Линклар

logo-print

Аъзам Турғунов “борса келмас”да эмас


Мухолифатчи ва инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Турғунов¸ Ўзбекистондаги сиëсий маҳбуслар рўйхатига қўшилган сўнгги қурбонлардан бири.

Мухолифатчи ва инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Турғунов¸ Ўзбекистондаги сиëсий маҳбуслар рўйхатига қўшилган сўнгги қурбонлардан бири.

Айрим веб-нашрлар 10 йилга қамалган ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновнинг қаерда экани номаълумлиги ҳақида ёзар экан¸ Озодлик ҳуқуқ фаоли тақдирига ойдинлик киритишга уринди.

Аъзам Турғуновнинг рафиқаси Мўътабар Турғунова Озодлик билан суҳбатда эрининг қайси қамоқхонага жўнатилгани борасида ҳеч қаердан маълумот ололмаётгани ҳақида гапирди.

- Қаердалигини топа олмаяпмиз. Адвокатга айтсам, “билмайман”, деяпти. Яна бир марта Нукусга бориб кела олмайман. Нукусга охирги марта ўша охирги судда бориб келгандим.

Озодлик: Шундан бери ҳеч қанақа маълумот йўқми?

- Йўқ¸ ҳеч қанақа маълумот йўқ.

Аъзам Турғунов билан боғлиқ маҳкама жараёнларини бевосита кузатиб келаётган мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова ҳам ҳуқуқ фаолининг қаердалигидан бехабар:

- Ҳаммамиз хавотирдамиз. Қаердалигини билмаяпмиз. Адвокат ҳам унинг қаерда эканлиги тўғрисида аниқ гап айтгани йўқ. Нукусдан олиб кетилган. Лекин қаерга этап қилинганини билмаймиз. Мана, Солижоннинг Қаршида эканлиги маълум бўлди.

Дилором Исҳоқова ҳам¸ Аъзам Турғуновнинг оила аъзолари ҳам ҳуқуқ фаоли Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасига жўнатилган деган бир хил тахминни илгари суришади:

- Шунақа гап бўлаяпти. Адвокат Аъзам аканинг аëлига: “Эрингизни борса келмасга жўнатди”, деганмиш. Борса-келмас бу Жаслиқда. Жаслиқ жойлашган жойнинг олдинги номи борса-келмас.

Аъзам Турғуновнинг жамоатчи ҳимоячиси, Қорақалпоғистонда яшовчи Робия Ўтамуродова билан боғлана олмадик.

Аъзам Турғунов сақланаётган Манғитдаги тергов изоляторидан ҳам маълумот олиш имкони бўлмади.

Аммо ҳуқуқ фаолининг адвокати Рустам Тўлаганов Аъзам Турғуновнинг қаерда эканини билишини айтди.

- Аъзам ака Турғунов ҳозир Навоийда.

Озодлик: Қачон жўнатилган?

- Ўша апелляциядан кейин. Менимча, 10 январдан кейин жўнатишган.

Озодлик: Жаслиққа жўнатилди, деган гап ëлғонми?

- Йўқ¸ Жаслиққа жўнатилмаган. Ҳозир Навоий вилоятида.

Аъзам Турғунов ўтган йилнинг 11 июл куни нукуслик бир фуқародан 20 миллион сўм пора талаб қилганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган эди.

23 октябр куни Амударё туман суди Аъзам Турғуновга нисбатан 10 йиллик қамоқ жазоси белгилаш бўйича суд ҳукмини эълон қилди.

11 декабрда Қорақалпоғистон Олий суди ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновга нисбатан белгиланган дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
XS
SM
MD
LG