Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:42

Иш кучига бозор қидирилмоқда


Тожик расмийларининг араб давлатлари билан музокаралари ижобий якунланса, Россияга мардикор ташийдиган бу автобуслар эндиликда Яман, БАА ва Қатарга қатнай бошлаши мумкин.
Тожик расмийларининг араб давлатлари билан музокаралари ижобий якунланса, Россияга мардикор ташийдиган бу автобуслар эндиликда Яман, БАА ва Қатарга қатнай бошлаши мумкин.

Хорижда ишлаб келан юз минглаб мардикорларнинг ватанга қайтиши ижтимоий тангликни оширажагидан ташвишга тушган Душанбе ҳукумати¸ вазиятдан чиқиш йўлларини изламоқда.

Расмий манбаларга кўра¸ ўтган йиллар давомида 900 мингдан ошиқ тожикистонлик асосан Россия¸ Қозоғистон ва бошқа хориж мамлакатларида ишлаб келган ва уларнинг 400 мингдан ошиғи 2008 йилнинг сўнгги ойларида Тожикистонга қайтган.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири Шукуржон Зуҳуровга кўра, глобал иқтисодий бўҳрон таъсирида ортга қайтаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари сонининг ортиши мамлакат расмийлари учун ҳозирча муаммо туғдирмайди.

- Аммо¸ бу масаланинг қанчалик ташвишли бўлиши икки-уч ойдан сўнг сезилади, деб ўйлайман.

Чунки ёшларимиз баҳорда яна Россияга қайтиб боришса-ю, иш топа олмай, тағин ортга қайтиб келишса, ана ўшанда ҳақиқатан ҳам муаммоларимиз кўпаяди, деди Меҳнат вазири.

Шуни назарга олган ҳолда, Зуҳуровнинг айтишича, расмийлар мамлакат ичкарисида ишсизлар сонининг кўпайиши олдини олиш борасида зарур чора-тадбирлар кўраяпти. Жумладан, вазирга кўра, сўнгги бир ой ичида тақрибан 150 минг иш жойи ташкил этилган.

Маҳаллий кузатувчилар эса Россиядан қайтган тожикистонликларнинг ўз ватанида ташкил этилаётган иш жойларида ишлаб кетишларига шубҳа билан қарайдилар.

Чунки, кузатувчилар фикрича, Тожикистондаги 240 сомоний ёки 70 долларга тенг бўлган ўртача иш ҳақи аксар тожикистонликларни қониқтирмаслиги табиий.

Хорижий мамлакатларда тожикистонликлар кўпроқ пул ишлашларини тожик расмийлари ҳам инкор қилмайдилар.

- Фуқароларимизнинг 90 фоизи Россия Федерациясида ишлайди ҳамда ўша мамлакатда яхши даромад топади.

Масалан, ўтган йили биз кўпчиликни Қозоғистонга юборган эдик. Аммо бир қанча вақтдан сўнг улар Россияга ўтиб кетишди.

Шуни назарга олган ҳолда, биз жорий йилда бу борадаги ҳамкорликларимизни жиддий йўлга қўймоқчимиз, дея таъкидлади Меҳнат вазири Зуҳуров.

Вазир Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг яқин кунларда Москвага сафари чоғида асосий эътибор шу мавзуга қаратилишига умид борлигини билдирди.

Айни пайтда¸ Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий жорий йилдан бошлаб узоқ хорижга ишчи кучи экспорт қилиш мақсадида бир қатор араб давлатлари билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

- Яман, Араб амирликлари ва Қатарга ишчи кучи юбориш борасида бу мамлакатлар билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Ҳатто улардан айримлари билан бир қатор ҳужжатлар имзоланган.

Жорий йил биринчи ярим йиллигида биз бу мамлакатларда ишлашга мойиллик билдираётганларни юборишга киришамиз, деди Ташқи ишлар вазири Зарифий.

Бироқ Тожикистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазири Зуҳуров тожик мардикорларининг 15 фоизини қиз-жувонлар ташкил этиши ва уларнинг араб мамлакатларида иш билан таъминланишига қарши эканлигини таъкидлади.

- Араб мамлакатларига аёллар, асосан, энагалик ёки уй хизматкори бўлиб ишлаш учун юборилади. Кўпинча арабистонлик бойлар шундай ишлар учун 200 доллар маош белгилашади.

Мен қиз ва жувонларимиз, қолаверса, опа-сингилларимизнинг араблар оиласида хизматкор бўлишига қаршиман. Мен буни уларга нисбатан таҳқир, деб биламан. Шунинг учун бундай ташаббусларни қўллаб-қувватламайман, деди Зуҳуров.

Россияда кўп йиллардан буён бола-чақаси билан мардикорлик қилаётган Олмахон эса аёлларнинг араб мамлакатларига ишга юборилиши нафақат таҳқирли, балки хатарли ҳам эканини айтади.

- Ҳукумат идораларидаги айрим масъуллар ошна-оғайнигарчилик қилиб, ўзининг одамларини яхши ишларга юборишади, бизга ўхшаган камбағаллар эса ёмон одамларнинг қўлига тушиб қолиши мумкин.

Ҳар жойда ҳам яхши-ёмон бор. Россия эса биз учун бегона эмас. У биз учун иккинчи ватан. Иш топиш ҳам осон. Шунинг учун ҳам тожикистонликлар кўпинча Россияни танлайди, дейди Олмахон.

Тожикистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги Россияда тахминан 800 минг тожикистонлик турли соҳаларда ишлаётганини таъкидласа-да, айрим норасмий манбалар Россиядаги тожик мардикорлари сони бир ярим миллиондан ошишини айтиб келадилар.

Тожикистон Миллий банкидан олинган маълумотларга кўра, 2008 йилда тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядаги турли тизилмалар орқали ватанига 2¸5 миллиард доллар юборганлар.
XS
SM
MD
LG