Линклар

“Муҳожир ови” тўхтамайди


Қозоқ полициясига тўқнаш келиш юртга бадарға бўлиш эҳтимолини оширишини билган муҳожирлар маҳаллий тартиб посбонлари кўзи иложи борича кўринмасликка ҳаракат қиладилар.

Қозоқ полициясига тўқнаш келиш юртга бадарға бўлиш эҳтимолини оширишини билган муҳожирлар маҳаллий тартиб посбонлари кўзи иложи борича кўринмасликка ҳаракат қиладилар.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатга кириб келаётган ва бу ерда ишлаётган меҳнат муҳожирлари сонини 2009 йилда имкон қадар камайтиришга бел боғлади.

Авваллари Олмаота шаҳри кўчаларида тез-тез учратиш мумкин бўлган ўзбек мардикорларини ҳозирда кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди. Бу Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг мамлакат ҳудудида юрган меҳнат муҳожирларини овлаб, уларни юртига бадарға қилиш бўйича олиб борган тадбирларининг самараси бўлса керак.

Бироқ мавзуни ўрганиш чоғида, шаҳар қаҳвахоналарининг бирида кабоб пишириш билан банд бўлган йигитчанинг қозоқ биродарларига ўзбек тилида жавоб қайтараётгани эътиборимизни тортди.

Ўзини Авазбек дея таништирган 22 ёшли андижонлик бу йигитча 11 фарзанд тарбиялаётган онасига моддий ёрдам бериш истагида пул топиш учун Қозоғистонга келган экан.

- Банкет бўлган куни 1,5 минг танга беради, банкет бўлмаган куни минг тангадан, шашлик сотсам-сотмасам, кунига, дейди андижонлик суҳбатдош ўз даромади ҳақида гапирар экан.

Демак, суҳбатдошимиз кунига 10-12 доллар атрофида ҳақ олар экан. Авазбекнинг айтишича, у ҳар куни ишга чиқади, бу эса унинг ойига 300 доллар атрофида пул топаётганини англатади.

Қайд этиш жоизки, қозоқ расмийлари жаҳон молиявий инқирозининг мамлакат иқтисодига етказган зарбаси мамлакатда кўплаб иш жойларининг йўқотилишига олиб келгани, мамлакатда тирикчилик қилаётган қўшни давлат фуқаролари эса меҳнат бозорида маҳаллий аҳолига катта рақобат яратаётгани таъкидлаб келадилар.

Бироқ кузатувчилар кўпроқ қора ишларда банд бўлган муҳожирлар ишлаб топаётган 300 ёинки 400 АҚШ долларига тенг ойликка маҳаллий аҳоли вакиллари ишлашга кўнмасликлари, шу боис ҳам мамлакат расмийларининг қўшни давлатдан келаётган мардикорларнинг мамлакат ҳудудидан сиқиб чиқариш учун ўйлаб топган баҳоналари мутлақо ўринсиз эканини айтадилар.

Бироқ Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан “муҳожир ови”нинг ҳамон давом эттирилаётгани расмийларнинг ўз аҳдидан қайтмаганини англатмоқда.

Айнан шу сабабдан ҳам, андижонлик Авазбекнинг айтишича, Қозоғистонда ишлаб юрган ўзбек мардикорлари иложи борича полициячилар кўзига кўринмасликка ҳаракат қилаяпти.

- Кўчага умуман чиқмаяпман, опа. Ўша кафеда ётаман, хўжайини ҳам яхши одам экан, дейди Авазбек.

Гарчи муҳожиротдаги ҳаётнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлса-да, суҳбатдошимизнинг ҳали-ҳозир Андижонга қайтиш истаги йўқ:

- Онам йиғлайди, кел, дейди. Мен бормайман, дедим. Беш-олтита бола кериш керак, ўзимизнинг Марҳаматдан келади. Стройкада иш топиб қўйдим, стройкада ишлашади.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги келтирган маълумотларга кўра, айни пайтда 1800 та иш берувчи мамлакат Меҳнат Кодексига зид равишда хорижлик кишиларни ёллаганликда айбланган, 136 мингга яқин чет эллик эса мамлакат ҳудудида ноқонуний ишлаб юргани сабабли маъмурий жавобгарликка тортилган, 17 минг мардикор юртига бадарға қилинган.

- Бугун биз Қирғизистон, Ўзбекистон ёки Тожикистон фуқаролари ишлаган бирор бир қурилиш компанияси ёпилганини ва унда фаолият кўрсатган меҳнат муҳожирлари Қозоғистонда бошқа бирор иш топа олмаётганини кўриб турарканмиз, уларни бу ерда олиб қолиш бизга қандай наф бор?

Улар бу ерда амаллаб тирикчилик ўтказиш учун турли ноқонуний ҳаракатлар содир эта бошлайдилар. Шу сабабли ҳам биз қонунан уларни юртига бадарға қилишга ҳақлимиз, - деди Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Боғдот Хўжахметов.
XS
SM
MD
LG