Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:33

Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор


Андижон қурбонлари сони бўйича томонлар айтаётган рақамлар ҳам бир-бирига мувофиқ келмайди.
Андижон қурбонлари сони бўйича томонлар айтаётган рақамлар ҳам бир-бирига мувофиқ келмайди.

Андижонда содир бўлган қонли фожеадан буён уч ярим йилдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай, воқеа иштирокчилари бўлган томонлар бу ҳақда ҳануз бир-бирига зид бўлган фикрларни айтишда давом этмоқдалар.

21 январ куни ёйинланган мақоламизда ўтган йил кузида ўлиб, жасадлари яқинларига олиб келиб топширилган андижонлик Ҳошимжон Қодиров, Муҳаммадшокир Ортиқов ҳамда Абдураҳмон Қўчқоровлар ҳақда сўз борганди.

22 январ куни Европа мамлакатларидан бири берган бошпанада истиқомат қилаётган андижонлик қочқинлардан бири бошқа бир қочқин – юртдоши орқали марҳум Ҳошимжоннинг устаси бўлганини, марҳум Муҳаммадшокир билан эса Андижон турмасида, битта камерада икки ой бирга ўтирганини бизга билдирди.

Биз у киши билан боғландик ва унинг Андижон воқеаларигача уч ой атрофида давом этган суд жараёнида судланган 23 тадбиркордан бири эканлигини билдик.

Шу пайтгача Озодлик радиоси ўша судланганлардан биронтаси билан ҳам мулоқот қилмаган эди.

Жамоатчиликда Андижон фожеаси ўша 23 тадбиркор устидан ўтказилган судлов билан боғлиқ деган фикр мавжудлиги учун марҳум Ҳошимжоннинг устасини суҳбатга тортмоқчи бўлдик.

У исми ошкор этилмаслиги шарти билан саволларимизга жавоб беришга кўнди.


Андижон турмасидаги воқеалар аристон назарида

Озодлик: 13 майга ўтар кечаси сиз қаерда эдингиз?

- Мен унда Андижон турмасида эдим. Андижон турмасининг Бомбей деган қисмининг учинчи қаватида ўтирардим.

Озодлик: Ўша тунда бўлган воқеалар тўғрисида айтиб беринг.

- Тунда соат тахминан бир-иккиларда кўчада бўлаëтган ҳар хил отишмаларнинг овозларини эшитиб қолдим.

Бир пайт коридорларда соқчиларнинг овози эшитилмай қолди.

Ичкарида тўполон бўлиб¸ эшиклар очилиб¸ “Сизлар озод бўлдинглар¸ сизлар озод бўлдинглар”, деган нима билан кўчага чиқиб кетдик.

Озодлик: Турмага бостириб кирганларнинг қўлида қурол кўрдингизми ëки йўқми?

- Кўрганман.

Озодлик: Демак, қурол бор эди.

- Ҳа.

Озодлик: Ўша тунда кўчага чиққанингизда сизнинг қўлингизга қурол беришганми ëки йўқми? Ўша 13 май куни сизнинг қўлингизда қурол бўлганми ëки йўқми?

- Турмадан чиққанимизда менга эмас, ëнимиздаги бошқаларга ҳам “мана бу қуролни олинглар”, деб айтилган гапни эшитмаганман. Ўзимда кечгача юрганимда ҳам қурол бўлмаган.

Озодлик: “Озод бўлдинглар”, деган одамлар кимлар эди?

- Ҳаммаси фуқаро кийимидаги оддий одамлар эди. Уларни мен танимайман.

Озодлик: Энди Андижон, ҳар ҳолда, Париж эмас. Одамни кўзидан билиш мумкин. Улар сизнинг кўзингизга андижонлик бўлиб кўриндими? Буни ҳатто талаффузидан ҳам билиш мумкин.

- Талаффузидан андижонликларга ўхшади.

Озодлик: Сиз 13 майдан 14 майга ўтар кечаси Андижондан чиқиб кетгансиз. Ўша куни кун бўйи қаерда эдингиз?

- Кун бўйи майдонда, ҳокимиятнинг олдида эдим.

Озодлик: Майдонда ҳукумат кучларининг қўлида қурол бўлганлиги аниқ. Шундайми?

- Ҳа.

Озодлик: Ҳукумат кучларига қарши бўлганларнинг қўлида қурол бормиди ëки йўқми?

- Уни қандай десам бўлади... Энди биз майдоннинг ўзида турганимизда 5-10 мингта одам бор. Қуролли одамлар унақа айтарли кўп эмас эди.

Озодлик: Демак, қуролли одамлар кўп эмас эди, лекин бор эди.

