Линклар

logo-print

Россияни фақат ўзбек гази қизиқтиради

  • Абдулла Искандар

Россия ва Ўзбекистон муносабатларида ҳал қилинмаган муаммоли масалалар ҳали жуда кўп, деб эътироф этишади кузатувчилар.

Россия ва Ўзбекистон муносабатларида ҳал қилинмаган муаммоли масалалар ҳали жуда кўп, деб эътироф этишади кузатувчилар.

“Ўзбекистон-Россия муносабатлари: кеча¸ бугун¸ эртага” деб номланган бу галги эшиттиришда Тошкентдан Ўзбекистон халқ ëзувчиси Одил Ëқубов¸ Германиядан Бирлик раҳбарларидан бири Анвар Усмонов¸ Тошкентдан таҳлилчи Фарҳод Толипов¸ Намангандан мухолифат фаоли Носир Зокир¸ Москвадан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев¸ Тошкентдан “Сиëсат” таҳлилий марказ вакили Ғафур Жамолов ва Бишкек студиясидаги ҳамкоримиз Меҳрибон орқали мустақил сиëсатшунос¸ собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевлар иштирок этишади.

Биласизлар, 22-23 январ кунлари Россия президенти Дмитрий Медведев Ўзбекистонга ташриф буюрди. Пайшанба куни Медведев Самарқандга ташриф буюрди. Биз ҳозир Россия билан илк муносабатлар ўрнатилган пайтда делегация таркибида бўлган ëзувчи Одил Ëқубов билан боғлансак.

Одил Ëқубов: Елцин билан бўлган учрашувга Ислом Абдуғаниевич мени ҳам олиб кетган. Ўшанда қатнашганман¸ гапирганман. Унга ҳам кўп йиллар бўлди. Ҳозир у ëқда бошқа раҳбарларку.

Озодлик: Ўша пайтда муносабатларга тамал тоши қўйилди.

Одил Ëқубов: Ислом Каримов президент бўлиб сайланганидан бир ой ўтмасдан Москва чақирилган. Ўша делегация таркибида мен ҳам бор эдим.

Озодлик: Ўшандан бери ҳам анча сувлар оқиб ўтди. Ўртада Елциндан кейин Путин президент бўлди. Мана навбатдаги президент Дмитрий Медведев ҳам ўз ташрифини амалга оширмоқда. Тошпўлат ака¸ бу ташриф нималарни билдиради?

Тошпўлат Йўлдошев: Ўзбекистон ЕвроосиëИҲдан чиқди. Яна феврал ойида ЕвроосиëИҲ ва КХШТ нинг саммити бўлиб ўтар экан. Ислом Каримовнинг ҳаëлида ҳозир нима гап бор¸ саммитда қатнашадими¸ қатнашадиган бўлса¸ унинг шартлари ва ташаббуслари нимадан иборат бўлади каби нарсаларни билиш керак.

Россия МДҲ ва ЕвроосиëИҲнинг етакчиси. Етакчи бўлгандан кейин шерикларнинг манфаатларини русчасига айтганда лоббировать қилиш керак ëки уларнинг манфаатини кўзлаб ўзлари келиша олмаган масалаларни гаплашиб келишиш керак.

Масалан чегарани очиш¸ фуқароларнинг чегарадан эркин ўтишини таъминлаш¸ хуллас чегара масаласини яна бир бор кўриб чиқишга мажбур.

Яна Ўзбекистоннинг Кремлдан хафа бўлган жойлари бор. Октябр ойида Бишкекда бўлиб ўтган саммитда Россия очиқдан-очиқ Қирғизистон билан Тожикистоннинг ëнини олди ва бу икки давлат энергетик иншоотлар қуриши учун анчагина кредит ажратганини эълон қилди. Бу режалар ишлаяпти. Бундан эса Ўзбекистон томон норози.

Озодлик: Тошпўлат ака, демак, гаплашадиган гаплар кўп. Бунга сал кейинроқ тўхталамиз. Мен Фарҳоджонга мурожаат қилмоқчи эдим. Бу ташриф нимадан далолат?

