Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:58

Мардикорга қараб қолган пуллар


Маҳаллий валюталарнинг тез суръатда қадрсизланиши¸ саррофларга ҳам қўшимча иш туғдирмоқда- алмашинув рўйхати ҳар кун қолиб¸ кунига бир неча марта ўзгарадиган бўлиб бормоқда.
Маҳаллий валюталарнинг тез суръатда қадрсизланиши¸ саррофларга ҳам қўшимча иш туғдирмоқда- алмашинув рўйхати ҳар кун қолиб¸ кунига бир неча марта ўзгарадиган бўлиб бормоқда.

2009 йил январи якунига етмай турибоқ, уни Марказий Осиё пулларининг асосий валюталар¸ хусусан АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиш ойи бўлди, дейиш мумкин.

Девальвация суръати минтақанинг бир мамлакатида сустроқ, бошқасида жадалроқ кечмоқда. Лекин миллий валюталарнинг қадрсизланиши жорий ойда минтақанинг барча мамлакатлари учун тенденцияга айланиб улгурди.

Қозоғистон тангасининг девальвация суръати қўшни валюталарникига қиёслаганда сустроқ.

22 январ куни пул алмаштирган чимкентлик йигит мана бундай деди:

- Бугун мен доллар олдим. Кейинги 2 йил ичида 122 танга 1 доллар бўлаëтган эди. Ҳозирги кунда 122 танга 35 тийин. Яъни доллар 35 тийинга қимматлашди.

Озодлик: Демак¸ ўзгариш сезиларли эмас.

- Йўқ¸ биз учун сезиларли эмас. 35 тийин бу ҳеч қанақа рол ўйнамайди.

Лекин бу қозоқ тангаси яқин келажакда хавфдан холи деганга ўхшамайди.

"Kazakhstan Today" ахборот агентлигининг 22 январ кунги хабарига қараганда, президент Назарбоев Миллий банк янги раиси Григорий Марченкога глобал молиявий инқирознинг мамлакат молия тизимига салбий таъсирини бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўришни буюрган.

Қирғизистоннинг сўми қадрсизланишини ҳам ҳозирча жадал, деб бўлмайди. 22 январ куни Бишкекдаги саррофлар бир долларни ўртача 40 сўм 40 тийиндан сотдилар.

Сўнгги бир неча ой ичида 1 доллар тақрибан 39 сўмга тенг бўлиб турган эди.

Лекин қирғизистонлик иқтисодчи Айилчи Сарбаев қирғиз сўми яқин келажакда барқарор туради, деган фикрдан йироқ.

- Яқин ойлар ичида 1 АҚШ доллари 50 қирғиз сўмига тенг бўлиб қолиши мумкин, дейди қирғизистонлик иқтисодчи.

Ўзбек сўмининг январ ойидаги девальвация суръати қозоқ тангаси ва қирғиз сўми қадрсизланишидан жадалроқ кечмоқда.

Мана 22 январ куни Наманганда шаклланган нарх.

- Шу бугун 163 экан.

Озодлик: Демак¸ юз доллар...

- 163 минг сўм.

Озодлик: Бир ҳафта олдин қанча эди?

- Бир ҳафта олдин 152 минг сўм эди.

Тўғри, бундан 9 кун аввал ҳам 1 долларни 100 сўм арзонроққа сотиб олиш мумкин эди. Бир андижонликдан 13 январ куни мана бу маълумотни олган эдик.

Озодлик: Бугунги нарх қанақа бўлаяпти?

- Ҳозир 152 мингга алмаштириб келдим. Бу деганим 100 доллар 152 минг сўм¸ деган эди бир андижонлик.

Йил бошида бир АҚШ доллари тақрибан 1400 сўм турганини эсласак, 22 кунда сўмнинг қарийб 15 фоизга қадрсизланганини кўрамиз.

Манзара тўлиқ бўлиши учун шуни айтишимиз керакки, Ўзбекистон бўйича келтирилган маълумотлар оддий ўзбекистонликлар учун реал бозор – қора бозор нархларидир.

Ўзбекистон республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки сайтида 22 январ куни "1 АҚШ доллари 1398 сўм, 37 тийин", деган маълумот турди. Лекин бу нархда банк "чет эл валютасини сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаслигини" ҳамма билади.

Тожик сомонийси январ ойида анча жадал қадрсизланиб бормоқда.

Ҳар ҳолда бир тожикистонлик тингловчимиздан мана бу маълумотларни эшитдик.

Бахтиëр ака: Ҳозир сомоний долларга нисбатан пасайиб кетаяпти. Расман 360 деб эълон қилинган¸ лекин 375 га ҳам топилмаяпти.

Озодлик: 360 нима дегани? 360 сомонийга қанча доллар...

Бахтиëр ака: 360 сомонийга 100 доллар олиш мумкин эди. Лекин ҳозир 375 сомонийга ҳам 100 доллар топмайсиз. Ўша доллар алмаштириш нуқталарида доллар йўқ.

Озодлик: 360 лик курс қанча вақт сақланиб турган эди?

Бахтиëр ака: Ноябр ойида 340¸ 342 эди.

Озодлик: Мана ҳозир 375 га ҳам йўқ деяпсиз. Бунинг боиси нимада?

Бахтиëр ака: Россияда меҳнат қилаëтган меҳнат муҳожирлари жўнатаëтган маблағлар кундан-кунга камайиб кетаяпти.

Озодлик: Шу кетишда қанчага тушиб кетиши мумкин?

Бахтиëр ака: Бу ердаги маҳаллий кузатувчиларнинг айтишига қараганда бир ойнинг ичида 400 га етиб бориши мумкин.

Минтақа мамлакатлари валюталари қадрини чет ўлкаларда ишлаб юрган меҳнат мигрантлари кўтариб тургани тўғрисида кўп гапирилган, бугун такрорлаб ўтирмоқчи эмасмиз.

Тўхталмаганимиз биргина мамлакат – Туркманистон қолди. Бу мамлакат ўз пулини яқинда деноминация қилди. 5000 манат бир манат бўлди. Бир АҚШ доллари шу кунда 2 манату 85 тийинга тенг. Бироқ бу расмий курс.

Туркманистон ўзига хос ва ўзига мосликда қўшниларини ҳам чангда қолдириб кетадики, манат тўғрисидаги гапларни бошқа эшиттиришга қолдириб турамиз.
XS
SM
MD
LG