Линклар

logo-print

Афғонистон йўли Ўзбекистондан ўтади

  • Фаррух Юсуфий

Афғонистондаги ўн минглаб АҚШ ҳарбийлари таъминоти ва пировард ғалабаси учун АҚШ га Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлик¸ имкони бўлса¸ ўзбек ҳаво базасига қайтиш бугун ҳар қачонгидан-да муҳим кўринади.

Афғонистондаги ўн минглаб АҚШ ҳарбийлари таъминоти ва пировард ғалабаси учун АҚШ га Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлик¸ имкони бўлса¸ ўзбек ҳаво базасига қайтиш бугун ҳар қачонгидан-да муҳим кўринади.

Биринчи иш кунида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласини муҳокама қилар экан президент Барак Обама¸ унга қўшни Ўзбекистон билан гаплашиладиган тилни белгилаб олишга мажбур.

АҚШ Президенти Барак Обама ўз сайловолди кампаниясида Оқ уйга келадиган тақдирда 16 ой ичида Ироқдан қўшинларни олиб чиқиш ва халқаро террорга қарши курашнинг асосий диққатини Афғонистонда толибон ва Ал-Қоидани тор-мор этишга қаратишини ваъда қилиб келди.

20 январ куни қасамёдга келтирилганидан кейин президент сифатида қилган биринчи нутқида ҳам, Обама бу ваъдаси устидан чиқишини таъкидлади.

- Биз масъулиятли тарзда Ироқни ўз халқи ихтиёрига топшириш ва Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатиш ҳаракатларини бошлаймиз, деди Обама.

Ироқ ва Афғонистонга оид бу баёноти шунчаки гап эмаслигининг исботи сифатида, Обама ўзининг президент сифатида биринчи тўлиқ иш кунида хавфсизлик бўйича маслаҳатчиларини тўплаб, масалага оид янги стратегияни муҳокама қиладиган бўлди.

Халқаро террорчиликка қарши АҚШ етакчилигидаги курашнинг асосий жабҳасини Афғонистонга кўчириш ҳозирча аниқ стратегияси бўлмаган янги маъмурият учун биринчи навбатда у ердаги АҚШ ҳарбий контингентини оширишни назарда тутади, демоқда таҳлилчилар.

Лондондаги халқаро муносабатлар қироллик институтининг Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси профессор Юрий Фёдоров гапиради.

- АҚШнинг Афғонистондаги янги стратегияси ҳақида гапирсак, Барак Обама ва унинг ҳарбий қўмондонлари Афғонистондаги жараёнларни қайси томонга буришини ҳозирча ҳеч ким фаҳмлаб улгургани йўқ.

Ҳозирча аниқлаб олинган қадам 1¸5 йил давомида Ироқдан олиб чиқилган қўшинлар ҳисобидан Афғонистондаги контингентни кенгайтиришдан иборатдир, дейди лондонлик таҳлилчи.

2005 йилгача Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари таъминотининг каттагина қисми Ўзбекистон орқали амалга оширилган.

Андижон воқеаларидан кейин собиқ президент Жорж Буш маъмурияти Қарши-Хонобод базасидан мосуво қилинди ва қўшинлар таъминоти, асосан ҳарбий ускуна ва қурол-аслаҳаларнинг 75 фоизи Покистон орқали транзит қилина бошлади.

Кейинги бир йил давомида Покистондаги жангарилар мамлакат ҳудудидан ўтадиган АҚШ юкларига ҳужумларнинг шиддатини оширди ва Афғонистондаги операцияларнинг боришида қийинчиликлар пайдо бўла бошлади.

Айни вазиятда, Обама чоршанба куни ўтказаётган хавфсизлик кенгаши мажлисида, Афғонистондаги қўшинлар таъминоти учун муқобил транзит йўллар масаласини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Афғонистонга борадиган муқобил йўллар эса Марказий Осиёдан ўтади, бу йўлларнинг АҚШ ва НАТО учун энг қулайи Ўзбекистондан ўтади, демоқда ҳарбий таҳлилчилар.

Москвалик ҳарбий шарҳловчи Павел Фельгенҳауэр янги Оқ уй маъмурияти учун Ўзбекистоннинг аҳамияти ошади, деб башорат қилаётганлардан бири.

- Албатта, мавжуд вазиятда Ўзбекистон муҳим рол ўйнай бошлайди. Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинлари сони ошиб борар экан, уларнинг таъминоти ҳам ошиб боради.

Покистондаги муаммоларни инобатга олсак, Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатларнинг аҳамияти ошишини билиб олиш қийин эмас.

Бу ҳақда ҳафта бошида Марказий Осиё давлатларига қилган сафари чоғида АҚШ марказий штаби қўмондони Дэвид Петреус ҳам қайта-қайта таъкидлади. У Россия, Каспий бўйи давлатлари ва Марказий Осиё орқали транзитни йўлга қўйиш эҳтимоллари ҳақида гапирди.

Лекин охир-оқибат бу йўлларнинг барчаси Ўзбекистонга келиб туташади ва бу мамлакат транзит йўлидаги Афғонистонга бевосита туташ бўлган бўғин бўлиб қолади.

Ҳозир Ўзбекистон немислар ва французлар томонидан транзит йўл сифатида ишлатилмоқда.

Ўзбекистоннинг охир-оқибат АҚШ ҳарбий юклари учун транзитнинг ҳам асосий йўналиши бўлиб қолиши турган гап, дейди москвалик ҳарбий таҳлилчи.

21 январ куни Обама Оқ уйга чақирган мажлисда АҚШ Марказий штаби қўмондони Дэвид Петреус ҳам қатнашади.

Петреус ўтган ҳафта охири ва жорий ҳафта бошида Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистонга сафар қилди. Бироқ бу гал Ўзбекистон Петреус сафари доирасига кирмади.

Ҳарбий таҳлилчи Фельгенҳауэр, бунинг сабаби Петреуснинг Тошкентга сафари аввалдан тайёрланмаганлигидан бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурмоқда.

Лондонлик таҳлилчи Фёдоров эса, балки Петреус 21 январ кунги мажлис ўтиб олишини кутиб тургандир, Обама маъмуриятидан Тошкентга аниқ мужда олиб келмоқчидир, демоқда.

Бундан ташқари, дейди профессор Фёдоров, 22-23 январ кунлари Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг Тошкентга давлат ташрифи режалаштирилган ва Вашингтон айнан бу ташриф натижалари нима бўлишини кутаётган бўлиши мумкин.

- Президент Каримов ўзига хос равишда қандайдир кутилмаган қарорларни қабул қилиши мумкин. Вашингтондагилар Москва ва Тошкент етакчиларининг учрашуви нима билан тугашини кутиб тургани эҳтимолдан холи эмас, дейди профессор Фёдоров.

Барак Обама сешанба куни қасамёд қилиб бўлгач, ўз президентлиги даврида Американинг демократия ва озодлик қадриятларига содиқ қолажагини ваъда қилди.

Лекин таҳлилчилар, демократия ва инсон ҳуқуқларини поймол этгани учун Ғарбда танқид қилинадиган Каримов ҳукумати билан муносабатларда Обама учун бу қадриятларни хавфсизлик масалаларидан устун қўйиш мушкул бўлади, деган фикрда.

- Афғонистондаги вазият мураккаблашиб борар экан Ўзбекистоннинг у ердаги операциялар учун аҳамияти ҳам ошиб боради ва Вашингтоннинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига кўз юмишдан бошқа иложи қолмайди¸ дейди Лондондаги халқаро муносабатлар қироллик институти профессори Фёдоров.
XS
SM
MD
LG