Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:38

Хорижий сармоядор қидирилмоқда


Сотувга қўйилган ва ҳозирча харидор топилмаган объектлар орасида¸ Тошкент марказидаги Шератон меҳмонхонаси ҳам бор.
Сотувга қўйилган ва ҳозирча харидор топилмаган объектлар орасида¸ Тошкент марказидаги Шератон меҳмонхонаси ҳам бор.

Жаҳон давлатлари бирин-кетин молиявий бўҳрон гирдобига тортилаëтган айни кезда¸ Ўзбекистон иқтисодига бевосита сармоя ëтқизишни истовчилар сони янада сийраклашиб бормоқда.

Ўзбекистон хукумати давлатга тегишли 27 та корхонани хорижий инвесторларга сотиш бўйича ўтказиладиган тендер муддатини яна узайтирди.

Ўтган йил кузида эълон қилинганда¸ ушбу тендерларда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилишнинг сўнгги муддати 30 декабр қилиб белгиланган эди. Энди эса бу муддат шу йилнинг 29 январигача узайтирилди.

Хорижий инвесторларга сотилмай қолган ва такроран таклиф қилинаётган барча корхоналарнинг умумий қиймати 178 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Бундай корхоналар қаторида, жумладан, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти, Тошкент иссиқлик электр маркази ва пойтахтдаги “Марказий” (собиқ “Шератон”) меҳмонхонаси бор. Улардан баъзиларининг 100% акциялари, бошқаларининг бир қисм акциялари сотувга чиқарилган.

Масалан, “Марказий” меҳмонхонасининг барча акциялари жами 40 миллион 180 минг долларга сотилиши эълон қилинди. Бундан ташқари, республика давлат мулк қўмитаси Тошкентнинг бошқа бир меҳмонхонаси – “Tashkent Palace” меҳмонхонасининг 99% акциясини жами 37 миллион долларга сотишни режалаштирган.

Ўзбекистон хукумати сотилаётган объектларга қўшимча инвестицион мажбуриятлар, яъни объектни сотиб олгач, қўшимча сармоялар киритиш мажбуриятларини қўйган. Хусусан, “Ўзбеккўмир”нинг 35,55% акцияси 30 миллион 580 минг долларга баҳоланган. Ушбу акциядорлик жамиятини сотиб олган инвестор қўшимча 232 миллион доллар сармоя киритиши лозим.

Сотувга қўйилган Тошкент иссиқлик электр маркази, “Ўзпахтамаш”, “Самарқандкимё”, “Қўқон-спирт”, “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” корхоналарининг потенциал харидорларига ҳам худди шундай шарт қўйилган.

Кузатувчиларнинг айтишича, ушбу объектларга хориждан харидор топилмаётганига бир қатор сабаблар мавжуд.

Биринчидан, потенциал инвесторлар Ўзбекистондаги маъмурий-бюрократик тизим, хукумат томонидан бизнеснинг имкониятларни чекланганлиги, хуллас-калом, ноқулай инвестицион иқлимдан чўчиётган бўлишлари мумкин.

Иккинчидан, дунёда юз бераётган иқтисодий бўҳрон ҳам сармоядорларнинг Ўзбекистонга ўхшаган мамлакатларга пул тикиш имкониятларини пасайтирган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Учинчидан эса, республика хукумати қўяётган қўшимча инвестицион мажбуриятлари ҳам инвесторларни қўрқитиб қўйган бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG