Линклар

Янги президентнинг дастлабки фармонлари


АҚШ президенти Барак Обаманинг бугун Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасини бир йил ичида ёпишни назарда тутувчи фармойишга қўл қўйиши кутилмоқда.

Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигининг билдиришича, ушбу фармойишда қамоқхона маҳбусларига нисбатан олиб борилаётган барча маҳкама жараёнларини вақтинчалик тўхтатиш топшириғи ҳам бор. Бундан ташқари Обама маҳбуслар шароитини қайта кўриб чиқиш ва уларга нисбатан қийноқлар қўлланилишини маън этувчи ҳужжатни ҳам имзолайди.

Барак Обама ўзининг сайловолди кампаниясида Гуантанамодаги қамоқхонани ёпиш ниятида эканини бир неча бор таъкидлаган эди.

Ҳозирда бу ҳибсхонада терроризмга алоқадорликда гумон қилиниб, жами 250га яқин маҳбус сақланмоқда.

21 январ куни давлат раҳбари лавозимидаги биринчи иш кунини бошлаган Барак Обама мамлакатда ошкоралик даври бошланганини эълон қилди. Шу куни АҚШ янги президенти мудофаа ва хавфсизлик идоралари раҳбарлари ҳамда иқтисодий маслаҳатчилари билан учрашди.

Шунингдек, чоршанба куни Сенат АҚШ давлат котиби лавозимига тақдим қилинган сенатор Ҳиллари Клинтон номзодини кўпчилик овоз билан тасдиқлади.

Эндиликда Ҳиллари Клинтон АҚШ Давлат котиби сифатида расман ишга киришди.


XS
SM
MD
LG