Линклар

logo-print

Православлар янги раҳнамо сайлайди

  • Фаррух Юсуфий

Православ черкови ичидаги вазиятдан яхши хабардор манбалар¸ бу черков қавмига раҳнамолик учун асосий курашнинг Кирил ва Климент ўртасида бўлажагини айтмоқдалар.

Православ черкови ичидаги вазиятдан яхши хабардор манбалар¸ бу черков қавмига раҳнамолик учун асосий курашнинг Кирил ва Климент ўртасида бўлажагини айтмоқдалар.

Дунёдаги энг йирик православ черкови келажаги шу ҳафта Москвада ҳал бўлади. 160 миллионлик қавмга эга черков СССР тарқаганидан бери илк бор бундай сайлов ўтказмоқда.

Черковнинг 700 руҳонийдан иборат маҳаллий кенгаши сешанба куни Россия Православ черкови раҳнамосини сайлашга бағишланган уч кунлик мажлисни бошлайди.

Православ насронийлар раҳнамолигига учта асосий даъвогар танлаб олинган.

Улар орасида, собиқ патриарх Алексий иккинчи вафотидан бери черковга муваққат етакчилик қилиб келган Смоленск ва Калининград метрополити Кириллнинг имкониятлари энг юқори, деб кўрилмоқда.

Учта номзод исмини якшанба куни Кириллнинг ўзи эълон қилди.

- Арихиерей собор, яъни руҳонийлар кенгашининг номзодлари булардир: Смоленск ва Калининград метрополити Кирилл, Калуга ва Боровск метрополити Климент ва Минск ва Бутунбеларус Метрополити Филарет, дея эълон қилди Кирилл.

Янги патриарх сайлови Кремл билан яхши алоқада бўлган православ черковининг халқ орасида обрўси ошган пайтга тўғри келмоқда.

Совет атеизмидан катта зарар кўрган черковни тиклаган Алексийнинг ўрнига асосий даъвогар Кирилл эканига оид гаплар анчадан бери мавжуд.

Таҳлилчиларга кўра, пайшанба куни маҳаллий кенгаш кимни партриарх этиб сайлашидан қатъий назар, православ черковининг ҳокимиятга содиқ хизматчи ролидан воз кечиши амри маҳолдир.

Романо Скалфи италиялик католик руҳонийси ва 50 йилдан бери православ черковининг католик черкови билан алоқаларини тадқиқ қиладиган марказ раҳбари.

- Православ черкови ўзининг Кремлга бўйсунишга оид кўп йиллик анъанасидан тездагина воз кечмайди, албатта.

Ҳозир православ черкови царлар давридаги каби кўнгиллари истаган нарсани қила олмайди. Менимча, янги патриархнинг муайян ҳукуматпараст ва шу сабабдан путинпараст мавқеъига эга бўлиши муқаррардир, дейди Скалфи.

Кирилл православ черковининг ташқи алоқаларини бошқариб келган руҳоний сифатида танилган. У шунингдек, православлар билан католиклар ўртасидаги алоқаларни яхшилаш ғояси тарафдори сифатида 2007 йил декабрида Ватиканда Рим Папаси Бенедикт XVI билан учрашган.

Скалфи 62 яшар Кирилл рус черковини бошқаришга тайёр¸ дейди.

- У черков ва унинг бошқа давлатлар билан алоқаларини яхши тушунади. У партриарх вазифасига тайёрдир, дейди италиялик католик руҳонийси.

Кирилл якшанба кунги дастлабки сайловларда етакчилик қилиб 97та овоз олди. Унинг рақиблари Климент 32та¸ Филарет эса 16 овоз олди.

Лекин сайловнинг якуний боқичи натижалари бошқача бўлиши мумкин. Арихиерей соборидан фарқли ўлароқ, маҳаллий кенгаш Россия, Беларус, Украина, Молдова ва бошқа жойлардан келган юзлаб аъзолардан иборат.

Агар Кирилл номзоди ўтмаса, ундан кейин бу мақомга асосий даъвогар Климент бўлиши мумкин.

59 яшар руҳоний Россия ҳукуматидаги маънавий ва маърифий меросини сақлаб қолиш идорасига раҳбарлик қилади ва Кремл учун Кириллдан кўра маъқулроқ бўлиши ҳам мумкин.

Айни пайтда, Беларус президенти Александр Лукашенка билан яқин алоқада экани айтиладиган Филарет имконларининг жуда чеклангани айтилмоқда.

Янги патриарх 1 феврал куни иш бошлайди.
XS
SM
MD
LG