Линклар

Бўл ва ҳукмронлик қил!

  • Фаррух Юсуфий

Газ ва электр соҳасидаги олди-бердидан ўз қўшниларига сиëсий босим усули сифатида фойдаланиб келаëтган Ўзбекистон ҳукумати¸ сув қартасининг Тожикистон қўлида айни шундай қуролга айланишидан чўчимоқда.

Газ ва электр соҳасидаги олди-бердидан ўз қўшниларига сиëсий босим усули сифатида фойдаланиб келаëтган Ўзбекистон ҳукумати¸ сув қартасининг Тожикистон қўлида айни шундай қуролга айланишидан чўчимоқда.

Россия президентининг Тошкент ва Душанбе ўртасидаги зиддият ўчоғи бўлиб қолаëтган Роғун ГЭСи масаласида Ўзбекистонга ëн босгани¸ қўшнилар ўртасидаги тарангликни янада кучайтирди.

Тожикистонда Роғун ГЭСини қуриш лойиҳаси устидаги баҳс Тошкент билан Душанбе ўртасидаги келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон бундай катта иншоотнинг қурилиши минтақада сув муаммоларини келтириб чиқаришини айтиб, Тожикистоннинг мазкур режасига қарши чиқиб келади.

Роғун ГЭСи масаласи Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистон давлат ташрифи якунларига бағишланган матбуот анжуманида ҳам кўтарилди.

Ўзбекистон телевидениеси мухбири Севара Турсунованинг “Марказий Осиёдаги баъзи давлатларнинг гидро-энергетик иншоотларни қуриш режалари ва бунда минтақадаги бошқа мамлакатларнинг манфаатлари инобатга олиниши борасида Россиянинг позицияси” ҳақидаги саволига Медведевнинг жавоби бундай бўлди:

- Ҳар қандай лойиҳа, хусусан гидро-электр станциялари каби катта лойиҳалар қўшниларнинг фикри инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Мавжуд вазиятда алоҳида иш тутиш кетмайди. Бу ҳеч қандай натижага олиб келмайди ёхуд кейин сиёсий воситалар билан ҳал этиш лозим бўладиган тарангликни келтириб чиқаради.

Келишмовчиликларни ҳал қилишнинг хатарлироқ усулларини гапирмаса ҳам бўлади.

Шу сабабдан гидро-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, у ёки бу буюртмани бажариш ҳақида гап борар экан, Россия федерацияси ўз ҳудудида бирор иншоотни қуриш нияти бўлган ҳар бир давлат қўшнилари билан келишиб олиши лозим, деб ҳисоблайди, дея баён қилди Медведев.

Кремл раҳбарининг бу баёноти Роғун ГЭСига оид Тошкент билан Душанбе ўртасидаги келишмовчиликларда Ўзбекистон тутаётган позицияга ён босиш, деб кўрилмоқда.

Расмий Тошкент Роғун ГЭСи каби улкан иншоот Сирдарё устида қурилиб, ишга тушириладиган бўлса, Сирдарёнинг пастки оқимидан сув оладиган мамлакатларда сув тақчиллиги вужудга келиши мумкинлиги ва шу сабабдан бу лойиҳанинг амалга оширилишида минтақадаги бошқа мамлакатлар манфаатлари инобатга олиниши шартлигини таъкидлаб келади.

Россия шу пайтгача бу масалада Тожикистон томонини олмаган бўлсада, очиқчасига унга қарши ҳам чиқмаган эди. Ҳатто Россиянинг Роғун ГЭСи лойиҳасида иштирокини кўзда тутувчи келишувлар ҳам мавжуд эди.

Масалан, Россиянинг “Русал” ширкати Роғун қурилишига катта ҳисса қўшиши керак эди, лекин баъзи сабабларга кўра, бу келишувлар амалга ошмай қолган.

Шу сабабдан Медведевнинг жума кунги баёнотига Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, расмий нота эълон қилди.

- Тожикистон Россия томонининг Тошкентда эълон қилинган позицияси борасида таажжуб изҳор қилади.

Бу позиция Россия Федерацияси аввал изҳор қилган Роғун ГЭСини биргаликда қуришга оид таклифларига мутлақ зиддир, деди Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби.

Хўш, Роғун ГЭСига оид лойиҳани амалга оширишда ёрдам таклиф қилиб келган ва очиқчасига Тожикистон мавқеъини инкор қилувчи позиция билдирмаган Москва фикри нега тўсатдан ўзгарди?

Таҳлилчилар бунинг бир неча сабаблари борлигини айтишмоқда.

Ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Камолиддин Раббимов фикрича, президент Медведевнинг Тошкентга сафари давомида қилган бу баёноти мезбоннинг кўнглини олишга қаратилган мулозамат бўлиши мумкин ва уни мутлақ Тошкент манфаатларини ёқловчи баёнот, деб қабул қилмаслик лозим.

