Линклар

"Бу ҳақда гапиришга қўйишмаяпти "

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон ва Марказий Осиëда ОИТВ нинг кенг тарқалишига¸ биринчи галда¸ тиббиëт муассасаларидаги лоқайдлик сабаб кўрилмоқда.

Ўзбекистон ва Марказий Осиëда ОИТВ нинг кенг тарқалишига¸ биринчи галда¸ тиббиëт муассасаларидаги лоқайдлик сабаб кўрилмоқда.

2009 йилнинг илк кунларида Одам иммун тақчиллиги синдроми тарқалиши олдини олиш чораларига оид миллий дастурни қабул қилинган бўлса-да¸ расмий Тошкент ОИТС га оид ҳақиқий вазиятни сир тутишга уринмоқда.

2009-2011 йиллар учун мўлжалланган дастур Ўзбекистон президентининг декабр охирида имзолаган фармонига биноан қабул қилинди, дейди Ўзбекистон Республикаси ОИТСга қарши кураш маркази директорининг ўринбосари Умид Муродов.

- 2008 йил 26 декабрда президентимизнинг “ОИТС ва ОИТВнинг олдини олиш учун қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари чиқди. Шу қарорга биноан бешинчи январда бош вазир Шавкат Мирзиëев иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқди¸ дейди Умид Муродов.

Миллий дастур матни матбуотда эълон қилинганича йўқ. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигидан дастур тафсилотларини олишнинг иложи бўлмади.

Республика ОИТС марказидаги суҳбатдошимиз ҳам дастурда белгиланган мақсад-вазифалар ҳақида умумий гаплар билан чекланди.

- Энди асосан кўп нарса профилактика ишларига асосланади. Буни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш¸ ëшларга унинг нима эканлигини¸ унинг қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатиш.

Бу йиғилишда Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳам қатнашди. Бу борада уларга коллежларда¸ олий ўқув юртларида буни фан сифатида ўқитиш¸ имтиҳон олишни йўлга қўйиш учун тавсиялар берилди¸ деди республика ОИТС марказидаги суҳбатдошимиз.

Айни пайтда, мутахассислар ОИТСга оид миллий дастурнинг қабул қилинишини Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур муаммо мамлакатда жиддий тус олаётганини тан олгани ишораси сифатида талқин қилаяпти.

Ўзбекистон ҳукуматига сўнгги беш йил давомида ОИТСга қарши кураш ишлари учун 24 миллион АҚШ долларига тенг грантни берган Глобал жамғарма расмийси Валерий Чернявский, айниқса, кейинги бир-икки йил ичида вазият жиддий ташвишларга сабаб бўлди, дейди.

- Мен Соғлиқни сақлаш вазири ва бошқа мутасаддилар билан охирги учрашувларимда улар муаммонинг жиддийлигини тушуна бошлаганига амин бўляпман. Бу эса¸ албатта, ОИТСга қарши курашда кўп нарсани англатади.

Лекин шуни ҳам қайд этиш керакки, жамоатчиликнинг бу ҳаракатларга аралашуви етарли эмас. Масалан қўшни Қирғизистон ёки Қозоғистонда аҳолининг ОИТСга қарши кураш ишларига кенгроқ жалб қилинганини кўрасиз.

Айни пайтда, бу чекловларга қарамасдан, Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан 2009-2011 йиллар учун мўлжалланган миллий дастурнинг қабул қилингани ҳам ҳукуматнинг уринишлари тўғри йўналишда кетаётгани ишорасидир, дейди Глобал жамғарма расмийси.

Ўзбекистон ҳукумати билан ОИТСга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик қиладиган ташкилот вакили ҳам ҳозирча 5 январ куни қабул қилинган дастур билан яқиндан таниш эмас.

Лекин унда муаммонинг барча жиҳатлари, жумладан, ОИТС беморларининг ҳуқуқлари кафолатланиши ҳам кўзда тутилганига умид қилишини айтади.

БМТ нинг ОИТСга қарши кураш идораси маълумотларига кўра, Ўзбекистон Одам иммун тақчиллиги вирусининг тарқалиш суръатлари бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Республика ОИТС маркази ходими Озодлик билан суҳбатда бу хулосалар асоссиз эканини таъкидлади.

-Йўқ¸ йўқ. Мен буни нотўғри деб ўйлайман. Ўзбекистон мисолида ҳам бу гапларни айтиш нотўғри. Чунки Ўзбекистон мисолида жуда катта ишлар қилинаяпти.

Мен бошқа давлатларни ҳам биламан. Ўзбекистонда бошқа давлатлардан кам иш қилинмаяпти. Ҳукумат томонидан эътибор берилишининг ўзи бу катта нарса.

Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистонда ëки Туркманистонда бу борада чиққан қарорни мен шу пайтгача ҳеч қаерда кўрганим йўқ. Лекин Ўзбекистонда шу қарор чиқди.

Ислом Абдуғаниевич шунга эътибор кўрсатдиларми¸ демак халқнинг соғайиб кетишига нима бу... Касаллик кўпайиб кетаверса¸ биринчидан қараб турилмайди¸ иккинчидан ўйлаш керакки¸ нимага Ўзбекистонда кўпайса¸ қўшни давлатларда кўпаймайди¸ дейди республика ОИТС марказининг ходими.

Суҳбатдошимиз “бизда кўп бўлса, нега қўшни мамлакатларда кўпаймаяпти?”, деган ҳақлиликка даъво қилиши мумкин бўлган саволни қўйди.

Айни савол ўтган ҳафта Қозоғистон расмийларининг қилган бир баёнотини эсимизга солди.

2007 йилда Жанубий Қозоғистон вилоятида ОИТСнинг болаларга оммавий юқтирилиши билан боғлиқ воқеани изоҳлаган вилоят ҳокими ўринбосари Валихон Қайназаров касаллик қўшни Ўзбекистондан келганига ишора қилди.

Ўзбекистон ОИТС маркази бошлиғининг ўринбосари Муродов, Қозоғистон расмийсининг айбловлари асоссиз ва масъулиятсиз бўлганини айтади.

- Бу нарсадан хабарим бор. Биринчи навбатда ўша бошқарма бошлиғи бу касаллик юқиш йўлини билса¸ бунақа демаган бўларди.

Сабабики¸ Ўзбекистонга даволаниш учун келган бемор ўзининг Қозоғистонида икки-уч ой олдин қанақадир жинсий алоқада бўлган ëки бўлмаса қанақадир инекция олган бўлиши мумкин. Шунинг учун Қозоғистоннинг бу гапни айтишининг ўзи асоссиз деб ўйлайман.

Сабаби у одамнинг қандай хулқ-атворга эга эканини билмасдан¸ ундан қаерда инекция олганлигини¸ қайси хусусий шифокор қўлида даволанганини сўрамасдан¸ бир Ўзбекистонга бориб келиши билан “Сен ўша ерда укол олдинг. Бу сендан юққан” деган гапни айтишнинг ўзи нотўғри деб ўйлайман, дейди ОИТС маркази ходими.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиси Озодликка берган интервьюсида, Ўзбекистонга нисбатан илгари сурилган айбловлар хусусида буларни маълум қилди.

- Мутлақ тўғри бу айбловлар, Жанубий Қозоғистон вилоятида ОИТСнинг оммавий юқтирилиши муаммосини ўрганган мутахассислар томонидан бу факт исботланди.

Вазиятни ўрганган мутахассислар, вилоятдаги қон қуйиш станцияларини текшириб кўрганда, вилоятга қўшни бўлган Ўзбекистондан ишсизлар донор сифатида тўлов эвазига бу станцияларда қон топширгани аниқланган.

Вазият синчковлик билан ўрганилганда эса ўзбекистонлик донорларнинг аксарияти ОИТВ инфекциясининг ташувчилари бўлгани аниқланган, дейди Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили.

Глобал жамғарма расмийси Валерий Чернявский бугунги кунда бутун минтақада ОИТСга оид вазият жиддий экани ва мамлакатларнинг бир-бирини айблай бошлагани муаммонинг ҳал бўлишига ҳисса қўшмаслигини таъкидлайди.

- Муаммо Қозоғистонда ОИТВнинг оммавий юқтирилишига Ўзбекистон ёки Қирғизистондан олиб келинган инфекция сабаб бўлганида эмас. Менимча бу ҳақда гапириш бироз ахлоқсизликка киради.

Бундай воқеа нафақат, Жанубий Қозоғистон, балки Қирғизистон жанубида, ёки Ўзбекистонда Наманган ва Андижон вилоятларида ҳам содир бўлганини биласиз.

ОИТВнинг оммавий юқтирилишига оид бу воқеаларнинг барчаси касалхоналарда рўй берди. Яъни инфекция қаердан келганидан қатъий назар, унинг кенг тарқалиб кетишида¸ биринчи навбатда¸ бу беморларни муолажа қилган тиббий ходимлар масъулдир.

Айнан тиббиёт ходимларининг малакасизлиги, бир марталик шприцни бир неча марта ишлатгани, ОИТВ инфекцияси бўлган қонни беморларга қуйгани бу бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқарди.

