Линклар

logo-print

Нафақалар ўзгарадиган бўлди


Нафақа белгилашнинг янги тартиби¸ совет замонидаги иш стажига қўшиб¸ ўн минглаб кексаларнинг бир умрлик меҳнатини ҳам йўққа чиқариши мумкин.

Нафақа белгилашнинг янги тартиби¸ совет замонидаги иш стажига қўшиб¸ ўн минглаб кексаларнинг бир умрлик меҳнатини ҳам йўққа чиқариши мумкин.

2009 йилнинг январ ойидан бошлаб Ўзбекистонда кучга кирган нафақани белгилашнинг янги тартиби аксар нафақахўрлар норозилигига сабаб бўлиши мумкин.

Янги тартибга мувофиқ, фуқарога ёш бўйича бериладиган нафақани белгилашда унинг совет даврида ишлаган иш стажи ҳисобга олинмайди.

Бундан буён Ўзбекистонда нафақа фақат фуқаро иш стажининг сўнгги 10 йили муддати бўйича ўртача иш ҳақи меъёрида белгиланадиган бўлди.

Мавзуни ёритиш асносида Ўзбекистондаги кўпчилик нафақахўрларнинг нафақа белгилашнинг янги тартибидан хабар йўқлиги маълум бўлди. Чунки кўпчилик суҳбатдошларимиз бундай расмий кўрсатма чиққанидан буён ҳали нафақа олмаганлар.

Бироқ тошкентлик Ойдин опа бундай ўзгаришдан озроқ бўлса ҳам хабардор.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у 40 йиллик иш стажига эга бўлиб, Ўзбекистонда сўнгги маротаба ойлик маошлар ва нафақалар оширилганидан буён 177 минг сўм, яъни 127 АҚШ доллари миқдорида нафақа олади.

Ўз нафақасининг коммунал хизмат, дори-дармон ва бозор-ўчарга базўр етиши ҳақида гапирган Ойдин опа янги қонун кучга киргач, нафақахўрларнинг ҳолига вой бўлишини айтади:

- Ҳаддан ташқари ёмон аҳволга солиб қўяди пенсионерларни. Қанақа қилиб шунча йил қилган меҳнатини ўчириб ташлайди? Қонун бўйича бу нотўғри-ку. Ҳеч қайси бир давлатда йўқ бу нарса, ҳеч қайси давлатда.

Сиқилиб кетаяпман ҳозир мен. Меҳнат қилдими – демак, ўша меҳнат даври иш стажига кириши шарт. Бу қанақадир бир душманнинг иши. Ҳозирнинг ўзида нафақахўрларга берилаётган пул жуда кам.

Ўзбекистон нафақахўрларни жуда ёмон аҳволга солади, ўзи қашшоқ эди, бундан буёнга яна қашшоқлашади, дейди Ойдин опа куйиниб.

Тошкент шаҳрининг энг катта туманларидан бири бўлган Юнусобод туман ижтимоий таъминот бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Муқаддас Турсунова билан боғланганимизда, у киши бизга нафақахўрлар ҳуқуқи бузилаётгани ҳақидаги иддаолар ўринсиз эканини айтди:

- Нафақа белгилашда фуқаронинг сўнгги 10 йиллик иш стажидан 5 йили бўйича унинг ўзи истаган маоши олинади. Ана шу муддат ўртача иш ҳақи асосида ҳисобланиб, унга нафақа белгиланади, деди Муқаддас Турсунова.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев эса ўзбекистонликларнинг сўнгги 10 йилликдаги маош уларнинг совет даврида олган маоши билан тенглашмаслиги мумкинлигини қайд этади.

- Ҳақиқатдан ҳам ҳозир кўпчилик фирмаларда ишлайди. У ерда эса қўлига бошқа маош берса, ведомостга бошқа маош ёзилади, чет эл фирмаларида эса долларда ҳақ тўлашлари мумкин. Бу ҳам расмий бўлмаслиги мумкин.

Демак, пенсияга чиқаётган одам расмий қоғозлар бўйича авал белгиланган пенсияга нисбатан жуда кам нафақа олиши мумкин, дейди таҳлилчи.

Бу эса совет даврида кўп маош олиб, кейинги 10 йилликда ведомост бўйича кам ойлик олаётганларнинг норозилигига сабаб бўлади.

Ўзбекистонда нафақа белгилаш бўйича киритилган ўзгартишлар давлат бюджетидан нафақа олувчиларга ажратиладиган пулнинг қарийб 30 фоизини тежаб қолиши айтилаяпти.

Нафақадаги суҳбатдошимиз Ойдин опа расмий идоралар кўраётган бундай чора аслида халқ манфаатига қарши юритилаётган сиёсат эканини таъкидлайди:

- Аёл кишига 20 йиллик стаж, яна ортиқча ишласа, унинг ҳар бир ишлаган йилига бир фоиздан қўшиб, кейинчалик 2 фоиздан қўшиб бориларди. Ҳозир эса бунақа фоизлар ҳам йўқ.

10 йил узлуксиз бир жойда ишлаши керак экан, ўша 10 йилликдан 5 йиллигини нафақа олиш учун ажратилар экан. Албатта бу нотўғри, инсон қанча меҳнат қилмасин - ҳаммасини ювиб кетади. Ҳар томонлама давлат ўз фойдасини кўзлаяпти, халқ фойдасини эмас, дейди Ойдин опа.

XS
SM
MD
LG