Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:37

Дарëлар бўйида сувга зор


Тоза ичимлик суви топиш илинжида бугун кўплаб ўзбекистонликлар яна қўлбола қудуқ ва насосларга қайтмоқдалар.
Тоза ичимлик суви топиш илинжида бугун кўплаб ўзбекистонликлар яна қўлбола қудуқ ва насосларга қайтмоқдалар.

Афтидан¸ аксар ўзбек шаҳар-қишлоқлари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммосини англаганидан¸ ҳукумат бу лойиҳалар учун катта қарз кўтарди.

Ўзбекистон ҳукумати ичимлик суви сифатини яхшилаш учун хориждан 623 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит олишга муваффақ бўлди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг кўп ҳудудларида ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги кузатилади.

Айрим ҳудудларда ичимлик суви сифатсиз бўлса, бошқа ҳудудларга шу сифатсиз сув ҳам етиб бормаган.

Фарғона вилоятининг Риштон туманида яшовчи Ҳакимовлар оиласи бир кунда рўзғор учун 30-40 литр ичимлик суви сарфлайди. Оила бошлиғи Нуриддин Ҳакимовга кўра, риштонликлар бир челак сувни юз сўмдан сотиб олишади.

- Ҳозир сув муаммоси бизда жуда оғир. Ичимлик сувини тракторларда олиб келишади ва биз пулимизга сотиб олиб ичаяпмиз¸ дейди Нуриддин Ҳакимов.

Риштон тумани Қирғизистон билан чегара ҳудудида жойлашган. Риштонликларнинг айтишларича, уларга ичимлик сувини қўшни Қирғизистоннинг Боткен туманидан олиб келиб сотишади.

Маълумки, риштонликларни қийнаётган муаммо Хоразм ва Қорақалпоғистоннинг чекка қишлоқларида ҳам мавжуд.

Самарқандлик Комилжон Ашуровга кўра, Самарқанд шаҳар аҳолиси ичимлик суви борасида хотиржам.

- Худога шукур, Самарқанд шаҳрида ичимлик суви муаммо эмас. Лекин туманларда эрталаб 2-3 соат, кейин кечқурун 2-3 соат беради. Дейлик, Самарқанд туманининг ҳамма жойига сув қувури етиб келган дейиш хато бўлади. Кўп жойларда қудуқлар ковлашади¸ дейди Комилжон Ашуров.

Қарши шаҳрида яшовчи Нодир Аҳатовнинг айтишича, Қашқадарёда ичимлик сув билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш борасида маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётган тадбирлар самара бермаяпти.

- Қашқадарë вилоятининг 70 фоизи чўл зонасига тўғри келганлиги сабабли сув масаласи жуда ҳам долзарб масала.

Бунга ҳукумат қандайдир ечим топишга ҳаракат қилаяпти. Масалан, соатлаб беришга ҳаракат қилаяпти. Бир кунда бир марта беради.

Трубаларга ҳисоблагич ўрнатишга ҳаракат қилаяпти. Лекин бу унча яхши самара бермаяпти¸ дейди Нодир Аҳатов.

Ўзбекистон ҳукумати ичимлик сув билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга астойдил бел боғлаган кўринади.

“Ўзкоммунхизмат” ташкилоти маълумотига қараганда, ичимлик сувига доир кейинги тўрт йилга мўлжалланган 23 та лойиҳа тайёрланиб, бунга 623 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий кредит сарфланиши режалаштирилаяпти.

Мазкур лойиҳалардан бири Қарши шаҳрига мўлжалланган. “Қарши шаҳар сув-оқава” ташкилоти ходимига кўра, ушбу лойиҳа Қаршида жорий йилнинг баҳоридан бошлаб ишга туширилади:

- Мана, ҳозир мартдан кейин Осиë тараққиëт банки катта лойиҳани ишга туширади. Ўшанда сув муаммоси 90 фоизга ечилиши керак.

Озодлик: Ҳозир Қашқадарëда ичимлик сувининг сифати қанақа?

- Яхши. Бизда санэпидемстанциялар ишлаяпти-ку. Энди ОТБ линияси ишга тушса¸ ҳамма муаммолар ечилиб кетади. Март ойидан бошлаб маҳаллалар¸ кўчалар бўйича битта-битта қабул қилишни бошлаймиз.

“Қарши шаҳар сув-оқава” ташкилоти ходими Қарши шаҳрида ичимлик суви бартараф этилган тақдирда ҳам вилоятнинг чекка қишлоқларидаги муаммолар сақланиб қолишини билдирди:

- Тоғларда¸ чўлларда сув чиқмаган қишлоқлар ҳам бор. У ëқларга энди қувурлар ўтмаган. Бу энди ҳамма мамлакатда бор.

Сув қувурлари етиб бормаган бу каби қишлоқлар аҳолиси эса ўз кунини ўзи кўриш билан овора.

- Эплаяпмиз. Эпламасдан иложимиз йўқ. Мана, мен ўзим уйга качалка туширдим. Мажбурликдан ичаяпмиз энди. Бемаза¸ қаттиқ сув¸ дейди риштонлик суҳбатдош.

- 90 фоиз аҳоли камбағал бўлганлиги сабабли¸ асосан, ариқ сувидан ичишади ëки қудуқ қазиб, шўр сув ичишаяпти. Бошқа иложимиз йўқда¸ дейди қаршилик суҳбатдош.

- Июн¸ август ойларига бориб¸ ариқда сув келади. Кейин ариқдан олиб ичамиз. Тоза¸ оқ сув ариқнинг суви¸ дейди риштонлик суҳбатдош.

“Экосан” ҳалқаро ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирги пайтда мамлакатнинг сув қувурлари етиб борган қишлоқларида ҳам 24,6% қувурларнинг санитария-техник аҳволи талабга жавоб бермайди.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 88,8% шаҳар аҳолиси ва 61,9% қишлоқ аҳолиси ичимлик суви билан таъминланган.
XS
SM
MD
LG