Линклар

logo-print

Деҳқон омочи билан қолаверади


Фермерларнинг айтишларича, 325 миллион доллар билан ҳам ўн йиллар давомида тўпланиб қолган қишлоқ муаммоларини бир йил ичида ҳал этиб бўлмайди.

Фермерларнинг айтишларича, 325 миллион доллар билан ҳам ўн йиллар давомида тўпланиб қолган қишлоқ муаммоларини бир йил ичида ҳал этиб бўлмайди.

Расмий Тошкент “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”да қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга маблағ ажратаëтган бўлса-да¸ бу уринишлар самараси савол остида қолмоқда.

Кузатувчилар хориж молиявий кўмагига қарамай, мамлакат қишлоқларида жуда кўплаб муаммолар мавжудлиги боис бир йил ичида бу муаммоларни ҳал қилиш қийинлигини айтмоқдалар.

Кубай Ортиқов Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги “Боға Раҳмон” фермер хўжалиги раҳбари. У жорий йилда фермер хўжалигини кенгайтириб, экин майдонини 100 гектардан оширди.

Кубай Ортиқовни Хўжайли аҳли собиқ раис сифатида яхши танийди. Кубай оға узоқ йиллар Хўжайлидаги қишлоқлардан бирига раислик қилгани боис ҳам қишлоқ хўжалигидаги муаммоларидан жуда яхши хабардор.

- Бизда энг асосий муаммо сув. Сувнинг камлиги жуда сезилаяпти. Масалан¸ пахтасини бир марта ҳам суғора олмай қолган фермерлар бор. Сув оз бўлса ҳам бор , лекин ундан пала-партиш фойдаланишади¸ ҳар ким кўрпани ўзига тортади. Кимнинг қўлида ҳокимият бўлса¸ унинг шолиси сувли бўлади¸ дейди Кубай Ортиқов.

Хоразмлик собиқ фермер Отаназар Оллаберганов қишлоқ жойларида экин майдонларининг талон-тарож қилинишини асосий муаммолардан бири деб ҳисоблайди.

- Ернинг талон-тарож қилиниши бор¸ ерни сотиш бор. Ҳокимдан тортиб ҳамма ер савдоси билан машғул. Давлат учун¸ халқ учун ишлайдиган одам йўқ¸ дейди Отаназар Оллаберганов.

Кубай Ортиқов техника муаммоси ҳам қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалалардан эканлигини айтади.

- Техника ҳам катта муаммо. Мажуд техниканинг ҳаммаси тугаб битай деб қолган. Бу жуда катта масала. Ахир биз осмонга учаяпмиз¸ космосни эгаллаяпмиз. Шунинг учун илгаргидай ҳўкиз ва омоч билан ер ҳайдай олмаймизку¸ дейди Кубай Ортиқов.

Кубай Ортиқовга кўра, ернинг мелиоратив ҳолатининг ёмонлиги ҳосил самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Расмий маълумотларга кўра, Хоразм, Қорақалпоғистон, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида ернинг мелиоратив ҳолати талаб даражасида эмас.

Хоразм ва Қорақалпоғистонда сув тақчиллиги бўлса, Фарғона водийсида ер ости сувларининг кўтарилиб кетиш муаммоси кузатилади.

Мавжуд маълумотларга кўра, Фарғона вилоятининг Риштон туманида кейинги йилларда ер ости сувларининг кўтарилиб кетиши натижасида тупроқнинг захланиш даражаси ошиб, қишлоқ хўжалигига жиддий зарар келтираяпти.

12.uz ахборот портали тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистон ҳукумати шу каби муаммоларни бартараф қилиш учун хориждан катта қарз кўтарган.

Жами 15 та лойиҳани ўз ичига олган махсус дастурни амалга ошириш учун 325 миллион доллардан кўпроқ миқдорида маблағ сарфланиши режалаштирилаётир.

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ходими эса ҳали бу борада гапиришга эрта эканлигини билдирди.

- Кечирасиз¸ ҳали дастур қабул қилингани йўқ. “Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили”га ҳали дастур чиққани йўқ. Дастур ҳали эълон қилинмаган пайтда бу ҳақда гапириш қанчалик мақсадга мувофиқ ëки мувофиқ эмас билмадим.

Дастур эълон қилингач¸ бу йўналишга мана шунча маблағ ажратилди, деб айтишимиз керак. Ажратилган пул бундан кўпроқ ҳам бўлиши мумкин¸ кам ҳам бўлиши мумкин. Президент қарори чиққандан кейин кучга кирадида¸бу дастур, дейди Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ходими.

Хоразмлик собиқ фермер Отаназар Оллаберганов махсус дастурлар барчаси хўжакўрсинга бўлишини айтади.

- Қишлоқ хўжалиги борми¸ бошқа соҳа борми – бу ерда мансабдорларнинг ҳаммаси ўғри. Инвестиция киритиладими¸ ëрдам ажратиладими барибир бу жойига етиб келмайди. Катталар уни чўнтагига¸ уй қуришга¸ машина олишга сарфлайди. Бунинг қишлоқ хўжалигига¸ оддий деҳқонга ҳеч қандай ëрдами тегмайди. Қишлоқ тараққиëти йили бўладими¸ бошқа йил бўладими ҳаммаси фақат номига бўлади. Ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди¸ дейди Отаназар Оллаберганов.

12. uz маълумотига кўра, айни пайтда мамлакатда жами 500 га яқин лойиҳани ўзи ичига олган бошқа бир махсус дастур амалга оширилаётган бўлиб, унга мувофиқ суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш кўзда тутилган.
XS
SM
MD
LG