Линклар

Обама: Америкада ошкоралик даври бошлади


АҚШнинг янги президенти Барак Обама мамлакатда ошкоралик даври бошланганини эълон қилди.

- Узоқ вақт давомида бу шаҳар сирларга тўла эди. Америка халқига ниманидир гапирмаслик учун ўзини оқловчи сабаб бўлмаса, у жамоатчиликка очиқланмасди. Бу давр энди ортда қолди. Бугундан бошлаб, маъмуриятимиз ахборотни жамоатчиликдан яширувчилар тарафида эмас, балки ошкоралик тарафида эканини ҳар бир идора ва департамент билиши керак, - деб айтди.

Президентлик ваколатининг дастлабки кунида Обама ҳукуматдаги ошкоралик ва шаффофлик даври бошланганидан дарак берувчи бир қанча ўзгаришларга қўл урган ҳам.

Жумладан, Оқ уйнинг янги раҳбари маъмуриятнинг етакчи ходимларига тўланадиган маошларнинг қисқартирилиши ёки ўзгаришсиз қолдирилиши, ходимларнинг совға-саломларлар олишини таъқиқловчи қарорларни имзолаган.

- Бугунги иқтисодий қийинчиликлар даврида оилалар белбоғларини қаттиқроқ боғламоқдалар, демак Вашингтон ҳам шундай қилиши керак. Айнан шу мақсадда мен Оқ уйдаги ўз ходимларимнинг ойлик-маошларини музлатишга қарор бердим, - деди президент Обама.

Шунингдек, Барак Обама буйруғи билан террорчилик ҳужумларига алоқадорликда гумон этиб ушланган ва Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган шахслар устидан маҳкамалар ҳам вақтинча тўхтатилган.

2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан кейин ташкил этилган Гуантанамо қамоқхонасидаги вазият боис АҚШ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тарафидан тарафидан танқид қилиб келинган.

Европа Иттифоқининг мартабали расмийларидан бири Ховьер Солана Гуантанамо тутқунлари муаммоси юзасидан шундай деди.

- Гуантанамо муаммоси Американинг ички муаммосидир. Биз бу масаланинг тезроқ ҳал этилишини хоҳлаяпмиз ва АҚШ янги маъмуриятининг ҳам хоҳиши шу. Бу муаммонинг тез ечилиши учун ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, - деди Ховьер Солана.

Ҳозир Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган маҳбусларга оид 20 дан зиёд иш мавжуд ва 11 сентябр ҳужумларини уюштиришда гумон қилинган беш киши устидан маҳкама чоршанба куни давом эттирилиши кўзда тутилган эди.
XS
SM
MD
LG