Линклар

logo-print

Қирғизлар сайловга тайёргарликни бошлади


Қирғиз ҳукуматидаги сўнгги кадрлар алмашинуви ҳам маҳаллий кузатувчилар президент Қурмонбек Бакиевнинг навбатдаги президентлик сайловига тайёргарлиги сифатида баҳоламоқдалар.

Қирғиз ҳукуматидаги сўнгги кадрлар алмашинуви ҳам маҳаллий кузатувчилар президент Қурмонбек Бакиевнинг навбатдаги президентлик сайловига тайёргарлиги сифатида баҳоламоқдалар.

Қирғизистонда президентлик сайлови қачон ўтади - 2009 йилдами ёки 2010 йилда? Қирғиз парламентидаги социал-демократлар фракцияси ана шу саволни кун тартибига киритмоқда.

Гап шундаки, Қирғизистон эски конституциясига асосан сайланган президент Бакиевнинг муддати 2009 йил октябрида якунланади. 2007 йилда қабул қилинган янги конституцияга кўра эса, президент ваколати 2010 йилда битади.

Расмий Бишкек президентлик сайлови қачон ўтказилиши юзасидан бирор-бир баёнот бергани йўқ. Шунинг учун ҳам қирғиз мухолифати сайловни шу йил ўтказиш талаби билан Конституциявий судга мурожаат қилмоқчи.

Қирғиз парламентидаги Социал-демократлар фракциясининг асослашича, президент Қурмонбек Бакиев эски конституцияга биноан сайланган. Шунинг учун ҳам унинг ваколатлари 2009 йилда якунланиши ҳамда эски конституциянинг 44-моддасида белгилангани каби октябр ойининг сўнгги якшанбасида янги президентлик сайловлари ўтказилиши лозим.

- Президентлик сайлови эски конституция асосида бўлиб ўтгани учун ҳисоб ана шу қонун доирасида олиниши лозим.

Масалан, Россияда президентлик муддати олти йил қилиб белгиланди. Лекин Медведев президентликка сайланаётганда бу муддат 4 йил эди. Шунинг учун ҳам Медведевнинг 6 йил эмас, 4 йил президентлик қилиши айтилмоқда.

Қирғизистон ҳам қонунни ҳурмат қилиш йўлидан бормоғи лозим, деди парламентдаги социал-демократлар фракцияси раҳбари Иса Ўмурқулов.

Ҳозирча президент маъмурияти парламент депутатларининг бундай талабларига расман жавоб бергани йўқ. Бироқ кузатувчиларниг айтишларича, президент янги конституцияга асосан ўз ваколатларини ва ҳокимиятини мустаҳкамлаб олиш учун сайловни шу йил кузида ҳам ўтказиб юбориши мумкин.

Сиёсатшунос Табилди Акеров фикрича, сўнгги бир ҳафта ичида ҳукуматдаги ўндан ортиқ лавозимларга янги тайинловлар ўтказилгани ва мухолифатнинг бир қатор раҳбарларига нисбатан жиноят ишларининг очилгани президент маъмуриятининг сайловга қизғин тайёргарлик кўраётгани белгисидир.

- Ҳокимият президентлик сайловларига олдиндан тайёргарликни бошлаб юборди ва жамиятдаги ўз назоратини кучайтириш мақсадида президентликка даъвогар асосий мухолифларни ўйиндан чиқараётир, деди Табилди Аскеров.

Сиёсатшунос Қубан Абдимен фикрича, мухолифат раҳбарлари Исмоил Исақов, Ўмурбек Текебаев, Аликбек Жекшенқуловларга нисбатан очилган жиноят ишлари уларнинг президентликка асосий даъвогар сифатида кўрилаётгани белгисидир.

- Президентликка даъвогарлар ҳокимиятдагилар орасида ҳам анчагина. Уларнинг номлари газеталарда ҳам эълон қилинди.

Лекин улар кейинги сайловда ҳам иштирок этадиган амалдаги президент йўлига тўсиқ бўлишга журъат қилолмайдилар. Шунинг учун ҳам асосий диққат мухолифатдаги даъвогарларни ўйиндан чиқаришга қаратилмоқда.

Мухолифатнинг деярли барча раҳбарлари президентликка даъвогар бўлишлари мумкин, деди Кубан Абдимен.

Бироқ айрим кузатувчилар фикрича, мухолифат номзодлари кейинги сайловда амалдаги президент билан беллаша олишга ожизлик қилади.

Шунинг учун ҳам мухолифат президентликдан кўра кўпроқ муваффақият билан амалга ошира олиши мумкин бўлган давлат сиёсий тизимини ўзгартириш, ҳукумат ва мухолифат ваколатларини мувофиқлаштириш йўлида кураш олиб боради.

- Биз президентлик сайловида иштирок этишга кўп ҳам ишқибоз эмасмиз. Бизнинг асосий мақсадимиз амалдаги системани ўзгартиришга қаратилган. Системани ўзгартиришимиз керак, деди мухолифат лидерларидан бири Аликбек Жекшенқулов.

Қирғиз мухолифати раҳбарларидан бири, собиқ бош вазир Алмазбек Атамбаев ҳам мухолифатни сиёсий системани ўзгартириш йўлидаги уринишларни сусайтирмасликка чақирди.

- Токи давлатни оилавий бошқаришга имконият яратиб берувчи тизимдан қутилмас эканмиз, мамлакатда ижобий силжишлар бўлишига умид йўқ, деди Алмазбек Атамбаев қирғиз матбуотида қилган чиқишида.
XS
SM
MD
LG