ўзбекистондан сотиб олинадиган табиий газ ҳажмини сезиларли қисқатириб¸ ўз электр энергиясини ишлаб чиқаришга зўр беришга ўтди.

Қирғизистон 2008 йили Ўзбекистондан 750 млн. куб метр газ сотиб олган эди. Бу йил харид қиладигани 650 млн. куб метрни ташкил қилади.

Тожикистон эса, харид ҳажмини деярли икки бараварга қисқартирди. Бу йил бу мамлакат Ўзбекистондан 450 млн. куб метр газ олади холос. Ўтган йили бу кўрсаткич 950 млн. куб метрга тенг эди.

Харид ҳажмлари газнинг қимматлаб кетгани туфайли қисқартирилди.

2008 йил Ўзбекистонда сув тақчиллиги анча сезиларли бўлди-ки, бу ҳақда президент Каримовнинг Янги йил табригида ҳам сўз борган эди:

"...айтиш керакки, якунланаëтган йил мамлакатимиз учун осон бўлмади. Йил давомида заҳматкаш деҳқонларимиз учун жиддий синов бўлган қаттиқ қурғоқчилик ва сув танқислигини...ҳал этиш учун катта куч ва имкониятларни сафарбар этдик".

Zpress.KG сайти хабарига қараганда, 13 январь куни "НЭС Кыргызстан" ҳиссадорлик жамияти матбуот хизмати Тожикистонда юзага келган вазият туфайли Марказий Осиё мамлакатлари жорий йилда сув таъминоти масаласида ўта оғир аҳволда қолиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган.

Айтилишича, Норак ва Қайроқққум ГЭСларида катта миқдорда электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда ва натижада одатдагидан кўп сув оқиб кетмоқда.

Қирғизистонлик энергетиклар жорий қишда сув заҳираларини тежаш юзасидан фавқулодда чоралар кўрмоқда. Бироқ бу чоралардан ҳам самара кам бўлмоқда. Қирғизистонлик энергетик Жамолбек Тулебердиевнинг айтишича,

Сув омборида сув сатҳи пастлаб кетгани туфайли сув босими озайиб, Тўқтағул ГЭСида бир квт.соат электр энергияси ҳосил қилиш учун шу кунда қарийб 3 ярим куб метр сув оқизишга тўғри келмоқда. Авваллари 2.1 куб метр сув кифоя қилар эди.

Бугун бизни қизиқтираётган савол мана шу хабарлар туфайли пайдо бўлди. Яъни ўтган йили 145$ бўлган газ нархини бу йил 240$ га кўтариш билан Ўзбекистон ҳукумати бугун ютаяпти. Суғориш мавсумида сув танқислигидан кўриладиган зарар бугунги фойдани ювиб кетмайдими?

Қирғизистонлик иқтисодчи олим Айилчи Сарбаевнинг фикрича, сув тақчиллиги хавфи бор лекин уни Ўзбекистон газ нархини кўтаргани билан боғлаш тўғри эмас:

Қирғизистон Ўзбекистондан газни жаҳон бозоридаги нархидан анча арзон – 240$дан олаяпти. Жаҳон бозорида эса, шу кундаги нарх 300-340$дир.

Бироқ Қирғизистонда бу фикрга қўшилмайдиганлар ҳам бор. Масалан, экс-вице-бош вазир Бозорбой Мамбетов куни кеча журналистларга мана бундай деди:

- Мамлакатларимиз сув ва энергетика масалаларида бир-бирига боғлиқ бўлгани учун Тошкент сув эвазига газни бизга арзонроқ сотса ҳам бўлар эди. Лекин қирғизистонлик музокарачилар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ёмон ишлади.

Шу ўринда, тингловчини нефть арзонлаётган бир пайтда нима учун газ қимматлайвераяпти, деган савол қизиқтириши мумкин. Бу саволни тошкентлик таҳлилчи Комрон Алиевга бердик.

- Нефть асосан, аукционларда сотилади ва унинг нархини ҳар куни белгилаш мумкин. Газ эса, камида бир чоракка ёки ярим йилга – бир йилга олдиндан белгилаб олинади, дейди Комрон Алиев.

Таҳлилчининг айтишича, йил охирига бориб газнинг нархи жаҳон бозорида арзонлаб кетиши ва натижада Тожикистон билан Қирғизистон келаси йил учун ўша арзон нархда шартнома имзолаши мумкин. Яъни бу йилги зарарни келаси йили қоплаб оладилар.

Сув-чи, сув? Сув нима бўлади? Ёзда ўзбекнинг даласига сув борадими?

Қирғизистонлик иқтисодчи олим Айилчи Сарбаевнинг фикрича,

- бу масалани ҳал қилиш учун Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида тўрттала давлатнинг ҳам иқтисодиётига фойда келтирадиган сув бўйича узоқ муддатли шартнома тузиш зарурати бор, лекин у ҳануз тузилмаяпти. Уни тузиш керак.

XS
SM
MD
LG