Линклар

Вашингтонга ўзгариш келди


20 январ кунидан бошлаб дунë сиëсатида янги президент - Барак Обама юлдузи чарақлай бошлади.

20 январ кунидан бошлаб дунë сиëсатида янги президент - Барак Обама юлдузи чарақлай бошлади.

АҚШ ўз тарихининг янги саҳифасини очди – сешанба куни мамлакатнинг биринчи қора танли президенти қасамëдга келтирилди.

Сешанба куни саҳар учдан бошлаб ўн минглаб америкаликлар ўз иборалари билан айтганда¸ тарих яралишига гувоҳ бўлиш ва тарихий дақиқалар кайфиятидан баҳраманд бўлиш учун мамлакат пойтахти маркази – Капитолий тепалиги ва Линколн хотира обидаси орасидаги бир неча кимолетрлик очиқ майдонга йиғила бошладилар.

АҚШ 44-президентини расман қасамëдга келтириш арафасида бу улкан майдонга йиғилган оломон сони тахмин қилинган 2 миллиондан ошиб кетди.
Куннинг совуқлигига қарамай миллионлаб америкаликлар Барак Обаманинг қасамëдга келтирилишини Капитолий тепалиги яқинидан туриб кузатишга қарор қилди.


Кунни президентлар черковидаги тонгги ибодатдан бошлаган Барак Обама ўз рафиқаси билан бирга Оқ уйда бу саройнинг саккиз йиллик соҳиб ва соҳибаси Жорж Буш ва Лора Буш билан учрашдилар.

Сўнгра кетаëтган ва келаëтган президентлар кортежи қасамëд маросими белгиланган Капитолий тепалиги – АҚШ Конгресси ва Сенати биноси олдига келди.

Бу ерда президентларни бутун дунëдан таклиф қилинган минглаб хориж расмийлари¸ АҚШ Конгресси ва Сенати аъзолари¸ собиқ президентлар¸ ҳукумат амалдорлари ва бошқа меҳмонлар кутиб олдилар.

Қасамëдга келтириш маросимини маросим ўтказиш қўшма қўмитаси раиси¸ сенатор Дианн Фейнштейн очиб берди ва демократик¸ эркин дунëга янги раҳбар келганини элон қилди.

Шундан сўнг калифорниялик пастор ибодат бошлади ва Яратганга ҳамду-санолар қилди.

Руҳоний¸ титроққа тўлган овоз билган африкалик муҳожирнинг боласи – биринчи қора танли америкаликнинг мамлакат олий идорасига сайланиши ва Американинг ҳамон орзулар диëри бўлиб қолаëтгани учун алоҳида шукрона ўқиди.

Дини¸ ирқи¸ жинсидан қатъий назар бутун америкаликларни бирлашишга даъват қилди ибодат давомида насроний руҳонийси.

Сўнгра қора танли афсонавий хонанда Ареза Франклин “Менинг ватаним” қўшиғини куйлаш орқали нафақат маросимга тўпланган миллионлар¸ балки уни телевизор экрани қаршисида томоша қилаëтган миллиардлар ҳиссиëтини яна бир даража алангалатди.

Аввалига АҚШ Олий суди ҳаками Жон Паул Стивенс томонидан Жозеф Байден АҚШ нинг янги вице-президенти сифатида қасамëдга келтирилди.

Орадаги қисқа мусиқий танаффус – қасамëд маросими кулминациясини бир оз ҳаяллатса-да¸ йиғилганлар руҳига бир оз сокинлик олиб киришга муваффақ бўлди.

Сўнгра – аксар америкаликлар ўз ҳаëти давомида юз беришини мутлақ кутмаган ҳодиса ниҳоят амалга кўчди ва қора танли Барак Ҳусайн Обама АҚШ нинг 44-президенти сифатида қасамëдга келтирилди.

Обамани АҚШ Олий суди раиси Жон Робертс томонидан бутун йиғилганлар оëққа қалққан ҳолда қасамëдга келтирди.

Инжилга қўл қўйган ҳолда ўқилган бор йўғи 135 сўздан иборат қасамëд давомида Обама¸ анъанага кўра¸ АҚШ конституциясида белгиланган каби Америка манфаатларини ҳимоя қилишга қасам ичди.

Барак Обама ўзига намуна деб билган Авраам Линколн 1861 йили қўл қўйиб қасамëдга келтирилган айни Инжилга қўл қўйиб қасамëдга келтирилди.
Линколн Инжилини қасамëд чоғида Обаманинг рафиқаси Мишел ушлаб турди.

Йиғилганларнинг эҳтиросли қийқириқлари остида АҚШ нинг 44-президенти ўз маърузасини бошлади.

Ватандошларим¸ дея сўз бошлаган Барак Обама¸ ўзини сайлаган миллионлаб америкаликларга¸ ўтиш даврида ўзини қўллаб-қувватлаган собиқ президент Жорж Бушга миннатдорчилик билдирди.

Мамлакат ва ўзи олдида турган синовларнинг ниҳоятда улканлиги¸ Америка бошлаб қўйган икки урушни муваффақият билан тугаллаш зарурати¸ иқтисодий бўҳрондан чиқиш йўлини топиш эҳтиëжини тилга олган Барак Обама бугун умиднинг қўрқувдан устун эканини таъкидлади.

- Тарихимизнинг энг буюк саҳифаларини ëзиш фурсати келди¸ деди янги президент.

Бугун бизни дунëнинг тўрт томонидан туриб кузатаëтган миллатларнинг барига биз Американинг улар дўсти экани эслатамиз. Бизнинг қудратимиз¸ ҳарбий қудратимиз¸ танк ва ракеталаримизда эмас¸ балки инсоний қадриятларимиздадир¸ дер экан янги Америка президенти Ироқ ва Афғонистонга ҳам тинчлик олиб келишга ваъда берди.

Америка ғанимларини мағлубият яқинлигидан огоҳлантирган Барак Обама мусулмон дунëсига янги ëндашув бошланажигини билдирди.

Ўз халқини эзаëтган порахўр мустабидлар¸ сиз тарихнинг қора томонидасиз¸ дея мурожаат қилди жаҳон диктаторларига АҚШ янги президенти.

Бундан 60 йил аввал отаси ҳатто маҳаллий Америка ресторанида ҳатто официант бўлиб ишлашни ҳам орзу қила олмаган одам бугун шу мамлакат президенти сифатида қасамëдга келтирилди¸ дер экан Барак Обама америкаликлар ва бутун дунëни Америка орзуси қайта тирилганига яна бир бор ишонтирди.

АҚШ 44-президентини қасамëдга келтириш маросими анъанага кўра¸ яна ҳамду сано¸ Америка буюклиги учун шукроналик¸ Барак Обама¸ оиласи¸ унинг маъмурияти ва Америка ҳаққига дуо ўқиш ва АҚШ гимнини куйлаш билан якунига етди.



Қасамëдга келтириш маросими Оқ уй олдидаги байрам парадига уланиб кетди.
XS
SM
MD
LG