Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:11

Ўзбеклар ичадиган сув камаяди


Тожикистонлик мутахассислар фикрича, Тожикистон фақат Норак сув омборидагина сув жамлай олади - қолган сув омборларида сувни бир кеча-кундуз ушлаб туриш имконияти бор, холос.
Тожикистонлик мутахассислар фикрича, Тожикистон фақат Норак сув омборидагина сув жамлай олади - қолган сув омборларида сувни бир кеча-кундуз ушлаб туриш имконияти бор, холос.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йил ёз мавсумида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон сув тақчиллиги муаммосига дуч келиши мумкинлигини маълум қилди.

21 январ куни кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий сув тақчиллигига оид мавзуга ойдинлик киритиш учун гапни узоқдан бошлади.

- Ўтган йил Бишкекда МДҲга аъзо давлатлар йиғилишида Ўзбекистон билан сув ва энергетикага доир ҳамкорликлар борасида икки томон учун фойдали қатор ҳужжатлар имзоланганди. Афсуски, улардан кўпи амалда бажарилмади.

Бугунги кунда сизга маълумки, Ўзбекистон орқали узатиладиган Туркманистон электри транзити батамом тўхтатилди. Шунинг учун биз мамлакат аҳолисини доимий электр билан таъминлаш мақсадида Норак ва Қайроққум сув омборларини тўла ишга солишга мажбурмиз. Яъни ҳар куни бу сув омборларидаги сувнинг 50 сантиметридан фойдаланамиз, деди Ҳамрохон Зарифий.

Тингловчига тушунарли бўлиши учун айтиб ўтиш лозимки, режадаги электрни ишлаб чиқариш учун бунга қадар ҳар куни сув омборларидаги сув сатҳи 30 сантиметрга камайиб борган.

Вазирнинг билдиришича, бундан буён сув омборларидаги сув сатҳининг камайиб бориши қарийб икки баравар ошади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонда ёз палласида сув тақчиллигига сабаб бўлади.

Вазир жаноблари юзага келаётган вазият афсусланарли эканини қайд этиш баробарида, расмий Душанбенинг бундан бошқа чораси йўқлигини таъкидлади.

- Биз бу муаммо қаршисида чорасизмиз. Чунки аҳолини қишда электр билан таъминлашимиз зарур. Туркманистондан электр узатилмаётгани учун ҳам шундай йўл тутишга мажбурмиз, дея қўшимча қилди у.

Шундай қилиб, Тожикистон қишда бўшаб қолган сув омборларини тўлдириш учун ёзда дарёлар қуйида жойлашган давлатларга сув оқимини камайтиришга бел боғлади.

Бироқ соҳа мутахассиси Ҳомиджон Орипов Тожикистон бундай имкониятга эга эмаслигини таъкидлайди.

- Агар биз қишда сув омборларидан максимум фойдаланадиган бўлсак, кейин уларни тўлдириш керак. Аммо Тожикистон бундай қила олмайди. Чунки у фақат Норак сув омборида сув жамлай олади, холос. Қолган сув омборларида сувни бир кеча-кундуз ушлаб туриш имконияти бор, холос, дейди Орипов.

Унга кўра, сув йўлини тўсиш имкониятига Қирғизистонгина эга.

Ўзбекистон туркман электрини Сардор-Қоракўл юқори кучланишли электр узатиш линияси орқали қабул қилиб олади ва ўз тармоқлари орқали Тожикистонга узатиб беради. Тожикистон бу хизмати учун Ўзбекистонга ҳар кВт/соат электр учун 0,03 цент пул тўлайди.

Сардор-Қоракўл юқори кучланишли электр узатиш линиясини таъмирлаш ишларида ўз улушини қўшишни билдирган тожик энергетиклари транзит ҳақини олаётган Ўзбекистон бу объектни ўз ҳисобидан таъмирлаши зарурлигини билдиргандан кейин у томон ҳам таъмирлаш ишларини қишда бошлаб юборганди.

Бир гуруҳ кузатувчилар тожик томонининг бугунги қарори Ўзбекистонга қасдма-қасдига қабул қилинганини билдирмоқдалар.

Аммо соҳа мутахассиси Яраш Пўлотов бу фикрларга қўшилмайди.

- Бу қўшни давлатларга қасддан қабул қилинган қарор эмас. Бу мажбурий чора. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, Тожикистон шу кунга қадар дарёлар қуйида жойлашган мамлакатларга сув узатиш мажбуриятини бажариб келган. Ўз зарарига бўлса ҳам халқаро мажбуриятларни бажарган. Аммо Туркманистон ва Ўзбекистон ўз пулимизга ҳам электр бермай қўйди, деди Пўлотов.

Айтиш жоизки, туркман электри узатилмай қўйган бир пайтда Тожикистон шимолидаги Қайроққум ГЭСида юз берган авария тожикистонликлар учун бир қатор муаммолар туғдирди.

Гарчи бу иншоот қайта тикланган эса-да, аммо у аввалги меъёрда фаолият юрита олмаётгани сабабли мамлакат жанубида ишлаб чиқарилган электр қувватининг тенг ярми Тожикистон шимолига узатилиб турибди.

Бу, ўз навбатида, республика жанубий ҳудудлари аҳолиси учун белгиланган лимит соатларининг узайишига олиб келди.
Рудакий туманида яшовчи Ойҳол аянинг айтишича, шу кеча-кундузда туман аҳолиси атиги икки соат электр олмоқда экан:

- Аввал эрталаб уч соат, кечқурун икки соат свет берар эди. Ҳозир кечқурун икки соат. Эрталаб шу ҳам йўқ. Бизга жуда қийин бўлди. Икки соатда уйларни иситиш у ёқда турсин, бир чой қайнатиб ололмаймиз, қувват паст. Газ йўқлигида шу электрни бериб туришса, яхши бўларди. Аммо нега кам свет берилаётганини ҳукумат тушунтирмайди, дейди ая.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийнинг билдиришича, расмий Душанбе келгуси йиллар Ўзбекистон ва Туркманистон электрига қарамликдан чиқиш учун Эрон билан электр олди-бердисини йўлга қўймоқчи.

Унга кўра, расмий Теҳрон бу ҳамкорликка тўла тайёрлигини билдирган.

Зарифийга кўра, айни кунларда Тожикистон-Афғонистон-Эрон юқори кучланишли электр узатиш линиясини қуришга доир тадбирлар бошланган.
XS
SM
MD
LG