Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:16

"Йўналишлар ўзгармоқда..."


Шарқона меҳмондўстлик юзасидан анчагина совуқ ўтган Тошкент музокаралари¸ афтидан Медведев ва Каримов орасига айтарлик илиқлик солмаган кўринади.
Шарқона меҳмондўстлик юзасидан анчагина совуқ ўтган Тошкент музокаралари¸ афтидан Медведев ва Каримов орасига айтарлик илиқлик солмаган кўринади.

Расман¸ Россия бошқарувидаги биринчи шахс ҳисобланмиш президент Дмитрий Медведев¸ Тошкентда ортиқча эъзозу мулозаматларсиз меҳмон қилинди ва бу кузатувчиларни таажжубга солгани ҳам йўқ.

“Россия ва Ўзбекистон муносабатлардаги янги саҳифани очади”, деди Медведев Ўзбекистонга ташрифининг биринчи кунида.

Аввал айтиб ўтганимиздек, Россия президенти Дмитрий МедведевнингЎзбекистонга давлат ташрифининг биринчи куни норасмий вазиятда Самарқандда ўтди.

Ўзбекистон матбуоти россиялик олий меҳмон ташрифини вазминлик билан ёритмоқда, расмий идоралардан олинаётган хабарлар ҳам жуда чекланган.

Ташрифга оид кенгроқ ахборотни Россия ва халқаро агентликлардан олиш мумкин.

“Вести” телеканалида эфирга берилган лавҳада Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Медведевнинг Ўзбекистон давлат ташрифи айнан ҳозир амалга ошаётгани айни муддао эканини таъкидлади.

- Дунё ўзгармоқда, у тез ўзгармоқда, кучлар жойлашуви ўзгармоқда, урғулар ўзгармоқда ва йўналишлар ўзгармоқда.

Шу маънода¸ Россия минтақада доимо ҳозир бўлиб келган мамлакат сифатида, бу ерда сиёсат ва кучларнинг жойлашувини белгилаб келган.

Ана шу боисдан сизнинг ташрифингиз вақтида амалга ошаётгани, аниқроғи сизнинг ташрифингизда ўзига хос аломат белгиси бор, деган бўлардим, дея таъкидлади Каримов.

Бунга жавобан Медведев икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада кучайтириш мавриди етганини баён қилди.

- Ҳозирги дамда доимий фикр алмашинуви, халқаро вазият тақозо қилаётган мураккаб масалаларни муҳокама қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир, деди Кремл раҳбари.

Бироқ олий даражадаги учрашувларнинг ўзбек матбуотида босиқлик билан ёритилаётгани, давлат ташрифининг каттагина қисми норасмий учрашувларга сарфлангани ва расмий муҳокамалардан кейин имзоланган ҳужжатларнинг салмоғидан икки давлат ўртасида бундай алоқаларни кучайтириш нияти борлигини айтиш қийин, демоқда кузатувчилар.

Президентлар жума куни Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва Афғонистон бўйича фикрлар битилган қўшма баённомадан ташқари, икки давлат дипломатик ваколатхоналарини Ўзбекистон ва Россияда жойлаштириш ва уларга хизмат кўрсатишга оид келишув билан ташқи ишлар вазирликларининг ҳамкорлигига оид дастурни имзолади¸ холос.

Москвадаги Карнеги марказининг етакчи таҳлилчиси Алексей Малашенко, президент Каримовнинг россиялик ҳамкасбини камтаргина билан меҳмон қилгани, расмий Тошкентнинг ташқи сиёсати қайси манзилларга кўз тикаётгани аломатидир, дейди.

- Бундай камтарона меҳмондўстлик билан Тошкент етакчиси ўзига хос бир шарқона тарзда, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ўзгариши, Россия унинг ягона устивор ҳамкори эмаслигига оид муждани юбормоқчи бўлди.

Яъни бугун Тошкент ўзининг ташқи сиёсати йўналишларини кўпайтириш ҳақида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ўйлаётгани, унинг Ғарб, биринчи навбатда Қўшма Штатлар билан муносабатлари яхшиланаётганини билдириб қўймоқчи бўлди, Каримов.

Дарвоқе, унинг Американинг янги президенти Обамадан ҳам муайян умидлари бор. Яқинда АҚШ ҳарбий қўмондони Петреус Марказий Осиё бўйлаб сафар қилди.

Ўзбекистонда яна АҚШ ҳарбий баъзаси очилади, деган жиддий гаплар бор. Қолаверса, Россия билан маълум қийинчиликлар ҳам бор.

