Линклар

Буш маъмуриятининг ижро этилмаган қарорлари музлатилади


АҚШ президенти Барак Обама аввалги маъмуриятнинг ҳали ижро этилмаган барча қарорларини музлатишга буйруқ берди.

Оқ уй меморандумида собиқ президент Жорж Буш қабул қилган барча қарорлар янги маъмурият тарафидан ўрганиб чиқилгунига қадар уларнинг бажарилиши тўхтатилиши айтилади.

Сешанба куни Вашингтонда АҚШнинг 44-президенти сифатида қасамёдга келтирилган Барак Обама бугун давлат раҳбари лавозимидаги биринчи иш кунини бошлайди ва мамлакатнинг мудофаа ва хавфсизлик идоралари раҳбарлари билан учрашиб, АҚШ қўшинларини Ироқдан тезроқ олиб чиқиш масаласини мухокама этиши кутилаяпти.

Сешанба куни бўлиб ўтган қасамёд маросимида минглаб тарафдорлари олдида сўз олган президент Обама Америка қўшинларининг Ироқдан олиб чиқилишини ваъда қилди.

Шунингдек, АҚШнинг янги президенти мамлакат фуқароларининг ҳужумларга нишон бўлишига тоқат қилмаслиги ҳақида ҳам огоҳлантирди.

Мамлакат ва ўзи олдида турган синовларнинг ниҳоятда улканлиги¸ Америка бошлаб қўйган икки урушни муваффақият билан тугаллаш зарурати¸ иқтисодий бўҳрондан чиқиш йўлини топиш эҳтиëжини тилга олган Барак Обама бугун умиднинг қўрқувдан устун эканини таъкидлади.

Америка тарихидаги биринчи қора танли президент мамлакат юз тутаётган улкан муаммолар, жумладан, Ироқ ва Афғонистондаги тинимсиз уруш ва молиявий бўхрон даврида мамлакатга раҳбарлик қилиш ваколатини қабул қилиб олмоқда.
XS
SM
MD
LG