Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:14

Адвокат ўз ҳуқуқини ҳимоя қилмоқчи


Ўзбекистон президенти истеъфосини талаб қилиб пикет ўтказган Юсуф Жуманинг қамоқда қийноққа солинаëтгани айтилмоқда.
Ўзбекистон президенти истеъфосини талаб қилиб пикет ўтказган Юсуф Жуманинг қамоқда қийноққа солинаëтгани айтилмоқда.

Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган шоир Юсуф Жуманинг адвокати ҳозиргача ўз мижози олдига киришга рухсат бермаëтган нозирларни судга бермоқчи.

Адвокат Рустам Тўлагановнинг Озодликка айтишича, шу кунларда у Жаслиқ қамоқхонаси раҳбариятидан шикоят қилиб, судга мурожаат қилиш арафасида:

- Чекланмаган вақтда ҳимоямдаги киши олдига кириб, бирма-бир учрашишга ҳаққим бор, аммо чўзишаяпти шуни ҳам.

Ўзбекистон Республикасининг мурожаатлар ҳақидаги қонуни бор. Шу қонун талаблари бузилиб келаяпти. Шунинг учун мен мажбурман Жаслиқ раҳбариятини судга беришга.

Бу одамлар хизмат вазифасини суиистеъмол қилаётгани учун биз шундай йўл тутишга мажбурмиз, дейди Юсуф Жуманинг адвокати.

Адвокат¸ Юсуф Жуманинг кейинги пайтларда бирор-бир кишига кўрсатилмаслигига шоирга ўтказилаётган жисмоний тазйиқ ҳам сабаб бўлиши мумкинлигини айтади:

- Мен борганимда ўша ердаги одамнинг ўзи ҳам тасдиқлаганки, ҳатто биринчи маротаба Тоштурмага олиб келинганида ҳам унинг раҳбари: “буни урларинг, бу президентнинг душмани”, деб айтган экан.

Ўзбекистон Республикаси қийноқларга қарши декларацияга қўл қўйган, аммо шунга қарамасдан тазйиқлар бўлаяпти, дейди Юсуф Жуманинг адвокати Рустам Тўлаганов.

Айни пайтда Юсуф Жуманинг яқинлари ҳам шоирнинг олдига бирор кишининг киритилмаётганидан қаттиқ хавотир олаяптилар.

- Бу Жаслиқ турмасига бирор адвокат кирмаган. Бундан буён ҳам кирмайди, деб айтишган.

Рустам Тўлаганов ҳам борса, “Юсуф Жума карцерда” деб, у кишига ҳам кўрсатишмаган. Қайтариб юборган, ҳеч кимга ҳозир кўрсатишмаяпти.

Аҳволлари ҳозир қанақа, соғлиқлари қанақа - ҳеч кимнинг хабари йўқ, дейди шоирнинг рафиқаси Гулнора Олтиева.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциациясининг президенти Надежда Отаева ҳам шоир Юсуф Жуманинг олдига адвокати ва унинг яқинлари қўйилмаётгани юзасидан ўз тахминларини билдиради:

- Бу ҳодиса, шубҳасиз, Юсуф Жума билан бирор кор-ҳол содир бўлганини англатади. Балки унинг соғлиғига путур етган, ёки ҳуқуқ-тартибот органлари унинг ўзига қарши кўрсатма беришга мажбурламоқдалар.

Сўнгги пайтда озод қилинган сиёсий маҳбуслар билан бўлган мулоқотлардан бизга маълумки, уларни кўпинча авф этишни сўраб, Ўзбекистон президенти номига хат ёзишга мажбур қиладилар.

Менимча, ё Юсуф Жума ушбу хатни ёзишга ҳоли йўқ, ёки у ҳуқуқ-тартибот органларининг талабларига кўнмаётибди. Шу боис ҳам уни адвокат билан учрашишига йўл қўйишмаётган бўлишса керак, дейди Надежда Отаева.

XS
SM
MD
LG