Линклар

“Чингиз ҳайкалига Зураб яқинлашмасин”


Россиялик санъатшунослар ҳайкалтарош Зураб Церетели (чапда) Чингиз Айтматов асарлари руҳини тушунмаслиги, уларни бузиб талқин қилиши мумкинлиги юзасидан ташвишланаяптилар.

Россиялик санъатшунослар ҳайкалтарош Зураб Церетели (чапда) Чингиз Айтматов асарлари руҳини тушунмаслиги, уларни бузиб талқин қилиши мумкинлиги юзасидан ташвишланаяптилар.

Россияда чиқувчи қатор нашрлар ва россиялик санъатшунослар ёзувчи Чингиз Айтматов ёдгорлигини ўрнатиш ишига москвалик ҳайкалтарош Зураб Церетелини қатнаштирмаслик талаби билан чиқмоқдалар.

Қирғизистон маданият вазирлиги ҳозирда ёзувчи Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида унинг ҳайкалини ўрнатиш бўйича танлов шартларини ишлаб чиқаяпти.

Ҳали бу шартлар матбуотда эълон қилингани йўқ, унда кимлар иштирок этиши ҳам номаълум. Лекин шунга қарамай, Россиядаги бир қатор нашрлар ва санъатшунослар бу танловда москвалик машҳур ҳайкалтарош Зураб Церетелининг иштирок этишига олдиндан қарши чиқмоқдалар.

Бу борада биринчи мақола Россиянинг islamRF.ru сайтида пайдо бўлди.

Ушбу интернет нашрнинг Бишкекдаги мухбири Сергей Зейлюк қаламига мансуб бўлган мақолада Қирғизистон маданият вазири Султон Раев Зураб Церетели ҳам танловда иштирок этиши мумкинлигини айтган.

- Зураб Церетели ҳам танловда иштирок этиши мумкинлиги айтилди, вазир билан қилган суҳбатим чоғида.

Бу ҳайкалтарошнинг ишлари ўта дабдабали бўлишига қарамай, дидсизлик намунаси сифатида қабул қилингани учун унинг танловда иштирок этиши нақадар ўринли бўлиши ҳақида олдиндан жамоатчилик фикрини шакллантириш зарурати пайдо бўлди, деди Сергей Зейлюк.

Қирғизистон маданият вазири Султон Раев ҳам Зураб Церетелининг танловда иштирок этиш эҳтимоли борлигини рад этмайди:

- Танловда хоҳлаган одам иштирок этиши мумкин. Бундан аввал Зураб Церетели Чингиз Айтматов ҳайкалини яратган эди. Шунинг учун ҳам у ўз иши билан танловда иштирок этиши мумкин, деди Султон Раев.

Вазирнинг сўзларидан маълум бўлдики, Чингиз Айтматовга ўрнатилувчи ёдгорлик ўнлаб ҳайкалтарошлар иштирок этган танловда танлаб олинади.

Шунинг учун бу танловда Зураб Церетелининг иштирок этиши қандай аҳамиятга эга? Балки унинг асари қирғиз ҳукумати томонидан ўрнатилиш учун танлаб ҳам олинмас?

Бу саволга жавоб берар экан, москвалик машҳур санъатшунос Сергей Маркус хавотирлар асосли эканини айтади.

Унга кўра, Зураб Церетели менежер сифатида ўта қобилиятли шахсдир. Шунинг учун ҳам у ҳокимият тепасидагилар билан тез тил топиша олади ҳамда ўнлаб санъатшуносларнинг қаршилигига қарамай, у ясаган ҳайкаллар йирик шаҳарлар марказларига ўрнатиб келинади.

Сергей Маркуснинг айтишича, санъатшуносларнинг норозилигига қарамай, Москвадан ҳанузгача унинг ижодига мансуб ҳайкаллар олиб ташланмаган. Сергей Маркус масаланинг бошқа жиҳатига ҳам эътибор қаратади:

- Иккинчидан, мен бу танловга Зураб Церетелининг ҳатто таклиф қилинишига ҳам қаршиман. Гап шундаки, Чингиз Айтматов асарларида қадим турклар анъаналарига ва диний ҳиссиётларига кенг ўрин берилади.

Чингиз Айтматовнинг ҳар бир асарида миллатнинг исломгача бўлган ақидалари ҳам эсга олинади. Шу ўринда Она Буғу рамзини эслаш кифоя қилади.

Зураб Церетели эса бундай анъаналар ва ҳиссиётларни тасқаралаштириб ва жўнлаштириб тасвирлайди. Бу билан инсоннинг олижаноб туйғулари таҳқирланади.

Масалан, Зураб Церетелининг Москвадаги Причистинка кўчасида жойлашган шахсий кўргазмасида “Одам Ато ва Момо ҳаво олмаси” деб номланган иши бунга ёрқин мисол бўла олади.

Исломда инсоният аввали ва пайғамбар сифатида улуғланувчи Одам Ато, унинг қовурғасидан яратилган Момо Ҳавони Зураб Церетели уятсиз порнорамзлар сифатида улуғлаган, дейди москвалик санъатшунос Сергей Маркус.

Қирғизистон жамоатчилиги ва расмийлари ҳозирча Россия санъатшуносларининг бу каби чиқишларига муносабат билдирганлари йўқ.
XS
SM
MD
LG