Бугун гап инфекция Ўзбекистонникими, йўқми деган саволда атрофида бўлмаслиги лозим.

Марказий Осиё мамлакатларининг барчасида қон қуйиш тизими жуда аянчли аҳволда қоляпти. Шунинг учун асосий эътиборни бир-бирини айблашга эмас, тизимларни такомиллаштириш ва тиббиёт ходимларининг малакаси ва маданиятини оширишга қаратиш керак, дейди Глобал жамғарма расмийси.

Лекин, деб қўшимча қилади мутахассис, Қозоғистон ёки Қирғизистондан фарқли ўлароқ, Ўзбекистоннинг муаммо чиққанда, уни яширишга уриниши албатта жамоатчиликда шубҳаларни пайдо қилмай қўймайди.

Хусусан, 2007 йили Тошкент ва Андижонда, ўтган йили эса, Наманганда ОИТВнинг оммавий юқтирилиши ҳоллари, сир пардаси ортида қолиб кетди.

Тошкент, Андижон ва Намангандаги воқеаларда ўнлаб болаларга одам иммун тақчиллиги вируси юқтирилган эди.

Қозоғистон ва Қирғизистонда шунга ўхшаш воқеалар рўй берганда бу матбуотда асосий мавзуга айланган бўлса, Ўзбекистонда матбуот у ёқда турсин, воқеа қурбонларига бу ҳақда оғиз очмаслик тавсия қилинди.

Тошкентдаги воқеада ОИТВ юқтирилган болалардан бирининг онаси, шахси ошкор этилмаслиги шарти билан Озодлик радиоси билан гаплашишга рози бўлди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ўз бошига тушган кўргиликдан кейин бормаган давлат идоралари қолмаган ва бунда кўрган кечирганларидан вазият анчайин жиддийлигига амин бўлган.

- Шунақа кўпайганки¸ уни телевизорга ҳам чиқармаяпти¸ ҳеч бир журналист ҳам уни ëзиб чиқа олмайди. Ростини айтганда уни телевизорга чиқаришга ҳам қўймайди.

Мана меникининг ўлиб кетганига бир йил бўлаяпти. Мен эсимдан чиқараяпман¸ лекин бунақа аëллар тиқилиб ëтибди. Ҳаммаси ўлаяпти ўша ерда. Ўзимиз кўзимиз билан кўрганмиз.

Президентга¸ президент аппаратига чиқамиз деганларнинг ҳаммаси оëқ остида қолиб кетди. Ҳеч қаерда уларни гапиришга қўйишмаяпти¸ дейди суҳбатдошимиз.

Ўтган йили Намангандаги воқеада ҳам ўнлаб, турли манбалардан олинган маълумотларга кўра 40дан 80тагача болага ОИТВ юқтирилган эди. Бу ҳам матбуот ва жамоатчилик назаридан четда қолиб кетди.

Ўзбекистон Республикаси ОИТС маркази бошлиғининг ўринбосари Намангандаги воқеа сабаблари ўрганиб чиқилганини айтади, Озодлик билан суҳбатда.

- Бунинг сабаби аниқланмади. Бировдан қон олиб қуйиш эвазига бўлган эмас бу. Бемор бошқа жойларда¸ бошқа муассасада даволанган. Уй шароитида ҳам инъекция олган.

Ҳозир врачлар ҳам, ҳамширалар ҳам анти-санитария жойда укол қилиб кетаверишади. Ҳозирча шу сабаб деб турибмиз. Лекин айнан касалхонада юққан¸ деб айтишнинг ўзи биринчидан нотўғри. Бу исботланмаган нарса.

Ҳар хил шахсий тиббиëт муассасаларида ва уйда ўз-ўзича даволаниш оқибатида келиб чиққан деган фикр бор¸ Ўзбекистон республикаси ОИТС маркази директори ўринбосари Умид Муродов фикрлари эди.

Айтиб ўтганимиздек, Глобал жамғарма жамғармаси Ўзбекистонда ОИТСга қарши дастурлар учун сўнгги 24 миллион долларлик грант тақдим этган.

Ўтган йил Ўзбекистон ҳукумати келаси беш йил учун яна 80 миллион АҚШ долларига тенг грант олиш мақсадида сўровнома юборган эди. Лекин Глобал жамғарма бу сўровномани рад этди.

5 январ куни ОИТСга қарши кураш миллий дастурини қабул қилган Ўзбекистон ҳукумати энди шу йилнинг ёзида 80 миллионлик грантни олишга яна бир бор ҳаракат қилиб кўради.
XS
SM
MD
LG