Бундан ташқари, бунинг яна бир боиси бор. Ислом Каримов ўзини миллат етакчиси, деб билган сиёсатчи сифатида етакчи билан тенгма-тенг гаплашади.

Ҳозир Россияда ким президенту, ким етакчилиги аниқ бўлмай турибди. Адаб доирасидаги совуқ меҳмондўстликнинг сабаби ана шунда, деб ўйлайман, дейди Карнеги маркази таҳлилчиси.

Ўзбекистон ўтган йили Россия назоратидаги Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидаги иштирокини тўхтатди. Бундан ташқари Тошкент Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасидаги муҳим ҳужжатларни қабул қилишга ҳам ошиқаётгани йўқ.

Россиядаги “Ежедневний" нашри ҳарбий таҳлилчиси Александр Гольц, Тошкент учун россияпараст ташкилотларнинг қизиғи қолмади, дейди.

- Бугун мавжуд вазиятда, яъни Ғарб Ўзбекистонга нисбатан танқидлар оҳангини ўзгартиргач, жаноб Каримов Россия билан боғлиқ тузилмаларга диққат жалб этишнинг маъниси йўқ. деб ҳисоблай бошлади, чоғи.

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 17 йили давомида Ғарб билан Россия ўртасида субутсиз ташқи сиёсат олиб борди, дейди россиялик бу таҳлилчи.

Медведев ташрифининг биринчи куни Россия телеканалларида берилган хабарларда, икки томонлама музокараларда муҳим масалалар қаторида¸ айнан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш мавзусининг ҳам муҳокама қилинишига умид билдирилаётган эди.

Бироқ айтиб, ўтганимиздек, расмий хабарларда музокаралар чоғида Тошкент томонидан КХШТ доирасидаги ҳужжатларининг қабул қилиниши масаласи у ёқда турсин, ҳатто Ўзбекистоннинг бу ташкилотдаги истиқболлари масаласи ҳақида ҳам лом-мим дейилгани йўқ.

Яна Карнеги маркази таҳлилчиси Алексей Малашенко гапиради.

- Бу ҳақда гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Чунки Ўзбекистоннинг бу каби ташкилотларга севгиси сўнган. Биласиз Тошкент ЕвразЭСдан чиққан, бу вақтинча чора дейилаётган бўлса-да, сиёсатда “вақтинчаликдан доимийроқ” нарса йўқлиги ҳаммага маълум.

Тошкент КХШТ саммитида иштирок этмади. Яна қайтараман¸ буларнинг барчаси Тошкент ташқи сиёсатидаги туб ўзгаришлардан далолатдир. Шунинг учун Россия ва Ўзбекистон ўртасида муҳим келишувларнинг имзоланишини кутмаслик керак.

Албатта, ўзаро манфаатларга мос масалалар муҳокама қилингандир, лекин муҳим келишувларнинг имзоланиши учун бугун асос йўқ.

Бундан ташқари, халқаро молиявий бўҳрон ҳозир авжига чиққан пайтда, Тошкент учун бўҳрондан катта зарар кўраётган Россия билан салмоқли келишувларни имзолашнинг қизиғи йўқ, дейди таҳлилчи.

Медведевнинг ўз давлат ташрифи чоғида икки давлат муносабатларида янги саҳифа очилиши борасидаги умидларига келсак, деб хулоса қилади Карнеги Маркази таҳлилчиси, бундай саҳифаларнинг ҳали кўпи очилиб¸ ёпилади.

-Албатта, бу жиддий гап эмас. Эслаб кўринг, қанчадан қанча мамлакатлар, айниқса собиқ иттифоқ мамлакатлари бундай саҳифаларни неча марталаб очди, лекин кўп ўтмай бу саҳифалар яна ёпилди.

Шунинг учун мутлақ риторик хусусиятга эга бу баёнотни изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ, дейди Москвадаги Карнеги маркази таҳлилчиси Алексей Малашенко.

Жума куни Ўзбекистон ва Россия президентларининг музокаралари якунида қабул қилинган қўшма баённомада, “икки мамлакатнинг халқаро ва Марказий Осиёга оид масалалардаги позициялари бир-бирига яқин ёки уйғун” экани таъкидланди.

Президентлар Афғонистондаги вазият мураккаблигича қолаётганидан ташвиш билдириб, халқаро ҳамжамиятни Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш масаласига диққатни оширишига чақирди.

Шунингдек жума куни президент Медведевга Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетининг фахрий профессори унвони ҳадя қилинди.

Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида, унга рафиқаси ҳамроҳлик қилмаганини ҳам қайд этиш жоиз.
XS
SM
MD
LG