- Менинг назаримда¸ бу масала Каримов томонидан учрашув даврида кескин даражада ëки жуда ҳам юқори даражада кўтарилган. Шу юқори даражада кўтарилган муаммога Медведевнинг назарий муносабати деб айтишимиз мумкин.

Яъни у бу ерда Россиянинг роли ҳақида гапирмаяпти. Фақатгина “Қўшниларнинг фикри инобатга олинса¸ яхши бўларди” деган бир муносабат билдирилаяпти.

Умуман олганда бу лойиҳа атрофида Россиянинг позицияси қандай бўлади?

Менимча¸ иккала давлатнинг Россия билан муносабатлари соясида бу лойиҳага муносабат шаклланади. Яъни Ўзбекистон-Россия муносабатлари ва Тожикистон-Россия муносабатлари.

Мана шу икки давлат ўртасида қайси бири Россия учун приоритет ва Россия қайси бирига урғу беради?

Назаримда¸ Тожикистон Россиянинг Марказий Осиëдаги ишончли шерикларидан биттаси. 90- йиллар давомида Ўзбекистон каби Ғарбга оғишув бўлмаган.

Тожикистон кейинги пайтларда ўзининг ташқи сиëсатини дифференциация қилишга ҳаракат қилаяпти¸ Ғарб билан яқинлашишга ҳаракат қилаяпти. Лекин бу Россияга қарши кампания билан биргаликда олиб борилаëтгани йўқ.

Имкон қадар иккаласини бирлаштиришга ҳаракат қилаяпти¸ дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Лекин деб қўшимча қилади таҳлилчи, бу масалада Россия эгаллаган позиция муҳим аҳамиятга эга ва Тожикистоннинг Медведев баёнотига зудлик билан муносабат билдиргани бунинг тасдиғидир.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин ҳам Россиянинг бу масаладаги мавқеи салмоқли аҳамиятга эга, дейди.

Лекин, деб давом этади у, айни баёноти билан Медведев айнан Тошкент позициясини ёқлаб чиқди ва бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

- Менимча, бунинг боиси расмий Душанбенинг Россия манфаатларини инобатга олмасдан Роғун ГЭСини қуришга оид музокараларни олиб бораётганидадир.

Гап фақатгина “Русал” ширкатининг Роғун ГЭСи қурилишидаги иштироки ҳақида бормаяпти. “Русал” Роғун ГЭСи қурилишида қатнашишдан ташқари Тожикистон алюминий заводини хусусийлаштиришда қатнашишига ҳам умид қилаётган эди.

Бундан ташқари, Россиянинг РАО ЕЭС ширкати ва энергетика бозоридаги бошқа кичикроқ ширкатлар ҳам бу лойиҳада қатнашмоқчи эди, лекин ҳалигача Тожикистон билан бу масалада муросага кела олгани йўқ, дейди Грозин.

Тожикистон ҳукумати Россиянинг “Русал” ва “РАО ЕЭС” ширкатлари билан Роғун масаласида муросага эриша олмаётгани боис, бу лойиҳани халқаро консорциум тузиш орқали ёхуд ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширишини айтиб келади.

Халқаро ташкилотлар бундай консорциум тузиш ғоясини қўллаб қувватлайди, лекин Роғун ГЭСи лойиҳасида қўшнилар, хусусан Ўзбекистон фикри инобатга олиниши лозимлигини айтиб келади.

Масалан, Тожикистон ҳукуматига бу лойиҳа учун молиявий кўмак ваъда қилган Жаҳон Банкининг мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда, “Роғун ГЭСи лойиҳасини амалга ошириш экологик ва рентабеллик жиҳатидан самарали эканига оид тадқиқот ўтказилиб, унинг натижалари маълум бўлмагунга қадар, Жаҳон Банки бу лойиҳада иштирок этмаслигини” айтди.

Тожикистон Фанлар академиясининг гидро-энергетика лабораторияси бошлиғи профессор Георгий Петров, Роғун ГЭСига оид асосий муаммо унинг экологик жиҳатдан зарарли бўлишида эмас, балки Ўзбекистон билан Тожикистоннинг ўзаро муросага эришиш истаги йўқлигидадир, дейди.

- Агар кимдир бир-бирига зиён етказмоқчи бўлса, Роғун ГЭСини бунинг учун воситага айлантириш мумкин¸ албатта.

Лекин бу лойиҳани ўзаро манфаатли, яъни ҳам Ўзбекистон учун, ҳам Тожикистон учун фойдали лойиҳага айлантириш истаги бўлганда, бунинг ҳам иложи бор, дейди Тожикистон фанлар академиясининг Гидро-энергетика лабораторияси бошлиғи.
XS
SM
MD
LG