Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:16

Сўнгги ниёзовчи вазир ишдан кетди


Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг Мудофаа вазири Оғагелди Мамедгелдиевни истеъфога чиқаришини таҳлилчилар мамлакатда туркман президентининг позицияси мустаҳкамлана бошлаганидан далолат сифатида баҳоламоқдалар.
Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг Мудофаа вазири Оғагелди Мамедгелдиевни истеъфога чиқаришини таҳлилчилар мамлакатда туркман президентининг позицияси мустаҳкамлана бошлаганидан далолат сифатида баҳоламоқдалар.

Оғагелди Мамедгелдиевнинг ҳокимиятдаги узоқ умри чоршанба куни Туркманистон Ҳарбий академиясидаги катта тадбир чоғида поёнига етди.

Ҳукумат амалдори сифатида расмий тадбирда охирги марта қатнашган Мамедгелдиев 21 январ куни Миллий хавфсизлик кенгашининг мажлисини очиб берди ва мамлакатдаги ҳарбий вазият ҳақида президент Қурбонқули Бердимуҳаммедовга ҳисобот берди.

Шундан кейин президент мудофаа вазирининг саломатлиги ёмонлашгани туфайли унинг истеъфосини қабул қилишини эълон қилди ва хизмати учун миннатдорчилик билдирди.

Бердимуҳаммедовнинг айни мажлисда давлат чегара хизмати ва давлат миграция қўмитаси раҳбарларини камчиликлари учун кескин танқид қилгани инобатга олинса, Мамедгелдиевнинг “осон қутулгани”ни айтиш мумкин.

Лекин собиқ Мудофаа вазирининг Туркманистон сиёсатида “парда ортидаги бош ўйинчи” сифатида кўрилгани унинг истеъфосига саломатлиги сабаб бўлганига оид шубҳаларни ҳам уйғотмоқда.

Туркманистонлик собиқ дипломат Чори Эшониёзов Озодлик билан суҳбатда амалдаги президентнинг иқтидорга келишида Мамедгелдиевнинг роли катта бўлганини айтди.

- Собиқ мудофаа вазири жуда нуфузли шахс бўлган ва Бердимуҳаммедовнинг ҳокимият тепасига келиши масъулияти айнан Мамедгелдиевнинг зиммасидадир, дейди собиқ дипломат.

Мамедгелдиев собиқ президент Сапармурод Ниёзов давридан бери ҳукуматда қолаётган асосий вазирларнинг сўнггиси эди.

Туркманбошининг ўз вазирларни тез-тез алмаштириб туриш одати бор эди. 2003 йилда Мудофаа вазири этиб тайинланган Мамедгелдиев бу қоидадан мустасно бўлиб келди.

Хўш¸ унинг ҳокимият тепасига келишида асосий ўрин тутган вазирни президент нега бўшатди?

Эшониёзовга кўра, Бердимуҳаммедовнинг бу қарори Туркманбошига содиқ хизмат қилган амалдорлардан қутулиш стратегиясининг бир қисмидир.

- Бу Бердимуҳаммедовнинг Ниёзовдан қолган меросдан қутулиш ҳаракатларининг давомидир.

Эндиликда собиқ Мудофаа вазири ва Чегара хизматининг собиқ бошлиғи Ниёзов қўйиб кетган амалдорлар ва куч ишлатар идоралардаги нуфузли шахсларнинг сўнггилари эди, дейди туркманистонлик сиёсатчи.

Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг таҳлилчиси Жон МакЛеод Мамедгелдиевнинг ишдан четлатилиши Бердимуҳамедовнинг ҳокимиятдаги журъати ошаётгани белгиси бўлиши мумкин, деган тахминни айтади.

- Бердимуҳаммедов бундай қарорларни қабул қила олаётганининг ўзи қизиқарли. Чунки икки йил давомида унинг ҳокимиятни тўла назорат қилмаётгани, ҳокимиятга энди ўрнашишга ҳаракат қилаётганига оид бир сезги бор эди.

Энди эса асосий вазирларни истеъфога чиқариши ва куч ишлатар идоралардаги энг нуфузли шахс, яъни анчадан бери ҳукуматда бўлган Мамедгелдиев ишдан четлатиши президентнинг ўзига ишончи ошаётганини англатади¸ дейди Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг таҳлилчиси Жон МакЛеод.

Мамедгелдиев 62 ёшда, яъни у нафақага чиқиши ҳам мумкин эди. Лекин, Жон МакЛеод фикрича, унинг "саломатлиги ёмонлашгани туфайли" истеъфога чиқарилиши собиқ Мудофаа вазирининг Туркманистон сиёсатидаги умри ниҳоясига етганини англатади.
XS
SM
MD
LG