- Ҳа.

Шуни айтиб қўйишим керакки, суҳбатдошим саволларни эшитиши биланоқ жавоб бергани йўқ. Кўп саволларимиз ўйлантириб қўйди. Орада кўп сукутга чўмди.

Айтишича, суҳбатдошимизнинг ота касби новвойлик. СССР тарқаб кетганидан сўнг фаолиятини кенгайтира бориб, қамоққа олиниш арафасида – 2004 йилнинг майига келиб унинг бешта новвойхонаси бўлган, қўлида 50 киши ишлаган, ишчиларига ойига 50 – 60 минг сўмдан ойлик маош тўлаган.


Қамоққа олиниш сабаби қамоққа олинганнинг назарида

Озодлик: Демак, сиз тинчгина ишлаб юргансиз ва ишчиларингизга ўз вақтида иш ҳақини бергансиз. Нима учун сизни судлашди?

- Бунисига келсак, мен ўзим намозхонман. 2004 йил май ойининг охирларида мен қамоққа олиндим.

“Сен Акромийлар деган оқимнинг аъзосисан. Акромийларнинг китобини ўқигансан” деган айб менга қўйилган биринчи айб бўлди.

Озодлик: Расман шунақа айб қўйилдими?

- Биринчи қамоққа олинганимда Ўзбекистон жиноят кодексининг 244-моддаси билан гумон қилиниб, қамоққа олиндим.

Озодлик: Қанақа модда у?

- “Диний ташкилотларни тузиш¸ диний ташкилотларга раҳбарлик қилиш” деган модда.

Озодлик: Демак, сизни ўша модда бўйича айблашни бошлашди. Ундан кейин нима бўлди?

- Тергов пайтида ҳар хил қилинмаган ишларни айтиб¸ хавфсизлик хизматининг изоляторида ўтирганимда мендан ташқари 22 та одам қамоққа олинганини, жами 23 кишининг устидан бу иш кетаëтганини терговчим айтди.

Озодлик: Демак¸ қолган 22 та киши ҳам диний мотив билан қўлга олинган, шунақами?

- Ўша пайтда ҳаммамиз ўша модда билан қамоққа олинган эдик.

Озодлик: Иш судга етиб келгандан кейин дастлабки айблов ўзгардими ëки бошқа моддалар билан сизларни судлашни бошлашдими?

- Суднинг бошида битта модда қолиб, яна учта модда қўшилди. Жами тўртта модда билан айблов эълон қилиниб¸ шу билан суд бошланди.

Озодлик: Қолган учтаси қанақа моддалар эди?

- Яна 244-модданинг а ва б қисмлари бор. Менинг ҳозир аниқ эсимда йўқ.

Озодлик: Йўқ, иқтисодийми қанақа?

- 244-модданинг иккинчи қисми ҳам ўша “диний ташкилотлар тузиш¸ раҳбарлик қилиш¸ халқ орасида ваҳима уйғотиш” деган эди.

Озодлик: Демак¸ диний мотив бўйича айблаш иккита модда бўйича давом этди, шунақами?

- Ҳа. Учинчиси – “Ўзбекистон конституциясига қарши” деган 159-модда.

Озодлик: Иқтисодий жиноят бормиди ëки йўқми? Яъни иқтисодий модда бўйича айблов бормиди ëки йўқми?

- Йўқ эди. Тўртинчиси – “уюшган жиноятчилик” деган 242-модда эди.

Озодлик: Демак, ҳаммаси битта йўналишдаги айбловлар.

- Ҳа. Ўша айбномани қўлимга олганимда¸ ҳаммамизга яъни 23 та одамга бир хил айблов. Фақат исм-фамилияларимиз бир хил эмас, холос.

Озодлик: Ўша айблов хулосаси сизнинг қўлингизда борми?

- Ҳозир йўқ. Суд кунлари берилган-да бу менга.


Андижонлик 23 тадбиркор, маълумотларга қараганда, бирин-кетин 2004 йилнинг баҳор – ёзида қўлга олинган, судлов 2005 йилнинг февралида бошланган эди.

Судлов бошланиб, вақт ўтган сайин бу воқеа тўғрисидаги гап-сўзлар ҳам, суд биноси олдида судланаётганларнинг яқинлари, ҳамкасблари ҳам кундан кунга кўпаяверди. Воқеага чет эл журналистларининг қизиқиши ортди.


Судланган 23 тадбиркорнинг ўзаро муносабатлари, уларнинг акромийлик оқимига алоқаси судланганнинг назарида

Озодлик: Ўша 23 киши бир-бирини танирмиди ëки йўқми?

- Ҳаммамиз бир-биримиз билан турмада ўтириб танишдик¸ лекин мен уларнинг ичидан 5-10 тасини шахсан танир эдим.

Озодлик: Улар билан танишлигингиз диний таълим олиш йўсинида бўлганми ëки шунчаки бир ҳамшаҳар сифатида танишмидингиз?

- Ҳамшаҳар сифатида десам ҳам бўлади. Энди уларнинг ичида кўпроқ савдода ишлайдиган йигитлар бор эди. Мен улардан ун олиб турардим.

Новвойхоналар сони кўпайган сайин улардан бир машина, ярим машина нон олардим. Демоқчиманки¸ буларнинг ичида тадбиркорлик жиҳатдан танишларим кўп эди.

Озодлик: Мана сизни “акромий” деб судлабди. Сиз акромиймисиз ëки йўқми?

- Йўқ¸ мен акромий эмасман. Мен оддий бир намозхон йигитман.

Озодлик: Бўлмаса, акромий деган айблов қаердан пайдо бўлди?

- Бу айбловга келадиган бўлсак¸ биринчи “Акромжон деган йигитни танийсизми?” деган саволдан бошланди.

Озодлик: Демак¸ сўроқ шу саволдан бошланди.

- Ҳа. Мен Акромжонни танишимни айтдим. Сабаби Акромжон мендан 3-4 ëш кичик, бизнинг мактабимизда ўқиган йигит.

Мен уни танишимни, олдинлари суҳбатларида бўлганимни, сабаби эсли-ҳушли, ўқимишли йигит эканлигини айтдим.

Озодлик: Бу ҳақда сиздан ким сўраяпти ва қачон сўраяпти?

- Қамоққа олинганимда терговчи сўраяпти.

Озодлик: Демак, сиз акромий эмасман дедингиз.

- Ҳа.

Озодлик: Акром Йўлдошевни шахсан танир экансиз ва у билан битта мактабда ўқиган экансиз, аммо акромий эмас экансиз. Балки қолган 22 киши акромийдир?

- Йўқ. Сабаби, айтганимдай, уларнинг ичидан 5-10 таси билан савдо ва бошқа соҳаларда алоқа қилганим учун уларнинг кўпчилигининг суҳбатида бўлганман. Уларни ҳам акромий эмас, дейишга асосим бор.

Озодлик: Қанақа асос?

- Уларнинг ичидан иккитаси ўзимнинг маҳалламдан. Ëш жиҳатидан мендан ëшроқ эди.

Озодлик: Энди ҳар кимнинг хонадони бошқа. Ҳар кимнинг ишхонаси бошқа. Балки улар ўша оқимга аралашгандир, эргашгандир? Сиз буни билмаслигингиз мумкин-ку.

- Билмаслигим мумкин, лекин судда, агар улар акромий бўлишганида “акромиймиз” дейишарди. Ўша йигитлар судда сўзга чиқиб, ўзларининг акромий эмаслигини исботлаган.

Мен суднинг бошидан охиригача улар билан иштирок этиб, битта камерада ўтирдим-ку.


Судланган 23 киши қўлга олинишининг асл сабаблари улардан бирининг назарида

Озодлик: Агар улар акромий бўлмаса¸ сиз акромий бўлмасангиз¸ нима учун сизларни “акромий” деб судлайди?

- Шуниси қизиқ-да энди.

Озодлик: Қизиқ, лекин шунча йилдан бери бир хулосага келгандирсиз.

- Сабаби биз ўша пайтда тадбиркорлик орқали элга танилиб қолгандик. Масалан, менинг қўлимда 50 та одам ишласа, қолганларнинг қўлида 50, 60, 100 тадан одам ишларди.

Халқнинг бизга ëн босиши бор эди. Ўша нарса давлат одамларини қўрқитиб юборганми дейман-да. “Буларнинг орқасидан халқ эргашиб кетаяпти”, деб қўрққан.

Озодлик: Демак, суд халқ янги чиққан тадбиркорларнинг орқасидан эргашмасин, деб судлади, шунақами?

- Менинг тушунчам шунга келди.

Озодлик: Ўша судланган 23 киши орасида иқтисодий биродарлик шакли бор эди. Агар ўша биродарликка кирганлардан биронтасининг иши юришмаëтган бўлса, бошқа биродарлар унга молиявий ëрдам бериб¸ ташкилий ëрдам бериб ишини ўнглашга кўмак кўрсатарди¸ деган гап юради. Шунақа нарса ҳақиқатан бормиди ëки йўқми?