Фарҳод Толипов: Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги давлатлараро муносабатлар доим муҳим бўлиб келган. Буни ҳеч инкор эта олмаймиз¸ иккинчи даражага қўя олмаймиз.

Шунинг учун ҳам Россиянинг қайси раҳбари Ўзбекистонга ташриф буюрмасин катта аҳамиятга эга бўлади. Шунинг учун ҳам биз бўлаëтган ташрифнинг аҳамиятини ҳеч камайтира олмаймиз ва унга жуда юқори баҳо беришимиз табиий ҳол.

Лекин биз биламиз бугунги кунга келиб Ўзбекистон билан Россия орасида турли хил ижобий ва салбий тенденциялар йиғилиб келди. Иккала давлат орасида ҳам ютуқлар¸ ҳам тушунмовчиликлар мавжуд.

Иккала томоннинг бу йиғилиб келган чигалликларнин қанчалик бартараф этиши бу катта масала. Бу давлат раҳбарларининг сиëсий иродасига ҳам боғлиқ.

Лекин қизиқ томони шундаки¸ Россия билан Ўзбекистон орасидаги муносабатлар фақатгина иккита давлатнинг ўзигагина боғлиқ бўлган муносабатлар эмас.

Бу муносабатлар кўп жиҳатдан халқаро вазиятга¸ содир бўлаëтган геосиëсий ўзгаришларга¸ Марказий Осиëдаги ҳолатга бориб тақалади.

Ўзбекистон билан Россия муносабатларининг қай даражада ва қандай ривожланишига қараб минтақавий аҳвол ҳам ўзгаради¸ геосиëсий вазият ўзгаради¸ хавфсизлик муаммолари ечилади.

Демоқчиманки¸ Ўзбекистон-Россия муносабатларининг минтақавий ва халқаро ўлчами ҳам бор. Қолаверса¸ Ўзбекистоннинг ЕвроосиëИҲдан чиқиб кетиши МДҲ даги вазиятни бироз чигаллаштирди.

Бундан ташқари Афғонистонга ëрдам бериш мақсадида Ўзбекистон НАТО билан муносабатларни тиклади. Ғарб билан муносабатларни ҳам аста-секин юқори поғонага кўтараяпти. Бу ўз ўрнида турли хил геосиëсий реакцияларга сабаб бўлиши мумкин.

Озодлик: Раҳмат Фарҳоджон. Энди “Бирлик” раҳбарларидан бири Анвар Усмоновга бу борада қулоқ тутсак.

Анвар Усмонов: Россия ўз машинасига Ўзбекистонни боғламоқчи. Биринчи қизиқиш бу газ. Биласиз, Россияда газ етишмайди. Қўшимча газ Туркманистон ва Ўзбекистондан келаяпти.

Бундан ташқари Медведев ва Каримов ўртасида ҳақиқий гап бўлади. Каримовни ўзингиз биласизку, бир кун Америка билан¸ бир кун Россия билан ...

Менимча, ҳозир очиқ гап бўлади. Медведевнинг бир неча илтимослари ва топшириқлари бўлади.

Озодлик: Баҳромжон, сиз бу ташрифга қандай баҳо берган бўлардингиз? Россияда жуда кўп ўзбек мардикорлари меҳнат қилади ва улар бу ташрифдан нима кутишаяпти?

Баҳром Ҳамроев: Аввало бу ташрифдан Медведев олдига қўйилган мақсадлар тўғрисида ҳеч нарса айтилмаяпти. Муносабатлар қанадай бўлишидан қатъий назар боришдан мақсад нима эканлиги айтилмаяпти.

Агар Медведев Кремлнинг бошқа раҳбарларига ўхшаб тижоратчи сифатида борадиган бўлса¸ уни фақат иқтисодий масалалар қизиқтиради.

Кремлни фақатгина иқтисодий масалалар қизиқтирмасдан инсон ҳуқуқларига эътибор бермас экан¸ бу масалада Ислом Каримов олдига жиддий талаблар қўйилмас экан¸ Кремл Ўзбекистонга сиëсий ҳамкор сифатида обрўга эга бўлиши қийин.

Озодлик: Баҳромжон Россияда юрган ўзбек мардикорлари бу ташрифдан нима кутишаяпти?

Баҳром Ҳамроев: Россияда юрган жуда кўп меҳнат муҳожирларининг дипломлари бор.

Уларнинг бугунги кунда Россияда кўча супуриб юриши ва умуман ўзбек меҳнат муҳожирларига қилинаëтган босқинчиликлар ҳақида гап кетганда бундай нарсалар билан улар инсон ҳуқуқлари жамиятларига кўплаб мурожаатлар қилишади.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки¸ бу Медведевнинг Ўзбекистонга биринчи ташрифи бўлгани билан¸ менинг назаримда¸ Медведев касалхонага бориб¸ оғир ëтган касални кўриб келадиганга ўхшайди.

Озодлик: Бу ҳақда оддий ўзбекистонликларнинг фикри қандай? Уларнинг орасида “Россия бизни боқаяпти¸ Россия бўлмаса биз очдан ўлардик” қабилидаги фикрлар бор. Носир ака бу борада сизнинг кузатишларингиз қандай? Мана наманганликларнинг кўпчилиги Россияда мардикорлик қилаяпти.

Носир Зокир: Жуда ҳам тўғри гапирдингиз. Наманганликларнинг жуда кўпчилиги ҳозир Россияда юрибди. Менинг назаримда одамларнинг ичида “Биз рус билан бирга бўлсак¸ яхши бўлиб кетамиз” деган фикр шаклланган.

Мана куни кеча “Эрк” демократик партиясининг Наманган вилояти бўлимининг бошлиғи тўй қилди. Шу ерда катта-катта одамлар Россияни мақтаб ўтирибди.

Менинг нуқтаи назарим шундан иборатки¸ русларнинг бизни босиб олганига мана 150 йилдан ошиқ вақт ўтган бўлса¸ бир кун¸ бир сония бизнинг¸ мен бизнинг деганда халқни назарда тутаяпман¸ ҳукуматни эмас¸ халқимизнинг манфаатини ўйлаб иш қилмаган.

Озодлик: Носир ака халқнинг гапида жон бор эмасми? Россиядан пул топиб келиб тўй қилишаяпти¸ уйлар қуришаяпти¸ бола-чақа боқишаяпти.

Носир Зокир: Албатта¸ ўша ëққа бориб ишлаб келаяпти. Лекин шу гапни айтаëтган одамлар тарихга озгина назар ташлаб қўйиши керакда. Ахир ўша пайтларда Кремл бизнинг миллионлаган одамларимизни қириб ташладику.

Илгари мардикорликка мажбур қилиб олган эди¸ ҳозир бизнинг ҳукуматимизнинг олиб бораëтган сиëсати туфайли ўз-ўзидан бориб мардикорчилик қиляпти.

Яна бир нарсага эътибор берайликки¸ илгаригидай яна ўликлар келаяпти.

Мен эртага рус билан урушиш керак демоқчи эмасман. Агар Украинада Юшенконинг ўрнига Янукович келганда¸ газ масаласи ҳам кўтарилмасдан ўз-ўзидан тинчиган бўларди.

Мен айтмоқчиманки¸ Медведевнинг бу келишида мардикорлар масаласи кўтарилмайди. Бизнинг ҳукуматнинг тепасида ўтирганларнинг аксарияти ўз манфаатидан келиб чиқиб иш кўришини Россия ҳукумати ҳам билади.

Энди ҳозир Америка билан муносабатлар яхшиланиб¸ ЕвроосиëИҲ дан чиқиб кетгандан кейин бир бориб кўрайлик деб келаяпти.

Эсларингизда бўлса¸ Ўзбекистон ЕвроосиëИҲ дан чиқиб кетгандан кейин Россия думасининг битта вакили чиқиб “Андижон фожеаси охиргисими? Ўзбекистон ҳукумати ўйлаб кўрсин” қабилида гап қилди.

Бизнинг халқимизнинг манфаатидан келиб чиқадиган бўлсак¸ бу ташриф ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

Озодлик: Энди бу ҳақда ҳукуматга яқин одам бўлган¸ “Сиëсат” таҳлилий марказ вакили Ғафур Жамоловга қулоқ солсак.

Ғафур Жамолов: Ўзбекистон-Россия муносабатлари бугун ҳам иқтисодий¸ ҳам ижтимоий¸ ҳам гуманитар соҳаларда ҳар икки томоннинг манфаатига тўла жавоб берадиган тарзда ривожланмоқда.

Албатта икки мамлакатнинг стратегик ҳамкор¸ қолаверса¸ иттифоқчи мамлакат эканлиги ана шу муносабатларни юқори поғонага олиб чиқиш ва ишончли мамлакатлар ўртасида амалий алоқаларни ривожлантиришда шунчаки протокол нуқтаи назаридан эмас¸ балки икки мамлакатнинг қизиқиши ва манфаатидан келиб чиқиб ëндашаëтган муносабат сифатида тилга олиш мумкин.

Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги қарийб 25 фоизини Россия эгаллаши ëки бўлмаса Россиянинг МДҲ мамлакатлари орасида асосий шерикларидан бири сифатида тан олиниши бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг жадал суръатлар билан ривожланиши ва бу муносабатларнинг мустаҳкам пойдеворга эга эканлигини кўрсатади.

Озодлик: Фарҳоджон бу расмий фикрга бирор-бир эътироз борми?

Фарҳод Толипов: Россия билан ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш керак деган фикрни албатта қўллаб-қувватлайман. Россия Ўзбекистон учун тўла эгалланмаган¸ ўзлаштирилмаган бозор макони десак ҳам муболаға бўлмайди.

Юқорида Ўзбекистон товар айрибошлашида Россиянинг улуши 30 фоиз деб тўғри айтилди. Шундан Ўзбекистон учун Россия билан савдо алоқаларини ривожлантириш қанчалик муҳим эканлиги кўриниб турибди.

Қолаверса¸ Ўзбекистонга келаëтган хорижий инвестицияларнинг 40 фоизи Россиядан келаяпти. Россиянинг жуда кўплаб қўшма корхоналари Ўзбекистонда иш олиб боради.

Айрим маълумотларга қараганда Ўзбекистонда Россия капитали бўлган корхоналар 300 та. Мана Лукойл¸ Газпром¸ МТС каби йирик рус компаниялари Ўзбекистонда фаолият юритади. Бунинг ўзи жуда катта истиқболлардан далолат берувчи омил.

Қолаверса Медведев келишидан олдин Ўзбекистон президенти Лукойл компанияси раҳбари Алекперовни ҳам қабул қилди деган гапларни эшитдик. Бу ҳам бир сигнал десак бўлади.

Ўзбекистон ўзининг энергия ресурсларини ривожлантиришда Россиянинг капиталини киритишга¸ бу соҳада ҳамкорлик қилишга тайëр эканлигини билдираяпти.

Мен буларнинг ҳаммасини қўллаб-қувватлайман. Биз масалага бошқа томондан ҳам ëндашишимиз керак.

Озодлик: Мен ҳам шуни сўрамоқчи эдим. Ғафур Жамоловнинг айтишича¸ биз Россия билан ҳамкор эмас балки иттифоқчи давлатмиз ва бу интеграцияга туртки беради. Интеграциянинг тарафдори сифатида сиз масаланинг бу қиррасини қандай баҳолаган бўлардингиз?

Фарҳод Толипов: Бу жуда катта баҳсни тақозо этадиган муаммо. МДҲ доирасида 17 йилдан бери давом этиб келаëтган интеграцион экспериментни кузатган ва таҳлил қилган ҳолда шундай бир хулосаларга келганманки¸ бунга далилларим жуда кўп.

МДҲ ўзи инқирозга учраган бир структура бўлиб¸ бутун собиқ совет маконини интеграциялаштириш бу ҳозирча сохта ғоя. Яъни уни қандайдир шаклда ҳамдўстлик деган ном остида¸ ҳали ҳамдўстлик деган сўзнинг маъноси мавҳум¸ интеграциялаштириш истиқболлари ҳали маълум эмас.

Шундай шароитда ва айниқса бунга қўшган ҳолда геосиëсий жараëнлар кучайган бир пайтда марказий осиëликларнинг ўзларининг жиддий бир вазифаси турибди. Яъни ўзларининг интеграцион структурасини тиклаши керак.

Бир неча йил олдин Марказий Осиë ҳамкорлик ташкилоти деган ташкилот ЕвроосиëИҲ билан бирлаштирилган ҳолда фаолияти тўхтатилди. Ана шундай ташкилотни¸ Марказий Осиë ҳамкорлик ташкилотини қайтадан тиклаш стратегик вазифа бўлиб турибди.

Россия билан ҳамкорлик олиб бориш керак. Ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш керак. Бу шак-шубҳа туғдирмайдиган масала.

Аммо турли хил геосиëсий жараëнларни инобатга олган ҳолда¸ МДҲ даги инқирозли ҳолатларни инобатга олган ҳолда биз шундай фикрга келаяпмизки¸ Марказий Осиë ўзининг интеграцион структурасини тиклаши керак.

Озодлик: Ҳар ҳолда Дмитрий Медведев Марказий Осиëнинг бирлашиши учун келмаган бўлса керак.

Носир Зокир: Мен жавоб берай.

Озодлик: Марҳамат Носир ака.

Носир Зокир: Мен Фарҳоджоннинг Ўрта Осиë интеграция масалаларига тўлиқ қўшиламан. Лекин бу ҳам бўлмайдиган иш.

Бир ўйлаб кўрайлик биз¸ МДҲ нима учун ташкил бўлган? МДҲ Россия томонидан собиқ иттифоқ давлатларини қўл остида ушлаб туриш учун тузилган бир ташкилот.

Фарҳоджон айтганидай бу ҳеч қанақа эффект бергани йўқ. Россия қўрқитиш орқали¸ урушлар чиқариш орқали собиқ совет иттифоқи давлатларини қўлида ушлаб турмоқчи бўлаяпти. Буни эсдан чиқармаслик керак.

“Қозонга яқин юрсанг¸ қораси юқади” деган гап бор. Тўғри Россия билан иқтисодий алоқаларимиз яхши бўлиши керак¸ сиëсий алоқалар майли бўлсин¸ лекин бу тўлиқ Россиянинг манфаатидан келиб чиққан бўлмаслиги керак.

Россия ҳеч қачон ўзбек халқининг дўсти бўлмаган¸ бундан кейин ҳам бўлмайди. Биз буни ўйлаб кўрайлик.

Бунинг ўрнига биз демократик давлатлар билан¸ бизнинг халқимизнинг манфаатларини ўйлайдиган давлатлар билан яқинроқ бўлишимиз керак.

Рус беш панжасини оғзига тиқиб¸ мана Бухорода Газпром ковлаяпти¸ яна Лукойл ҳам кириб келаяпти. Бу бизнинг зараримизгаку. Яна тиллани ковлади¸ газни ковлади деган гаплар бўлаяпти.

Бу ҳукумат тепасида ўтирганларнинг манфаати учун бўлиши мумкин¸ лекин бизнинг халқимизнинг манфаати учун эмас. Кремл ўзбек халқи учун ҳеч қачон яхши иш қилмаган ва бундан кейин ҳам қилмайди. Мен шахсан бу нарсанинг тарафдори эмасман.

Озодлик: Сиëсатда дўстлар ва душманлар йўқ¸ оқ-қора ранглар йўқ¸ балки манфаатлар бор. Бу гапни Британия бош вазирларидан Черчилл айтган. Бундан ташқари Тургенев деган ëзувчи ўтган асрда шундай ëзган эди: Россия бизларсиз ҳам яшайверади¸ аммо бизларнинг ҳеч биримиз Россиясиз яшай олмаймиз. Тошпўлат ака Ўзбекистон-Россия муносабатлари қандай бўлиши керак?

Тошпўлат Йўлдошев: Бу сиëсат манфаатларни акс эттиради. Манфаатларга келганда Россия Ўзбекистондан ҳақиқатан ҳам газни¸ қазилма бойликларни¸ уранни¸ бошқа табиий ресурсларни олиб чиқиб кетди.

Айтайлик бу ерда замонавий корхоналарни қургани йўқ. Шунинг учун ҳам Каримов Москвадан хафа бўлиб¸ норози бўлиб алоқаларни энди бошқа тарзда ўрнатайлик деган фикрни олдига қўйган.

Мана Россия Қирғизистонга¸ Тожикистонга инвестиция киритди. Агар истаса¸ Ўзбекистонда ҳам замонавий корхоналарни қуриши мумкин.

Кейин орада Ўзбекистон томонидан анча қарзлар кўпайиб қолган. Мана меҳнат муҳожирлари тўғрисида ҳам масала кўтарилди.

Мен кеча Россиянинг “Завтра” деган газетасини қараб чиқдим. Миграцион системанинг статистик маълумотларига қараганда Россияда 7 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири бор экан.

Лекин ўшаларнинг гапидан келиб чиқиб нолегаллари билан қўшганда 15 миллион бўлар экан. Ўзбекистондан камида 5-6 миллион муҳожир бор. Бу масалаларни ҳал қилиш керак. Ўзбекистон бу масалада Россия билан ҳеч қандай шартнома тузмади.

Мана яқинда Россия очиқ норозилик сифатида Ўзбекистонга 4 мингта машинани қайтариб юборди. Хуллас орада ҳал қилинмаган¸ ўзининг ечимини кутиб турган масалалар жуда кўп.

Ғафур Жамоловнинг гапи бўйича ҳамма ëқ зўр¸ олам гулистон. Олам гулистон бўлса¸ Медведев бу ëққа келиб нима қилади? Келибдими¸ демак ҳар томон ўзининг манфаатларини кўзлаган ҳолда яъни Ўзбекистон ишлаб чиқаришни кўпайтириши керак¸ замонавий корхона қуриш керак¸ Россия эса бунга инвестиция киритиши керак.

Россия мана шу нарсага ëрдам бериши керак. Боя ЕвроосиëИҲ¸ МДҲ доирасида интеграция жараëнлари тўғрисида гапирилди.

Бу нарсасиз битта мамлакат¸ яккаланган ҳолда¸ иҳоталанган ҳолда ҳеч нарса қила олмайди. Қўлидан иш келмайди.

Ислом Каримов буни хоҳлайдими ëки йўқми¸ бу жараëнларни жадаллаштириш керак. Мамлакатни бошқаларга¸ бошқа мамлакатларни эса ўзимизга очишимиз керак.

Озодлик: Баҳромжон Ўзбекистон-Россия муносабатлари қандай қурилгани маъқул? Ҳар ҳолда Россияда меҳнат қилаëтган мардикорлар ики давлар орасидаги муносабатлар яхши бўлишини истайдику.

Баҳром Ҳамроев: Албатта биз ҳам истаймиз. Ўз халқининг устида қамчи ўйнатишга тайëр бўлиб турган Кремл бугун ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ëки ўзбекларнинг ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилмайди.

Бунга сабаблар бор. Ўзбекистон презиндети Ислом Каримов ўз мамлакатини яъни Ўзбекистонни тайëр қул етказадиган мамлакатга айлантирди.

Менинг сўзимни тўғри тушунинглар. Қул ҳаммага ҳам керак. Бунча қулларни Ўзбекистон президенти яратди. Каримов бунча қулнинг ҳаққини талаб қилишга ўзини маънавий ҳақсиз деб ҳисоблайди.

Россияга келиб қуллик қилаëтган¸ хўрлик кўраëтган бу халқнинг ҳуқуқини Ўзбекистон Кремлдан ëки Россия ҳукуматидан бир марта ҳам талаб қилмади.

Озодлик: Анвар Усмоновнинг ҳам фикри бор экан. Унга кўра бу суҳбатда инсон ҳуқуқлари тўғрисида гап бўлмас¸ аммо сиëсат унсурлари бўлади.

Анвар Усмонов: Биринчидан унақа жуда катта келажак йўқ. Каримов бу эски ҳаммом¸ эски тос. Бугун Россия билан бирга бўлади¸ эртага қаршилигини кўрсатади.

Менимча Ўзбекистон президенти Россия учун унақа фигура эмас. Россиянинг мақсади Каримовни алмаштириш.

Меросхўрлик масаласи бу ерда. Ҳозир бу меросхўр номаълум. Ҳақиқий фигура йўқ. Ëшларнинг ҳали сиëсий тажрибаси йўқ. Турклар айтганидай бу яширин фигура бўлади.

Озодлик: Демак¸ Анвар Усмонов Медведев Тошкентга яширин номзодни танлаш учун борди деган фикрни билдирмоқда. Фарҳоджон сиз бу тахминларга қандай қарайсиз?

Фарҳод Толипов: Мен бу фикрга мутлақо қўшилмайман. Ўзбекистонда сиëсий ҳокимиятнинг анча мустаҳкам эканлигига менинг ишончим комил. Ҳали сиëсий ҳокимиятни ўзгартириш масаласига вақт келгани йўқ ва кун тартибига қўйилганича йўқ.

Озодлик: Менимча кун тартибида газ ва тижорат масалалари бўлса керак.

Фарҳод Толипов: Авваламбор иқтисодий масалалар кун тартибига қўйилади.

Қолаверса Медведев шундай бир шахски¸ унинг унинг ваколатига ҳам¸ тажрибасига ҳам Ўзбекистондаги сиëсий ҳокимият масаласи кирмайди ва қўлидан ҳам келмайди.

Менимча бу масала бўйича эътирозлар бўлмаса керак. Медведев Путин эмас.

Мен яна бир марта айтаман: биз хоҳлаймизми ëки йўқми Ўзбекистон шундай бир жойда¸ шундай бир ҳолатда турибдики¸ унинг буюк давлатлар билан муносабатларни қандай қуришига қараб геосиëсий ўзгаришлар кутишимиз мумкин бўлади.

Ўтган йилнинг апрел ойида президентимиз НАТО саммитида иштирок этган ҳолда Европа томонидан Афғонистонга юбориладиган гуманитар юкларни ўз ҳудудидан ўтказишга розилигини билдирди. У ерда Путин ҳам шунга ўхшаш ташаббус билан чиққан.

Ўшанда илк бор кўп таҳлилчилар Ўзбекистон ғарб билан муносабатларни Россия билан муносабатларни бузмаган ҳолда ўрнатди дейишди.

Илгари Ўзбекистон Россия билан муносабатларни АҚШ билан ëмонлаштириш эвазига қуриш¸ АҚШ билан муносабатларни Россия билан муносабатларни ëмонлаштириш эвазига қуриш тенденцияси кузатиларди.

НАТО саммитида биз шунга гувоҳ бўлдикки¸ Ўзбекистон ғарб билан совуб турган муносабатларни яхшилашга¸ юқори даражага кўтаришга ҳаракат қилиб¸ бунга Россия билан муносабатларни бузмаган ҳолда қолаверса¸ Россия билан бу қарорни мувофиқлаштирган ҳолда амалга оширди деб тахмин қилишимиз мумкин.

Шу пайтгача ë улар¸ ë булар деган андоза бўйича модел қуриларди. Ўзи умуман иккала томонни ҳам рози қилга ҳолда муносабатлар ўрнатиш¸ бундай балансни ушлаб туриш Ўзбекистоннинг географик жойлашувини ҳисобга олганимизда ҳеч ҳам осон эмас.

Мана шу мутаносиблик кўп жиҳатдан Ўзбекистонга ҳам эмас¸ Россиянинг ўзига боғлиқ. Биз Америка билан яхши муносабатда бўлсак Россия бизни рашк қиладими? Европа билан муносабатни яхшиласак Европага рашк қиладими? Энди бу оддий гап билан айтгандада.

Мен ҳозир шуни кузатаяпман. Россиянинг геосиëсати ўзгараяптими ëки йўқми? Ўзбекистон бунга ўзининг ҳиссасини қўшиши мумкин.

Керак бўлса Россияга ëрдам бериши мумкин. Мана шу ташрифларда Ўзбекистон раҳбарияти менинг ўйлашимча қаттиқроқ¸ принципиалроқ турса мақсадга мувофиқ.

Баҳром Ҳамроев: Ўзбекистон бировга эмас¸ ўзининг халқига ëрдам берсин биродар.

Фарҳод Толипов: Ўзбекистон изоляцияда турган.....

Баҳром Ҳамроев: Менга қаранг ака. Ўзбекистон ҳукумати ўзининг халқини гадой қилди. Буни бутун дунë тан олади.

Бугун аëлларимизнинг¸ қизларимизнинг Россияга келиб қанақа бир ҳолатда яшаëтганини.....

Озодлик: Баҳромжон..

Баҳром Ҳамроев: Мутахассислар айтаяпти бу гапни.

Озодлик: Баҳромжон бизнинг мавзумиз тор.

Фарҳод Толипов: Менга сўз бергандингиз. Менинг сўзим бўлиндику.

Озодлик: Марҳамат.

Фарҳод Толипов: Мен ҳозир Россиянинг МДҲ¸ хусусан Ўзбекистонга нисбатан қурилаëтган сиëсатида бир нарсани кутаяпман ва шуни кузатаяпман: мана Россиянинг учинчи президенти Ўзбекситонга келди.

Аммо биз ҳалигача Россиянинг Ўзбекистонга нисбатан ташқи сиëсатида фундаментал ўзгаришларни кузатганимизча йўқ. Мен Россиянинг собиқ совет ўлкалари хусусан Ўзбекистон билан янгича модел бўйича сиëсат қуришини кутаяпман.

Агар биз АҚШ ва Европа билан муносабатларни яхшиласак ва бу Россия томонидан салбий қабул қилинса¸ бу билвосита ва бевосита эски сиëсатдан далолат.

Мана шундай ҳолатлар давом этаверса¸ Ўзбекистон ўзининг позицияларида қаттиқроқ¸ принципиалроқ туриши керак.

Озодлик: Тарих улуғ мураббий деган нарса бор. Биз тарихдан хулоса чиқара оламизми? Биз бу борада ëзувчи Одил Ëқубовга мурожаат қилсак.

Одил Ëқубов: Тарихи энди жуда узоққа қараб кетади. Россия билан муносабатлар инқилобгача бир хил бўлган. Инқилобдан кейин биласиз бошқача бўлди. Ҳозир эса умуман бошқача.

Дейлик Чор Россияси бутун Ўрта Осиëни босиб қолган. Тошкентда чор ҳукуматининг генерал губернатори ишлаган. Ўша генерал губернатор адолатли бўлсин¸ адолатсиз бўлсин ҳамма балони қилган.

Россия мағлубиятга учраб турган пайтда¸ Ўрта Осиëдаги йигитларни ҳам армияга чақирган. Энди бу ҳақда ҳар хил фикрлар бор.

Руслар “Ўрта осиëликлар фронтда катта қаҳрамонлик кўрсатди” деган гапларга қарши. Унақа гаплар айтилса ўчириб ҳам ташлайди.

Лекин кўп одамларимиз урушда ҳалок бўлган¸ фронт орасидаги қора ишларнинг ҳаммасига бизнинг Ўрта Осиëнинг одамлари ташланган. Фронтнинг орқасида ҳам кўп одамлар ўлиб кетган.

Озодлик: Одил ака Ўзбекистон-Россия муносабатларининг истиқболларига қандай муносабатингиз бор?

Одил Ëқубов: Истиқбол яхши бўлар дейман. Россия ҳозир Ўрта Осиëга¸ унинг бойликларига муҳтож. Шунинг учун келдику мана президенти. Бу энди муносабатларни яхшилаш маъносида бўлаëтган ишку.
XS
SM
MD
LG