Линклар

ЕИ ва халқаро ташкилотлар АҚШ президенти фармонини олқишлади


Европа Иттифоқи ва ҳуқуқ ҳимоячилари Америка Қўшма Штатлари президенти Барак Обаманинг Гуантанамодаги терроризмда гумон этилмиш шахслар ушлаб турилган ҳарбий ҳибсхонани бир йил мобайнида ёпиш ҳақидаги фармонини олқишлади.

ЕИга раислик қилаётган Чехия расмийлари Обаманинг Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш қарорини муҳим аҳамиятга эга қадам сифатида таърифлаган.

Шунингдек, АҚШ янги президентининг хавотирларга сабаб бўлиб келган ҳибсхонани ёпиш қарори Халқаро амнистия ҳамда Ҳюман Райтс Вотч ташкилотлари тарафидан ҳам олқишланди.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти ўз баёнотида “Обама президентлигининг биринчи ҳафтасида мудҳиш қамоқхонани ёпиш ҳақда қарор бериши ижобий ишоратдир ва бу Американинг жаҳондаги обрўсини тиклаш сари ташланган муҳим қадамдир”, дея билдирди.

Президент Барак Обама Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш ҳақида буйруқ берар экан, АҚШ терроризмга қарши курашишда давом этишини, лекин бу ишни ҳушёрлик билан амалга оширилажагини айтди.

- Биз бутун дунёга Қўшма Штатлар зўравонлик ва терроризмга қарши курашни давом эттиришга тайёр, деган муждани юборяпмиз. Ва буни биз ҳушёрлик билан қиламиз, самаралироқ қиламиз. Биз бу ишни бизнинг қадриятларимиз ва тамойилларимизга мос келадиган усулда амалга оширамиз, деди президент Обама.

2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан кейин ташкил этилган Гуантанамо қамоқхонасида ҳозирги пайтда 250 га яқин маҳбус сақланмоқда.

Бу маҳбуслар ватанларига қайтариладиган бўлса, қийноққа тутилишлари мумкинлиги борасида хавотир билдирилади.

Халқаро қонунчиликка биноан қийноққа солиниши мумкин бўлган мамлакатларга одамларни топшириш таъқиқланган.

XS
SM
MD
LG