- Энди тадбиркорлик билан шуғуллансангиз, насияга олиш деган нарсага барибир йўлиқасиз-да. Масалан, бир нарсани ўзингиз ишонган одамга бера оласиз-да.

Энди ўша мен таниган тадбиркорлардан қўрқмасдан молини насияга олиш ëки ўз молимни уларга насияга бериш каби муносабатлар бор эди.

Озодлик: Мен эшитган қандайдир тузилма ўша судланганлар орасида бор эди.

- Тузилма десангиз, жуда нима бўлиб кетади-ю, ўзаро борди-келди, шунақа муносабат бор эди. Бу ҳамма инсонлар орасида бўладиган нарса-ку. Бунинг учун алоҳида битта тузилма бўлиши шарт эмас-ку.

Озодлик: Унда “Алоҳида биродарлар бор эди” деган гаплар қаердан пайдо бўлди?

- Бу бизни айблаш учун судда ўйлаб топилган нарсаларнинг биттаси-да.

Озодлик: Сиз “Марҳум Ҳошимжон акромий эмас эди”, деяпсиз. Ўзингизни ҳам акромий эмаслигингизни, қолган 22 кишининг ҳам акромий эмаслигини айтаяпсиз. Ўзи акромий деган оқим бор нарсами ëки йўқми?

- Менимча, унақа оқим йўқ эди.

Озодлик: Унда бу гап қаердан пайдо бўлди?

- Қамаш учун ҳар кимга битта айб қўйиш керак-ку. Биринчи пайтларда ваҳҳобийлик оқими бормиди-йўқмиди, бундан қатъий назар, қамаш бошланган эди.

Кейин “Ҳизбут-Таҳрир” дегани чиқди. Халқ танийдими-танимайдими – Ҳизбут-Таҳрир экан деса, ишонаверган-да.

Оллоҳнинг олдида ҳам¸ бандасининг олдида ҳам айтаман: мен акромий эмасман, мен оддий мусулмон намозхон йигитман.


***

Андижон фожеаси арафасида судланган 23 тадбиркордан бири билан суҳбатлашдик.

Мана энди хотима ўрнида баъзи мулоҳазалар.

Агар эътибор берган бўлсангиз, суҳбатимиз ҳар бир қисми сарлавҳасини "назарида" деган сўз билан якунладик.

Ҳа, 13 май фожеасига суҳбатдошимизнинг назари билан боқдик.

Унинг “ҳақиқати”ни уқдик.

13 май фожеаси тўғрисидаги ҳақиқатлар эса кўп: суҳбатдошимизнинг ҳақиқати, Бобур майдонига беихтиёр бориб қолган ва кейин қочқинга айланган томошаталаб андижонликнинг ҳақиқати, судланганларга ҳуқуқий ёрдам берган ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳақиқати, мухолифатчининг ҳақиқати, ҳукуматнинг ҳақиқати ва ҳоказо...

Ҳар бир томоннинг ўз ҳақиқати бор.

Токи бу ҳақиқатлар бир-бирига мос келмас экан, баъзан эса, бир-бирини инкор этар экан, жамиятнинг биронта ҳам томон ҳақиқатига ишонмасликка ҳаққи бор.

Жамият ўзини қизиқтирган саволларга жавоб излашга ҳақли. Ўша саволлардан баъзиларини бугунги суҳбатдошимизга бердик. Лекин жавобларни мутлақ ҳақиқат, деб қабул қилинг демоқчи эмасмиз, албатта.

Бугунги жавоблар ўша – ҳаммани бирдай қониқтира оладиган мутлақ ҳақиқатни топиш йўлида хизмат қилиши мумкин бўлган омилдир, холос.

Эслатиб ўтамиз, 2005 йил, 13 май куни бир гуруҳ қуроллилар Андижон вилоят ҳокимлиги биносини босиб олган, ўша куни ҳокимлик олдидаги майдонда кўп минг кишилик митинг бўлиб ўтган, кечга яқин, ҳукумат талқинида, отишма бошланган, ҳуқуқ ҳимоячилари талқинида, ҳукумат йиғилганларни ўққа тутган эди.

Ҳукумат кейинроқ ўша куни ўлганлар рўйхатини эълон қилди. Унда 187 кишининг исм-фамилияси бор.

Бошқа турли манбалар 13 май куни ўлганлар ҳукумат кўрсатган рақамдан бир неча бор кўп бўлиши мумкин, деган маълумотларни тарқатган.

13 май фожеаси сабабли Андижондан қочиб чиққан 400 дан зиёд киши шу кунда жаҳоннинг турли давлатлари берган сиёсий бошпанада яшамоқда.

XS
SM
MD
LG