Линклар

logo-print

"Шароитим тўғри келмайди”


Ўзбекистонлик иқтисодчи Ивонинга кўра, ҳар йили мамлакат ўрта мактабларини битираётган 450 минг йигит-қизларнинг фақат 10 фоизигина олийгоҳларга кириб ўқиш имкониятига эга.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ивонинга кўра, ҳар йили мамлакат ўрта мактабларини битираётган 450 минг йигит-қизларнинг фақат 10 фоизигина олийгоҳларга кириб ўқиш имкониятига эга.

Олий ўқув юртларидаги шартнома нархини аксар оилалар ҳамёни кўтармаслиги боис¸ олий таълим олиш ўн минглаб ўзбек ёшлари учун ушалмас орзу бўлиб қолаётир.

Дилшодбек 22 ёшда. Оиладаги қийин иқтисодий вазият унинг олий ўқув юртига кириш орзусини йўққа чиқарган.

Бир неча йилдан бери дўконларнинг бирида сотувчилик қилиш билан кун кўраётган бу йигит, сўнгги пайтларда молиявий инқироз аксар ўзбек оилалалари сингари унинг оиласини ҳам янада камбағаллаштирганини айтади:

- Иқтисодий инқирознинг жуда катта таъсири бўлаяпти, одамларга. Ишсизлар жуда кўп, одамларда пул йўқ. Беш-ўн сўм топиш мақсадида ўғрилик қилишга мажбур бўлаётганлар ҳам анчагина. Ёшлар пул йўқлигидан ўқишга киролмаяпти.

Дилшодбекнинг айтишича, моддий қийинчилик туфайли унинг укаси ҳам ўтган йили талаба бўлиш орзусидан воз кечган.

- Олийгоҳга топширган эди, шартнома асосида ўқитиладиган бўлимга қабул қилишди. Шартнома асосида ўқиш ҳақи жуда қиммат экан, шунинг учун ҳам ўқий олмади.

Ҳозир у ҳам бир дўконда сотувчилик қилаяпти. “Ўқишга пул сарфлаш ўрнига ишлаб уйимга пул ташлайман”, деди, деб ҳикок қилади ўзбекистонлик Дилшодбек.

Ўзбекистон олийгоҳларида шартнома асосида ўқувчи талабалар йилига қанча ҳақ тўлашлари билан қизиқиб кўрдик.

Тошкентдаги бир қатор университетларга телефон қилиб, ўқиш ҳақини суриштирдик. Сўровимиз натижасида маълум бўлдики, ҳозирда Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида бир йиллик контракт тўловлари бир - бир ярим миллион сўмгача бўлган миқдорни ташкил қилади. Бу эса 700 - 1000 АҚШ доллари демакдир.

Тошкентдаги олий ўқув юртларининг бирида 4 -курс талабаси бўлган Жаҳонгир университетлардаги контракт тўлови миқдори аксар талаба ва ота-оналар ҳамёнига тўғри келмаётганини айтади.

-Университетимизда бир талаба бор эди. Контрактда ўқиганлиги учун бозорда бир ой аравакашлик қилишга мажбур бўлди. Катта фарзанд бўлгани учун у оилани ҳам боқиши керак экан. Контрактини ҳам, оиласини ҳам бир амаллаяпти. “Контракт асосида ўқишга кирсам аниқ пул тўлолмайман, оилавий шароитим тўғри келмайди”, деб айтаётганлар бор ҳақиқатдан, дейди Жаҳонгир.

Мамлакатда кузатилаётган молиявий инқироз пайтида, давлат ҳисобидан ўқийдиганлар сонининг тобора камайиб бораëтгани кўплаб ёшларнинг олий таълим олиш орзусини бир четга суриб қўйиб, бозорлардаги иш ўринларини тўлдиришларига сабаб бўлаётгани кузатилмоқда.

Талаба ёшлардан бири бўлган Феруза ҳам шартнома пулини тўлашда қийинчиликка дуч келган ёшлардан биридир.

- Талабаларнинг контрактлари бир-бир ярим миллионгача боради. Ота-оналар бир йил давомида фарзандининг контрактини тўлаш учун бунча пул йиғиб беролмайди. Айниқса¸ бу йил пул масаласи жуда ҳам қийин бўлиб кетди. Оддий ишда ишлайдиган ота-она учун бунча пулни топиб бериш ўта оғир. Чунки ойликлар 150 минг, энг кўпи 300 минг сўм, дейди Феруза.

Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчиси, сиёсатшунос Фарҳод Толипов эса бугунги кунда Ўзбекистон ёшларининг аввалги йилларга нисбатан олий таълим олиш имконидан маҳрум экани ҳақидаги фикрларга қўшилмаслигини айтади.

- Гап шундаки, контрактга кирган талабанинг бир йиллик ўқиши учун қанча пул тўлашидан хабарим бор. Талаба ота-оналар кўмагида йилига тахминан бир миллион сўмни тўлаши мумкин. Ўртача, ҳаттоки ўртачадан пастроқ бўлган оилалар ҳам йилига бир миллион пул тўлашга қодир.

Масалан, ўтган йили контракт асосида ўқишга илинмаган талабаларга қўшимча жойлар ажратилиши эълон қилинди ва айнан ўша қўшимча жойларга ўқишга кирмоқчи бўлганлар сони жуда кўп бўлди, дейди университет ўиқтувчиси.

Сўзи давомида Толипов ҳар қандай миқдордаги пулни тўлаб, фарзандини ўқишга киритиш истагида бўлган ота-оналар нафақат пойтахт, балки вилоятларда ҳам кўп экани аниқланганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.

Бироқ ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивониннинг Озодлик радиосига айтишича, ҳар йили мамлакат ўрта таълим масканларини тахминан 450 минг ўқувчи битиради.

Ивонин таъкидича, битирувчиларнинг 45 минги, яъни 10 фоизигина олий ўқув юртларида таҳсил олиш имкониятига эга¸ холос.
XS
SM
MD
LG