Линклар

Умидлар пучга чиқди


Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаев АҚШ резерв банкида Қирғизистоннинг 800 миллион доллар пули борлиги тўғрисидаги гапи кўпчиликда умид уйғотганди, лекин қирғиз банкчилари бу ҳақда ҳеч нарса билмасликларини айтмоқдалар.

Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаев АҚШ резерв банкида Қирғизистоннинг 800 миллион доллар пули борлиги тўғрисидаги гапи кўпчиликда умид уйғотганди, лекин қирғиз банкчилари бу ҳақда ҳеч нарса билмасликларини айтмоқдалар.

Собиқ президент Асқар Ақаевнинг қирғиз ҳукумати ўз даврида АҚШ банкига 500 миллион доллар пул қўйгани ҳақдаги баëноти¸ Қирғизистон миллий банки томонидан инкор этилди.

Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаев қирғиз маҳаллий матбуотида чоп этилган мазкур мақоласида айтилишича, бу пул Қирғизистонга берилган қарзлар ҳисобидан тежаб қолинган.

Собиқ президентнинг ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда бу пул устамаси билан қўшиб ҳисоблаганда, 800 миллион долларга етган. Бироқ қирғиз расмийлари бу ахборотни рад этмоқдалар.

Қирғизистон Миллий банки раис ўринбосари Абдибали тегин Суйўрқулнинг билдиришича, Асқар Ақаев ўз мақоласида айтиб ўтган АҚШ Марказий банкида сақланаётган 800 миллион доллар ҳақида аниқ маълумот йўқ.

- Бу пул борлигини биз билмаймиз. Биздаги маълумотларга кўра, 1993 йилда Қирғизистоннинг 60 миллион доллар миқдорида заҳираси бўлган. 2005 йил инқилоби арафасидаги заҳира эса 400-500 миллион атрофида эди. Мен бу борада аниқ рақамларни айта олмайман, деди Миллий банк раиси ўринбосари.

Собиқ президент Асқар Ақаевнинг мақоласи жаҳон “молиявий инқирози туфайли Қирғизистон ташқи қарзларини тўлай оладими ёки иқтисодий бўҳрон туфайли хонавайрон ўлкага айланадими?” деган баҳслар авжига минган пайтга тўғри келди.

Шунинг учун ҳам собиқ президентнинг “АҚШ Марказий банкида Қирғизистон олган қарзлардан тежаб қолинган 800 миллион доллар маблағ сақланмоқда. Бу эса Қирғизистоннинг қарзи 2 миллиард эмас, 1 миллиард 200 миллион доллар дегани, холос” қабилида ёзилган мақоласини умид шуъласи қаторида қабул қилган эдилар.

Миллий банк томонидан бу маълумотнинг тасдиқланмагани эса кўпчиликнинг тарвузини қўлтиғидан туширди.

Аммо Миллий банк расмийлари умидсизликка асос йўқлигини айтмоқдалар.

- Ҳеч қандай хавотирга асос йўқ. Чунки нарх-наво кўтарилишининг авж палласи ортда қолди. Нархлар барқарорлашди ва ҳатто айрим маҳсулотлар учун жаҳон нархи арзонлади. Шунинг учун ҳам Қирғизистонда янги йилда инфлация кўрсаткичи 15 фоиздан ошмайди. Бу эса макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича мамлакат белгиланган маррага етишига умид уйғотади, деди Миллий банк раиси Марат Алапаев.

Миллий банк расмийларига кўра, Қирғизистон ташқи қарзларини тўлашга қодир мамлакат, шунинг учун мамлакат молиявий бўҳрон шароитида қарзларини тўлай олмай, хонавайрон давлатга айланиши юзасидан ташвишларга асос йўқ.

Миллий банк маълумотида айтилишича, Қирғизистон шу кунгача қарзларининг 1 миллиард 400 миллион долларини қайтариб берган. Банк заҳирасида яна 1 миллиард 224 миллион доллар маблағ сақланмоқда.

Бироқ шунга қарамай, айрим иқтисодчилар янги йилда Қирғизистон иқтисоди анча қийинчиликларга дуч келиши мумкинлигини, бу эса яна ташқи қарзларни кўпайтириши мумкинлигини айтмоқдалар.

Мутахассисларга кўра, ўтган йили қирғизистонлик меҳнат мигрантларидан мамлакатга бир миллиард доллар миқдорида пул жўнатмалари келган.

- Бу жуда катта сумма. Чунки у мамлакат ички ялпи маҳсулотининг 25 фоизини ташкил этади. Бу пул жўнатмаларининг озайиши оқибатида эса ички ялпи маҳсулот кўлами озайиб боради. Негаки одамларнинг харид имконияти камаяди, дейди иқтисодчи Рафқат Ҳасанов.

Маҳаллий матбуотда Қирғизистонга юборилаётган пул жўнатмалари миқдори камайгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.

Янги йилда молиявий инқироз туфайли пул жўнатмаларининг янада озайиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG