Линклар

Араб шаҳзодаси чақириқ билан чиқди


Ғазо хуружи Фаластинда ота-онасиз ва бошпанасиз гўдаклар сонини кўпайтирди.

Ғазо хуружи Фаластинда ота-онасиз ва бошпанасиз гўдаклар сонини кўпайтирди.

Саудия Арабистони қироллик оиласи вакиллари расмий Вашингтоннинг Исроил-Фаластин можаросига бўлган муносабатини ўзгартиришига умид қилмоқдалар.

Саудия Арабистони қироллик оиласи вакили, шаҳзода Туркий ал-Файсал, агар АҚШ расмийлари Исроил-Фаластин можаросига нисбатан позициясини ўзгартирмасалар, Яқин Шарқ тинчлик жараёни ҳамда АҚШ-Саудия Арабистони муносабатлари салбий томонга ўзгариши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Туркий ал-Файсалга кўра, Исроил Ғазога ҳужум қилгандан сўнг Саудия Арабистони ва араб давлатларининг тоқати тоқ бўлган.

- АҚШнинг янги маъмурияти бундан буён фаластинликларга нисбатан зўровонликларни олдини ола билмаса, Яқин Шарқ тинчлик жараёни, АҚШ-Саудия муносабатлари ва минтақа хавфсизлиги катта таҳдид остида қолади, деди шаҳзода ал-Файсал.


Исроил қўшинларининг 22 кун давомида Ғазода олиб борган ҳарбий амалиёти оқибатида 1300 га яқин фаластинлик нобуд бўлди, беш мингдан ортиқ фуқаро тан жароҳати олди.


Исроил томони Ғазодаги амалиётлар ракета ҳужуми уюштираётган Ҳамас жангариларига қарши қаратилганини таъкидлаб келмоқда.

22 январ куни Исроилнинг Сдерот шаҳрида чиқиш қилган мамлакат бош вазири Эҳуд Олмерт:


- Биз жудаям бир мураккаб минтақада яшаймиз. Шундай қўшниларимиз борки, эртага улардан нимани кутишни ҳам билмайсан. Бир неча кунга бўлса ҳам, ўзаро ўт очишни тўхтатиш битимига эришилиб, хурсандчилик ҳукм сураётганига қарамай, воқелар ривожи тубдан ўзгариши мумкинлигини ҳам инобатга олишимиз даркор, дея қайд этди.

Айни пайтда АҚШнинг янги президенти Барак Обама жорий ҳафта қилган чиқишида расмий Вашингтоннинг минтақада тинчликка эришиш йўлида қилинаётган уринишларга содиқ қолажагини яна бир бор таъкидлади.


Обама президент сифатида ишга киришгач, дарҳол Исроил ва Араб давлатлари етакчилари, жумладан, Саудия Арибистони етакчиларига қўнғироқ қилиб, Яқин Шарқ масаласини муҳокама қилди.

- Исроилликлар ва фаластинликлар¸ қолаверса Исроил ва унинг араб қўшнилари учун давомли тинчлик ўрнатиш маъмуриятимнинг фаол сиëсати бўлади¸ деди президент Обама 22 январ куни қилган чиқишида.


Шаҳзода Туркий ал-Файсал ҳам расмий Вашингтондан Яқин Шарқ масаласида янгича ёндашув кутаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, агар АҚШ Яқин Шарқда собиқ президент Жорж Буш давридан қолган сиёсатни давом эттираверса, Вашингтон минтақадаги раҳбарлик ролидан маҳрум бўлиши мумкин.

Шаҳзоданинг билдиришича, Барак Обама Исроилнинг Ғарбий соҳилда янги турар-жойлар барпо этишини ва Ғазо қамалини кескин қоралаши даркор.

- Бундан ташқари, АҚШ Исроилни босиб олинган Ливан ерларидан ўз ҳарбийларини чиқариш ва Сурия билан музокаралар бошлашга ундаши лозим, деди Туркий ал-Файсал.

Араб ва Исроил раҳбарларини тинчлик учун фаол жараëн бошлашга даъват қилган АҚШ президенти Барак Обама америкалик сенатор ва моҳир халқаро воситачи Жорж Митчелни АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили этиб тайинлади.


Араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги музокараларни қайта бошлаш вазифаси айнан Жорж Митчел зиммасига юклатилди.

2001 йили Жорж Митчел Исроилни Фаластин ҳудудларида яҳудийлар учун маҳалла қуришни тўхтатиш¸ фаластинликларни эса террорчиликка қарши кескинроқ курашишга чақирувчи ҳисобот эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG