Линклар

Марғилонлик аëллар норозиликка чиқди


Ўзбекистоннинг кўплаб жойларида бўлгани каби Марғилонда ҳам газ босими пасайиб кетганидан кейин шаҳарлик аёллар норозилик акциясини уюштирдилар.

Ўзбекистоннинг кўплаб жойларида бўлгани каби Марғилонда ҳам газ босими пасайиб кетганидан кейин шаҳарлик аёллар норозилик акциясини уюштирдилар.

20 январ куни марғилонлик аёллар газ ва электр таъминотидаги муттасил узилишларга норозилик билдириб, шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирини тўсиб қўйганлар.

Марғилонлик аёлларнинг норозилик намойиши милиция кўмагида тарқатиб юборилган. Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева маълум қилди.

- Keча кечқурун Марғилон шаҳар ИИБ биносига яқин жойда Марғилон шаҳрининг 20 га яқин аëли газ йўқлиги ва электр энергиясининг бир кунда бир неча марта ўчирилиши боис норозилик намойишига чиқишган экан.

Менинг эшитишимча, 20 га яқин аëллар кўчага чиқиб, ўрта йўлни тўсишган. Уларни тарқатиш учун ҳар битта аëлга икки-учтадан милиционер ташланган.

Кейин улар ҳайдаб юборилган, дейишди. Яна айтишларича, шу аëлларни олиб кетиш учун автобуслар ҳам олиб келиниб, тайëрлаб турилган, дейди Мўътабар Тожибоева.

Воқеа гувоҳларидан бири бўлган марғилонлик аёлнинг айтишича, норозилик чиқишидан кейин ҳам газ ва электр таъминотида ўзгариш бўлмаган.

- Бизнинг ëн-атрофимизда кўп қаватли уйлар бор. Ўша уйдагилар чиқишди. Кўчага чиқиб¸ йўлни тўсишибди. Кейин: “Ëрдам қиламиз” деб, уларни тинчитиб¸ тарқатиб юборишибди. Лекин ҳеч қанақа ëрдам бўлмади. Светнинг ҳам¸ газнинг ҳам аҳволи ўша-ўша, дейди суҳбатдошимиз.

Марғилонлик аёлларга кўра, табиий газ ва электр эрнегияси таъминотидаги узилишлар уларнинг доимий муаммоларига айланган.

- Газ йўқ, болам. Ҳатто чой қайнамайди. Жуда ҳам қийин. Нима қилайлик энди? Адëлларни ўраниб ўтирамиз¸ дейди марғилонлик онахонлардан бири.

- Мен Марғилоннинг Эшонгузарида тураман. Бизда газлар яхши ҳозир Худога шукур. Марғилонга қизим тушган¸ у ëқда газ йўқ¸ дейди бошқа бир суҳбатдошимиз.

- Свет бўлса¸ газ озгина милтиллаб қолади. Свет бўлмаса¸ газ йўқ. Роса қийинчилик бўлаяпти. Овқат пиширишнинг иложи йўқ. Шам ëқиб ўтирибмиз. Ҳокимиятга¸ у ëқ-бу ëққа боришаяпти. Лекин ҳеч қанақа фойдаси бўлмаяпти¸ дейди марғилонлик учинчи суҳбатдош аëл.

Айни пайтда “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси ходими Озодлик билан суҳбатда Марғилонда норозилик акцияси бўлганини инкор қилиб, шаҳарда газ таъминоти кўнгилдагидек эканини таъкидлади.

Озодлик: Кеча Марғилонда газ бўйича тўполон бўлди, дейишди...

- Йўғе.

Озодлик: Аëллар кўчага чиқди, дейишди...

- Биз Марғилонга нормалний газ бераяпмиз, опа.

Озодлик: Ҳозир мен бир неча марғилонликлар билан гаплашдим. Ҳаммаси газ йўқ, деган гапни айтаяпти.

- Салкам 1 миллион 300 минг куб метр газ олаяпти.

Озодлик: Балки бу камдир?

- Нимага кам? Ҳозир бўлиб чиқса, битта хонадонга 30 куб метрдан тўғри келади. 35 мингта квартира бор. 1 миллион 300 минг куб метр газ олса-ю¸ газ йўқ деса, энди у гапмас-да. Билмадим нимага унақа дейишаяпти... Биз газимизни бераяпмиз-ку.

Озодлик: Қаëққа бераяпсизлар?

- Шу шаҳарга. Биз бошқа ëққа бермаймиз газни. Мен ҳайронман нимага “газ йўқ” дейишади.

Озодлик: Айтмоқчисизки¸ Марғилонда газ муаммоси йўқ.

- Мен энди “йўқ” дея олмайман, лекин 1 миллион 300 минг газ берганимиз рост. Мана, қўлимда справкам бор.

Ўтган йили ҳам табиий газ муаммоси бўйича 200 га яқин марғилонлик аёл шаҳар ҳокимияти биноси олдида норозилик чиқиши қилган эди.

Ўтган қиш мавсумида газ ва электр муаммолари боис мамлакатнинг Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилоятлари аҳолиси оммавий норозилик акциясилари ўтказган эдилар.

Бу йил эса айни кўринишдаги норозилик акциялари Марғилондан ташқари Жиззах ва Қаршида ҳам ўтказилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG