Линклар

logo-print

Ғордаги ўзбеклар музлаш арафасида

  • Алишер Сиддиқ

Эроннинг айрим ҳудудларида ғорлар ичига қурилган лой уйларда яшаëтган оилалар бор¸ афтидан ўзбекистонлик қочқинлар ҳам ҳозирда шу каби ғорларда жон сақлашмоқда.

Эроннинг айрим ҳудудларида ғорлар ичига қурилган лой уйларда яшаëтган оилалар бор¸ афтидан ўзбекистонлик қочқинлар ҳам ҳозирда шу каби ғорларда жон сақлашмоқда.

"Эрон тоғларида ўзбек қочқинларининг болалари совуқдан қақшамоқда." Шу сўзлар битилган мурожаат давомли лоқайдликни бузиш илинжида халқаро ташкилотларга юборилди.

22 январ куни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир қатор ташкилотлар Эрондаги ўзбек қочқинлари тақдиридан хавотир битилган қўшма мурожаатни БМТ нинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Антонио Гутерришга юборди.

Гап 90-йиллар ўрталаридан бошлаб сарсон-саргардонлик изтироблари тугамаётган 30 га яқин ўзбек қочқини ҳақида бораётир.

Ўзбекистонда исломий гуруҳ аъзолари сифатида муқаррар таъқиб таҳдид солаётган бу қочқинларнинг ёш болалари билан ҳаво ҳарорати -10 дан кўтарилмайдиган Эрон шимоли-ғарбидаги ғорларда яшаётгани маълум бўлди.

Бу қочқинларнинг уч нафари эмизикли гўдак, 15 нафари вояга етмаган болалар, 6 нафари эса аёллардир.

Уларга фавқулодда ёрдам берилишини сўраб БМТ га мурожаат қилганлардан бири - қароргоҳи Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциациясининг раҳбари Надежда Атаева гапиради.

- Уларнинг вазияти гуманитар ҳалокатга яқин десам¸ муболаға бўлмайди. Улар одам боласи тоқат қилиши қийин бир шароитда яшамоқда. Ёзги ғорларда улар музлаб қолишаяпти.

Уларнинг ейдиган овқати ҳам деярли йўқ. Улардан бири бизга бир амаллаб телефон қилиб, қарийб икки дақиқа давом этган суҳбат давомида, бизни одам демасангиз ҳам, болаларимизни қутқариб қолинглар деб йиғлаб- ёлворди¸ дейди Надежда Атаева.

Асли Фарғона водийсидан бўлган ушбу қочқинлар Ўзбекистонда диндорларни таъқиб этиш авж олган 90- йилларда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлиб, Тожикистондаги Ўзбекистон Исломий ҳаракатига қарашли лагерга қўшилишдан ўзга чора топмадилар.

Маълум муддатдан сўнг улар Афғонистон, у ердан Покистон орқали Эронга қочиб келишади ва БМТ нинг қочқинлар идорасидан сиёсий бошпана сўрашади.

Эронда ҳимояга муҳтож қочқинлар сифатида рўйхатга олинган бўлсалар ҳам¸ эркакларга ишлаш ҳуқуқи берилмади, болаларни эса мактабга олишмади. Эрондаги қочқинлар идораси уларни учинчи давлатга кўчириш борасида қайғургани ҳам йўқ.

Ниҳоят¸ 2007 йил сентябр ойида хўрланган бу ўзбекистонликлар гуруҳи Туркиянинг Ван шаҳарчасига келади ва дарҳол БМТ га мурожаат қилади. Роппа -роса бир йилдан сўнг турк полицияси уларни зўрлик билан мамлакатдан чиқариб юборади.

- Уларни куч билан полиция машинасига босишди, ваҳшийларча калтаклаб, сим карталари ва ҳужжатларини йиртиб ташлашди.

Ҳеч қандай ҳужжатсиз бу одамлар тоғларда вақтинча қўним топдилар ва ҳамон ўша ерда қолишмоқда.

Бу вазиятга БМТ нинг қочқинлар ишлари бўйича комиссарининг аралашуви мутлақо зарур деб ҳисоблаймиз¸ дейди Франциядаги ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ҳозирда ўзбек қочқинларининг ишини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи етакчи ташкилотлар кузатиб бормоқда.

Ҳюман Райтс Уотч ва Халқаро амнистия ташкилоти ҳам улар ҳимоясига қўшилган.

Шунингдек БМТ га йўлланган сўнгги мурожаат остига Франция, Россия ҳамда Норвегиянинг етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўз имзосини қўйди.

Бироқ ҳозирча қочқинларнинг ишида бирор ижобий ўзгариш кузатилмади ва бунинг боисини Надежда Атаева шундай изоҳлайди.

- Уларни¸ эҳтимол¸ исломчилар қаторига қўшишаяпти. Чунки улар ўз вақтида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг таркибида бўлишган.

Лекин вақт шуни кўрсатаяптики, бу одамлар оддий тинч мусулмонлардир ва мазкур ташкилотга мажбур бўлганликларидан аралашиб қолишган¸ дейди Надежда Атаева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG