Линклар

Россия-НАТО муносабатлари илиқлаша бошлади


Россиянинг НАТОдаги махсус вакили Дмитрий Рогозин расмий Москва ва НАТО муносабатлари илиқлаша бошлаганини қайд этди.

Дмитрий Рогозин “Эхо Москви” радиосига душанба куни Россия-НАТО кенгашининг дастлабки учрашувлари бўлиб ўтиши мумкинлигини билдирди.

Ўтган йилнинг август ойида расмий Москва ва Тбилиси ўртасида бўлиб ўтган ҳарбий можародан сўнг НАТО Россия ҳаракатларига эътироз билдириб, кенгаш учрашувларини тўхтатиб қўйган эди.

23 январ куни Россия президенти Дмитрий Медведев Тошкентга қилган сафари чоғида Москва Афғонистон учун мўлжалланган ноҳарбий маҳсулотларни ўз ҳудуди орқали транзит қилиш борасида Вашингтон ва Кобул билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирганди.

Айни пайтда АҚШ давлат департаменти Россия раҳбари баёнотини олқишлаб, Оқ уйнинг янги маъмурияти Афғонистон масаласида Россия билан яқиндан ҳамкорлик қилиш иштиёқида эканини маълум қилди.

Покистон ҳудуди орқали амалга оширилаётган НАТО транзит юклари бир неча бор жангарилар томонидан нишонга олингандан сўнг АҚШ ва НАТО раҳбарияти Афғонистондаги халқаро кучларга таъминот етказиб бериш имкониятларини кенгайтириш масаласини муҳокама қилишга киришган эди.
XS
SM
MD
LG