Линклар

Фожеа чайқовга айланганда


Марказий Осиёнинг кўплаб шаҳарларида ОИТВ/ОИТС бўйича турли тадбирлар ўтказиб келинаётганига қарамасдан, минтақа аҳолисида вирус юқтириб олган кишиларга нисбатан тоқатли бўлиш кўникмаси ҳали тўла шаклланмаган кўринади.

Марказий Осиёнинг кўплаб шаҳарларида ОИТВ/ОИТС бўйича турли тадбирлар ўтказиб келинаётганига қарамасдан, минтақа аҳолисида вирус юқтириб олган кишиларга нисбатан тоқатли бўлиш кўникмаси ҳали тўла шаклланмаган кўринади.

Жанубий Қозоғистонда одам иммунтақчиллиги вирусини юқтирган ёш болалар учун ажратилган давлат ва хайрия маблағлари¸ бу болалар ҳаëтига енгиллик олиб кирмади.

ОИТС муаммоси билан шуғулланувчи нодавлат ташкилоти раҳбари Валентина Скрябинанинг Озодлик мухбирига айтишича, гарчи вилоят аҳолиси орасида ОИТВ юқтирганлар зарарсиз ва хавфсиз эканлиги бўйича оммавий равишда тушунтириш ишлари олиб борилса-да, вирус юқтирган она ва болаларни камситиш ҳолатлари ҳали-ҳамон мавжуд:

- Вилоятимизда бир қишлоқ бор. У ерда кўпчилик ўз оиласида ОИТВ билан зарарланган бола борлигини ҳаммадан, ҳаттоки қариндошларидан ҳам яширади.

Вирус билан зарарланган боланинг соғлом болалар билан бирга ўйнашига йўл қўйишмайди, бундай болалар ташқи дунёдан ажратилган ҳолда сақланади.

Ҳаттоки боласи ОИТВ юқтирган оналарни кўчага ҳайдаб, вирус юқтирган болага давлат томонидан ажратиладиган ёрдам пулини олиб қўядиган оилалар ҳам бор, дейди Валентина Скрябина.

Айрим нашрларда ёзилишича, вирус юқтириб олган болаларни даволаш учун ажратилган пулларни уларнинг қариндошлари тўйлар ўтказиш ва автомашиналар сотиб олиш учун сарфлаб юборганлар.

Касал болалар учун ажратилаётган пуллар тамом бўлаётганидан хабар топган қариндошлар энди бу болалар ва уларнинг оналарини дарди бедавога йўлиққанликда айблаб, кўчага ҳайдаши ҳоллари ҳам учраб турибди.

2006 йили Жанубий Қозоғистон вилоятида 100 дан зиёд боланинг шифокорлар айби билан ОИТВ касаллигини юқтирганини эътироф этган қозоқ расмийлари бу болалар ва уларнинг оналарига ёрдам пули ажратилиши шарт, деган хулосага келган эди.

Шундан сўнг “Болаларни ОИТСдан сақлайлик” хайрия жамғармаси тузилиб, унинг ҳисоб рақамига фақат давлат бюджетидангина эмас, балки расмий идоралар ва оддий қозоғистонликлар томонидан ёрдам маблағи туширилганди.

Хайрия жамғармаси раҳбари Қанат Алсеитов жамғарма ҳисоб рақамига келиб тушган ўша маблағнинг касаллар ўртасида тақсимланганини айтади:

- Жамғармамиз ҳисоб рақамига 200 млн. танга, яъни қарийб 240 минг АҚШ доллари миқдорида пул келиб тушганди.

Фарзандлари ОИТВ юқтирган 78 та ота-она 1¸5 миллиондан, 44 таси миллион тангадан, иккита оила 500 минг тангадан ҳамда 23 та оила 300 минг тангадан ёрдам пули олди.

Ҳисоб рақамидаги қолган пулга жамғармамиз учун техника, мебел харид қилган бўлсак, яна бир қисмини ОИТВга қарши кураш бўйича трейнинглар ўтказишга сарфладик, дейди жамғарма раҳбари.

Унинг айтишича, ОИТВ билан зарарланган ёш бола ва оналарга ажратилган маблағ тез орада тугаб қолиши ҳисобга олинган ҳолда, жамғарма раҳбарияти ҳисоб рақамига келиб тушаётган пулларнинг бир қисмини бизнесга ўтказиб, ундан келиб тушаётган фойдани вирус билан зарарланган кишиларни моддий жиҳатдан узлуксиз таъминлаб туриш таклифини киритган.

Бироқ, Қанат Алсеитовнинг айтишича, бундай таклифга кўнмаган ота-оналар ва вирус юқтириб олган болаларнинг қариндошлари даволаниш учун ажратилган пулларни ўринсиз жойларга сарфлаб юборганлар.

Айрим пайтларда касал болалар учун ажратилган нафақа пулларига оиладаги 8-12 киши кун кўриб келгани ҳам аниқланган.

- Мен ота-оналарга ОИТВ билан зарарланганлар ҳисобига яшаш эмас, балки шундай вирус юқтирганлар билан яшашни ўрганиш кераклигини айтдим, дейди Қанат Алсеитов.

Айни пайтда жамғарма раҳбари ОИТВ юқтириб олган болаларнинг ота-оналари ва қариндошлари бу фожеани чайқов қилиш билан овора эканини таъкидлайди.

Қанат Алсеитовнинг айтишича, улар жамғарма раҳбарини такасалтангликда, касал болаларни даволаш учун маблағ қидириб топмаётганликда айблаб келмоқдалар.

Шу кунларда Қанат Алсеитов учинчи марта ишдан бўшашга уриниб, бу ҳақда жамғарма васийлар кенгашига ариза ёзган.
XS
SM
MD
LG