Линклар

"Ирмоқ "чилар қармоққа тушди

  • Абдулла Искандар

Даракларга кўра¸ илмий-оммабоп журнал муҳаррирлари журнални радикал исломий гуруҳ маблағи ҳисобига юритганликда айбланмоқдалар.

Даракларга кўра¸ илмий-оммабоп журнал муҳаррирлари журнални радикал исломий гуруҳ маблағи ҳисобига юритганликда айбланмоқдалар.

Ўзбекистонда чоп этиладиган “Ирмоқ” илмий-оммабоп журналининг беш нафар журналисти нурчилар мафкурасини тарғиб қилганликда айбланиб¸ қамоққа олинган.

Ўз исми очиқланишини истамаган икки тошкентлик журналист “Ирмоқ” журналининг беш нафар журналисти қамоққа олинганлигини тасдиқлади.

“Ирмоқ” журналистлари тақдири билан боғлиқ тафсилотларни тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташанов Озодлик мухбирига маълум қилди.

- Журнал ходимларининг бештаси ҳибсга олинганлиги тўғрисида маълумот олдик¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ташановга кўра¸ “Ирмоқ” журналистлари Туркиядаги “Nurciler” (нурчилар) диний маърифий ташкилотидан молиявий кўмак олганликда айбланмоқда.

- Журналнинг ходимларидан айримлари билан гаплашганимизда¸ ўзларининг номларини ошкор қилмаслик шарти билан¸ уларнинг диний- радикал оқимнинг маблағига журнал чиқарганликда айбланиб¸ ҳибсда турганлигини¸ терговлар бўлиб¸ иш ҳозир мана судга етганлигини айтишди.

Ўша маълумотларга кўра¸ ҳозирда Шуҳрат Мустафоев ва Динмуҳаммад деган журналист ҳибсда. Ҳозирча қолганларининг исм-фамилиясини аниқлашнинг имкони бўлмади¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ташанов назарида “Ирмоқ” журналидаги илмий -оммабоп мақолалар моҳиятан диний мазмунга эга.

- Илмий-маърифий мақолалар берган¸ лекин ўша мақолаларнинг ўзида барибир Исломдан келиб чиқадиган нималар устувор. Мен бир-иккита мақолани ўқиб чиқдим. Унда фақат Исломга олиб бориб¸ фақат ўша Исломдаги одам яратилиши билан боғлиқ ғояларни тарғиб қилиш устуворлик қилади.

Илгари “Фан ва турмуш” деган журналнинг ўрнини босадиган ниҳоятда кучли илмий мақолалар бериб келаëтган эди.

Биз журналнинг Ўзбекистон матбуотига хос бўлмаган дизайнидан ҳайратда қолаëтган эдик. Чунки журнал ўз таннархига нисбатан арзон¸ ниҳоятда хушбичим журнал эди.

Унга таниқли тележурналист Ҳамза Жумаев деган бола муҳаррирлик қиларди. Сотувдаги баҳоси 1000 сўм эди. Бу баҳо журнал таннархини қопламайдиган даражада¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

19-20 асрларда яшаган мутафаккир Бадиуззамон Саид Нурсийнинг (1876-1960) маърифий таълимотига асосланган “Nurciler” ташкилоти 1992 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ўндан ортиқ мактаблар очган эди.

1999 йилда бу ташкилот фаолияти Ўзбекистонда таъқиқлаб қўйилди¸ дейди Истанбулда истиқомат қиладиган мухолифат фаоли Пирмуҳаммад.

- Бу ташкилот диний жамоат бўлиб¸ унинг лидери Фатхуллоҳ Гулан деган киши Америкада яшайди. Бу Туркиядаги кўплаб жамоатлардан биттаси.

Нурчилар ташкилотининг Ўзбекистон билан алоқалари мустақиллик йиллари яхши эди. Жамоанинг 10 дан зиëд мактаби Ўзбекистонда фаолият кўрсатиб келаëтган эди.

Фақат 1994-1995 йилларда бу мактаблар Каримов режими тарафидан ëпиб ташланган эди. Бу ташкилот шу мактабларни қайта очиш учун икки йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати билан музокара олиб бораяпти¸ дейди Пирмуҳаммад.

Нурчилар мафкураси ўзагини¸ илм-маърифат¸ ирфон орқали босқичма-босқич диний давлат барпо этиш маслаги ташкил этади.

Озодлик мухбири Меҳрибон беш нафар журналистнинг қамоққа олиниши юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилди. Прокуратура вакили бу фактни текшириб кўриш ваъдасини берди.

Душанба тушдан кейин Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот вакили Светлана Ортиқова ўз тасарруфида бундай маълумотлар йўқлигини мухбиримиз билан суҳбатда таъкидлади.

- Ҳозир шу журнал тўғрисида билдим. Журнал фаолият кўрсатаяпти¸ давлат рўйхатидан ўтган¸ ҳеч қанақа танбеҳлар ëки қанақадир танқидларга учрамаган.

Мухбирингиз ошкор этган учта шахс тўғрисида ҳозир маълумот йиғаяпман. Кечроқ қўнғироқ қилсангизлар балки бирорта маълумотга эга бўлиб қоларман.

Лекин ҳозир журнал фаолият кўрсатаяпти ва ҳеч қанақа тазйиққа учрагани йўқ. Бу журналнинг бош муҳаррири Ҳамза Жумаев. У 2007 йил 23 февралда илмий-маърифий-ижтимоий характерга эга журнал сифатида рўйхатдан ўтган. 52 саҳифадан иборат.

Менга Меҳрибон тахаллус орқалими¸ ўз исм-фамилияси орқалими фаолият кўрсатаëтган журналистлар фамилиясини айтган. Ҳозирча уларнинг қамоққа олинганлиги ëки тазйиққа учраганлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ¸ дейди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот вакили Светлана Ортиқова.

Эслатиб ўтамиз¸ Ортиқова хоним журналистларни қамалган ëки қамалмаганлиги борасида узил-кесил маълумотга эга эмаслигини айтди.

Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG