Линклар

logo-print

Уламолар тутқунлар ҳимоясига чиқди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон жанубида таниқли бўлган дин олими Эшони Саиджоннинг таъкидлашича, тожик жамиятида бесаранжомлик келтириб чиқарганликда айбланиб¸ узоқ йиллар қамоққа ташланганларнинг кўпчилиги бегуноҳ ёки ўз собиқ қўмондонларининг найранглари қурбони бўлганлар.

Тожикистон жанубида таниқли бўлган дин олими Эшони Саиджоннинг таъкидлашича, тожик жамиятида бесаранжомлик келтириб чиқарганликда айбланиб¸ узоқ йиллар қамоққа ташланганларнинг кўпчилиги бегуноҳ ёки ўз собиқ қўмондонларининг найранглари қурбони бўлганлар.

Тожикистон уламолари 2009 йил мамлакатда Имоми Аъзам йили эълон қилиниши муносабати билан сиёсий маҳбусларнинг озодликка чиқарилишини сўраб, президентга очиқ хат билан мурожаат қилдилар.

Уламоларнинг бу мурожаатига Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги 1-қамоқхонада сақланаётган маҳбуслар қамоқхона шароитидан норозилик билдириб, тожикистонлик дин уламоларига хат йўллагани сабаб бўлган.

Тожикистон муфтийси ўринбосари Эшон Саиджони Сорбонхўжа қўлига келиб тушган хатга 1350 нафар маҳбус имзо чеккан.

Хатда маҳбуслар қамоқхонадаги аҳволнинг ёмонлиги, нозирлар томонидан ўзларига ғайриинсоний муносабат бўлинаётгани ҳақида баён қилганлар.

- Хат муаллифларининг аксарияти Тожикистондаги фуқаролар уруши чоғидаги собиқ мухолифат аъзолари ва уларга қарши жанг қилган Халқ фронти вакилларидир.

Хатда таъкидланишича, айнан мухолифат аъзоси бўлгани учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилганлар ўтган 18 йил мобайнида бирор марта ҳам авф этилмаган, дейди эшони Саиджон.

Суҳбатдошимиз хат муаллифларининг фуқаролик уруши чоғида қилган барча ноқонуний қилмишларидан пушаймон эканликларини билдирди.

- 2009 йил президентимиз ташаббуси билан “Имоми Аъзам йили” деб эълон қилинди. Бу жуда яхши фикр. Шуни назарга олган ҳолда, жорий йилда ҳукумат Ислом дини аҳкомларига мувофиқ амалларни кўпроқ бажарса, дуруст бўлар эди.

Маҳбусларни авф этиш Тожикистоннинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги нуфузини оширади. Айни пайтда қамоқхоналарга қолаётган маҳбуслар орасида араб, инглиз тилини мукаммал биладиган кишилар, олимлар бор, дейди муфтий ўринбосари.

Эшони Саиджон гуноҳкорларни кечириш ва уларга ўз хатоларини тузатиш учун имконият бериш Худо севган амаллардан эканини айтади.

- Қамоқдагилар қандай азобдалигидан биз яхши хабардормиз. Шунинг учун ҳар жума намозларида уларнинг ҳақига дуолар қиламиз. Токи улар дунёвий азоблардан тезроқ қутилсин, дея қўшимча қилади Эшони Саиджон.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Хатлондаги намояндалари ҳам Рамазон ойида ҳукуматдан собиқ мухолифати аъзолари сифатида қамоқхоналарга ташланган фуқароларни авф этишни сўраган эдилар. Бироқ маълумотларга кўра, расмийлар уларнинг илтимосини эътиборга олмаганлар.

Тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг билдиришларича, республика қамоқхоналаридаги вазият ҳамда маҳбусларга муносабат халқаро меъёрлар талабига жавоб бермайди.

Уларга кўра, камераларнинг захлиги ва овқатлар сифати пастлиги сабабли маҳбуслар орасида силга чалинганлар сони ортмоқда.

Айрим норасмий маълумотларга кўра, сил касалининг сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган маҳбусларга қасддан юқтирилиши ҳолатлари ҳам қайд этилган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси тарқатган маълумотларга кўра, республика қамоқхоналарида сил касаллигига чалинган тахминан 960 нафар ва ОИТС вирусини юқтирган 87 нафар қайдга олинган. Қамоқхонада вафот этаётганларнинг кўпи шу иллатга чалинганлар экани таъкидланади.

Тожикистон Ички ишлар собиқ вазири, айни пайтда сиёсий айбловлар билан мамлакат миллий хавфсизлиги қўмитасига тегишли вақтинча сақлаш изоляторида сақланаётган Ёқуб Салимовнинг яқинлари ҳам жуда кўп марталаб президент номига хат йўллаб, унга белгиланган жазо енгиллаштирилишини сўрагандилар.

- Суд ҳукми билан бизга Ёқубни ҳар уч ойда кўришимиз керак. Аммо олти ойлаб уни кўриш имкони берилмайди.

Бугун биз ҳукумат сиёсий ва диний айб билан қамалганлар, хусусан, фуқаролар уруши чоғида у ёки бу гуруҳга аъзо бўлгани учун озодликдан маҳрум этилганларни, гарчи уларнинг аксарияти туҳмат ва сохта айбловлар билан қамалган ва шахсий хусумат қурбонлари бўлгани тайин эса-да, авф этмаслигига ишонч ҳосил қилдик, дейди собиқ вазирнинг укаси Аминжон Салимов.

Тожикистон ҳукумати мустақиллик йилларида 12 маротаба “Авф тўғрисидаги қонун” қабул қилди. Бироқ тожик мухолифат аъзоларидан бирортаси шу қонунлар доирасида амнистияга тушмаган.
XS
SM
MD
LG