Линклар

Қамоқдан келаëтган тобут кўпаймоқда

  • Сарвар Усмон

Қамоқхонадан яқинлари ўлиги келганлар ҳали нима воқеа содир бўлганини англай-англамай турибоқ¸ тобутни дарҳол дафн этишга мажбурланмоқдалар.

Қамоқхонадан яқинлари ўлиги келганлар ҳали нима воқеа содир бўлганини англай-англамай турибоқ¸ тобутни дарҳол дафн этишга мажбурланмоқдалар.

21 январ куни маълум бўлишича, 2008 йилнинг 23 ноябр куни милиция ходимлари 33 га кирган андижонлик Ҳошимжон Қодировнинг жасадини унинг яқинларига олиб келиб топширган. Марҳум ўша куни дафн этилган.

Бу ҳақда uznews.net сайти хабар қилди.

Сайтнинг маълум қилишича, Ҳошимжон Қодиров 2005 йил 13 май воқеаларида қатнашган. Фожеадан сўнг у Андижондан ташқарида, қочқинликда яшаб юрган ва 2008 йил кузида Андижондаги уйига яширинча келган.

Ҳибсга олиниб, Андижон қамоқхонасига ташланганидан сўнг роппа-роса 20 кун ўтгач, маъмурлар унинг жасадини олиб келиб яқинларига топширган.

Европада яшаётган андижонлик қочқинлардан бири Ҳошимжон Қодировни танишини айтди.

Озодлик: Сиз Ҳошимжонни шахсан таниганмисиз?

- Чиройли¸ новвой¸ халқнинг хизматини қиладиган¸ ўз бола-чақасини боқадиган нозиккина бола эдида. Маҳалламизда новвойхона очган. Одамлар нонидан олиб еб¸ баҳраманд бўлишарди.

Ҳошимжон Қодировнинг ўлими тўғрисида бу суҳбатдошимнинг хабари йўқ экан.

Маълум бўлишича, андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов марҳум Ҳошимжон Қодиров яшаган маҳаллага яқин маҳаллада яшайди. Саиджаҳон ака Ҳошимжоннинг жаноза намозида қатнашганини айтди.

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Ҳошимжон Қодировнинг ўлими ҳақида хабарим бор. Чунки у деярли қўшни маҳаллада турарди. Жанозасига¸ фотиҳаларига шахсан борганим учун хабарим бор.

Озодлик: Қачон бўлди бу воқеа?

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Адашмасам ноябр ойида бўлган эди. Ноябр ойининг ўрталари эди. Ҳозир аниқ куни эсимда йўқ.

Uznews.net сайти ҳам Ҳошимжон Қодировнинг 23 ноябр куни дафн этилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Сайтнинг ёзишича, Ҳошимжон Қодиров қийноқлар оқибатида ўлган, яъни у ўлдирилган бўлиши мумкин.

Ҳар ҳолда майитни ювганлар унинг танасида куйгандан кейин қоладиган 70тача доғ бўлганини айтишган.

Оёқ ва қўлларининг тирноқлари суғуриб олинган, биронта ҳам тиши соғ қолмаган.

Саиджаҳон Зайнобиддинов бу маълумотларни на тасдиқлай ва на инкор эта олишини билдирди.

- Ўзингиз биласиз ўзбекчиликда ота-онасининг аҳволини тушуниб савол-жавоб қилишга имконият бўлмади. Менинг билганим¸ энди кўпчиликнинг гапи бўйича бу бола қидирувда бўлган экан¸ дейди андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов.

"Жасадни олиб келган милиция ходимлари Ҳошимжоннинг ота-онасига уни иложи борича дафн қилишни, ортиқча ғалва-жанжал кўтармасликни буюришган. Гап-сўз қилиб юрсанглар ўзларинга ёмон бўлади, деб қўрқитишган", деб ёзди сайт.

Маълум бўлишича, уч гўдаги етим қолган Ҳошимжон Қодиров сўнгги ойларда қамоқда ўлган-ўлдирилган ягона андижонлик эмас.

2 сентябр куни 33 яшар Муҳаммадшокир Ортиқовнинг жасадини, 3 октябр куни 36 яшар Абдураҳмон Қўчқоровнинг жасадини қамоқхонадан уйига келтириб берганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG