Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:06

Ўзбекистон шартномани бузди


Тожикистонликлар хонадонида айни қиш кунлари кунига икки соатдан чироқ ёнмоқда, холос
Тожикистонликлар хонадонида айни қиш кунлари кунига икки соатдан чироқ ёнмоқда, холос

Ӯзбекистон туркман электр энергияси транзитини тўхтатгани муносабати билан Тожикистон яна ўтган қишдаги каби энергетик инқироз жарига яқинлашиб қолди.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазири ўринбосари Пўлат Муҳиддинов мамлакатда энергетикага доир вазъиятни ўта ташвишли дея баҳолади.

У бундай вазиятнинг келиб чиқишида ноъмалум сабабларга кўра Туркманистондан олинаётган электр энергияси транзитини батамом тўхтатиб қўйган Ўзбекистонни айблади.

- Ўтган йили Марказий Осиё энерегетиклари раҳбарларининг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Туркманистондан Тожикистонга импорт қилинадиган 1 миллиард 200 миллион киловатт соат электрни 2008 йилнинг ноябридан 2009 йилнинг майига қадар ҳар ой 200 миллион киловатт соатдан транзит қилиб бериш мажбуриятини олган эди.

Аммо ўзбеклар 1 январдан эътиборан давлатлараро шартномани бир ёқлама бекор қилди.

Буни ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз 550 киловолтлик «Қоракўл» подстанциясида техник нуқсонлар мавжудлиги билан изоҳлашди.

Ўзбекистон томони, агар биз табиий газнинг ҳар минг куб метрини 245 доллардан сотиб олиш борасидаги шартномани имзоласак¸ туркман электрини узликсиз узатиб туришни ваъда қилган эди.

Ўтган йил 31 декабрида Ўзбекистон билан табиий газ нархига доир шартномани ҳам имзоладик.

Аммо шартнома имзоланган кунининг эртасига ўз ваъдасида турмаган Ўзбекистон Туркманистон электр энергияси транзитини батамом тўхтатиб қўйди, деди Тожикистон Энергетика вазири ўринбосари Пўлат Муҳиддинов.

Муҳиддиновнинг билдиришича, декабр ойи сўнгида Тошкентда бўлиб қайтган тожик делегациясига "Қоракўл" подстанцияни кўриш ва агар имкон бўлса¸ таъмирлаш ишларида қатнашишга Ўзбекистон томони қатъийлик билан қаршилик кўрсатган.

Муҳиддинов “Қоракўл” подстансиясида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлса, Ўзбекистон туркман электрини 220 киловолтлик юқори кучланишли бошқа электр узатиш тармоқлари орқали таранзит қилиш имкониятига эгалигини, бироқ ноъмалум сабаблар билан бу имконият ишга солинмаётганини айтди.

Расмийга кўра, Тожикистон электр энергияси транзити учун Ўзбекистондан қарздор ҳам эмас.

- Аксинча, “Ўзбекэнерго” ширкати узатилмай қолган электр энергияси учун биздан 4 миллион доллар қарздор бўлиб қолган, деди Муҳиддинов.

Тожикистон Энергетика вазирлиги расмийсининг маълум қилишича, айни кунларда мамлакатда бир кеча -кундузда 36 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилмоқда.

Аммо ташқаридан электр узатиш тўхтатилгани ва Норак сув омборида сув сатҳининг тобара пастлаб бориши оқибатида феврал ойи биринчи ўн кунлигига бориб ишлаб чиқарилаётган электр энергияси мамлакат эҳтиёжини қопалай олмай қолади.

- Шуни назарга олган ҳолда¸ 15 февралга қадар Душанбе шаҳрида ҳам электр энергиясига чеклов белгилашни режалаштирмоқдамиз, дейди Муҳиддинов..

Муҳиддинов энергетик инқироз олдини олиш мақсадида ҳозирдан зарур тадбирлар кўрилаётганини ва давлат раҳбари топшириғи билан бош вазири ўринбосари Муродилло Алимардонов шу ҳафта Тошкентга отланаётганини маълум қилди.

Ўтган йилнинг 20 февралида Тожикистон энергетик инқирозга дуч келгани расман эълон қилинган ва Душанбе аҳолиси электр таъминотдан батамом узилиб қолган эди.

Сўнгги 25 йил давомида илк бор қаҳратон қишни бошдан кечирган душанбеликлар 35 даража совуқ бўлган ўша кунларни даҳшат билан эсга оладилар.

Ўтаган йилги қишда Туркманистондан берилаётган электр таъминотидан узилиб қолган Тожикистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларида қайд этилишча, 237 нафар чақалоқ нобуд булган эди.
XS
SM
MD
LG