Линклар

"Фитна" муаллифи айбланди

  • Фаррух Юсуфий

Герт Вилдерс маҳкама ҳукмини радикал мусулмонлар тантанаси ва Европа жамиятида ҳам сўз эркинлигини чеклаш жараëнининг бошлангани белгиси сифатида талқин этди.

Герт Вилдерс маҳкама ҳукмини радикал мусулмонлар тантанаси ва Европа жамиятида ҳам сўз эркинлигини чеклаш жараëнининг бошлангани белгиси сифатида талқин этди.

Амстердам суди парламент депутати Герт Вилдерс “Фитна” фильми ва сиëсий баёнотлари билан мусулмонларни камситиб¸ диний адоват қўзғаган, дея ҳукм чиқарди.

Ўтган йили Вилдерс ишлаб чиққан ва интернетда жойлаштирган 17 дақиқалик “Фитна” фильми Афғонистон, Индонезия, Эрон, Покистон ва бошқа мусулмон мамлакатларида норозиликларни келтириб чиқарган эди.

Амстердам суди ўз ҳукми билан Вилдерснинг Қуръони Карим ва Исломни нацизм мафкураси ва Адольф Гитлернинг “Майн Кампф” китоби билан қиёслаганини қоралади.

“Демократик жамиятда адоватни қўзғаш жуда жиддий масаладир ва жамоатчилик орасидаги баҳсда ҳам муайян чегаралар бўлишини тақозо қилади”, дейилади суд ҳукмида.

Ўтган йили Амстердам прокуратураси Вилдерсни тергов қилишдан бош тортганидан кейин радикал қарашлардаги депутатни жиноий жавобгарликка тортиш ҳаракатларини бошлаган Ҳолландиядаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўз мақсадларига етди.

Ўшанда Вилдерснинг Исломни фашизмга тенглаштириши мусулмонлар учун аламли бўлса-да, унда жиноят унсурлари йўқ, деб хулоса қилган прокуратура энди ўз қарорини бекор қилишга мажбур.

Вилдерсни тергов қилиш кампанияси ташкилотчиларидан бири Франк ван Шайк суднинг қароридан мамнун эканини айтади:

- Агар бир гуруҳ одам ҳақида гапириб¸ уларнинг барчасини қора рангларда тасвирлай бошласангиз ва уларнинг барчаси ёмон, зўровон, деб атасангиз ҳамда Вилдерс сингари "уларнинг дини зўровонлик ва фашистик динидир", дея ҳар жойда гапирсангиз, бу жуда хавфлидир.

Чунки битта жамиятдаги иккита катта гуруҳ ўртасида адоватни уйғотган бўласиз. Ўтмишда бундай йўлдан бориш нималарга олиб келишини кўрганмиз, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Вилдерс суд ҳукмини “фикр эркинлигига қарши ҳужум”, дея тасвирлади.

Бу ҳақда интернетда эълон қилган мақоласида: “Агар ўз фикрингизни айтсангиз, жавобгарликка тортилишингиз мумкин экан”, деб ёзди радикал депутат.

Чоршанба кунги ҳукмдан кейин прокуратура энди бир йил давомида Вилдерсга қарши айблов хулосасини судга тақдим қилиши керак бўлади.

Ундан кейин суд Вилдерс айбдорми-йўқми, айбдор бўлса¸ унга қандай жазо қўлланиши керак, деган савол бўйича ҳукм чиқаради.

Ҳолландия қонунларига кўра, парламент депутатларининг жиноий жавобгарликдан дахлсизлиги йўқ.

Амстердам судининг ҳукми бутун Европада фикр эркинлиги билан жамиятдаги тартиб ва барқарорлик ўртасидаги мувозанатга оид баҳслар кучайганига яна бир мисолдир.

Бу мувозанат 2006 йилда ҳам Данияда Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи расмлар эълон қилинганида синаб кўрилган эди.

2004 йилда Ҳолландияда Исломни танқид қилувчи фильм режиссёри Тео ван Гог мусулмон экстремисти томонидан чавақлаб кетилган.

Ван Гогнинг ўлдирилишидан кейин ҳолландияликларнинг 40 фоизи мамлакатдаги мусулмонлардан норозилигини изҳор қилган.

Ҳолландияда бир миллионга яқин мусулмон истиқомат қилади ва бу аҳолининг 6 фоизини ташкил этади.

Лекин баъзи кузатувчилар Вилдерс каби радикал сиёсатчиларнинг чиқишларига қарамасдан, сўнгги бир-икки йилда Ҳолландияда Исломга қарши эҳтиросларнинг бирмунча сўнганини айтишади.
XS
SM
MD
LG