Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:01

Чикками, пукка?..


Европалик айрим таҳлилчилар газ можаросига Украинадаги ички низолар ҳам сезиларли таъсир кўрсатди, деган фикрдалар.
Европалик айрим таҳлилчилар газ можаросига Украинадаги ички низолар ҳам сезиларли таъсир кўрсатди, деган фикрдалар.

Расмий Москва Украина орқали Европага қайтадан газ етказа бера бошлагандан сўнг Европа Иттифоқи давлатларида энергетик бўҳроннинг олди олингандек бўлди. Мазкур можарода ким ютди-ю ва ким ютқазди?

Украина ва Россия ўртасидаги газ можаросида Европа Иттифоқини ҳам гаровда ушлаб турилиши бу икки мамлакат учун на сиёсий, на иқтисодий фойда келтирди.

Бироқ зарар кўрган бўлса ҳам, расмий Москва кўпчиликнинг наздида бу можарода мутлоқ ғолиб чиқди. Чунки Киев ва Москва ўртасидаги можаро Европа Россия энергия таъминотисиз кун кечира олмайди, деган эски бир ҳақиқатни яна бир бор ёдга солди.

Брюсселдаги Европа маркази таҳлилчиси Аманда Ачакоча сўзларига кўра, “расмий Брюссел ўз газ таъминоти учун қўшимча муқобил йўлларни топмас экан, ЕИ Москванинг бундай қилиқларига тоқат қилишга мажбур бўлаверади”.

31 декабр куни расмий Москва Украина билан газ етказиб беришга оид янги шартномани имзолай олмагандан сўнг Украинага кетаётган газ оқимини умуман тўхтатиб қўйган эди.

Россия томони газ фақат Украина учун тўхтатилгани, европалик истеъмолчиларга эса газ узатиш ҳануз давом эттирилаётганини маълум қилди.

Бироқ янги йил байрамидан олти кун ўтиб, Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари ўзларида газ тақчиллиги юзага келгани тўғрисида билдира бошладилар. Москва эса расмий Киевни европалик истеъмолчиларга мўлжалланган газни ўғирлаётганликда айблаб, Украина ҳудуди орқали Европага транзит қилинаётган газни ҳам тўхтатиб қўйди.

Россия томони Украинага ишонч қолмаганини билдириб, ЕИни бу можарони ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишга чақирди.

Расмий Киев эса қувурлардан газ ўғирламаётганини айтиб, Москва атайлаб бу можарога Европани ҳам аралаштиришга уринаётганини таъкидлади.

Газ можароси давомида Москва ва Киев ўзаро бир-бирига айбловларни ёғдирар экан, ЕИ қишнинг совуқ кунларида деярли газсиз ўтиришга мажбур бўлди.

Расмий Брюсселнинг бундан ғазаби жўш урса-да, томонларни ўз зиммасига олган мажбуриятларга содиқ қолишга ва газ можаросини зудлик билан ҳал этишга чақиришдан нарига ўтмади.

Киевдаги Давлатчилик ва демократия институти президенти Иван Лозовий гапиради:

- Менинг фикримча, мазкур можарода ғарбий европаликларнинг қисман айби ҳам бор. Бу можаронинг таг-тубига бир назар ташлашимиз лозим ва мен Украинадан кўра, айбни Европа остонасига қўйган бўлардим. Боиси Россия ҳаракатларини кескин танқид қила оладиган европалик сиёсатчиларни мен кўрмадим, дейди Иван Лозовий.

Айрим кузатувчиларнинг наздида Россиянинг газ можароси пайтидаги ҳамда август ойида Грузияга қарши олиб борилган ҳарбий амалиётлари чоғидаги ҳаракатларида ўхшашлик мавжуд.

Бошқа кузатувчилар эса бундай вазиятда ҳам устунлик Россия томонида эканини таъкидламоқдалар. Таҳлилчи Крис Веафер фикрича, “Украинанинг ғарбпараст ҳукумати НАТО ва ЕИга аъзо бўлиш режасига содиқ қолиш учун имкон қадар Европа билан яхши алоқаларни сақлаб қолиши шарт, Россия эса бундан мустасно”.

- Менимча, бу можаро Россиянинг обрўсига катта путур етказмади, чунки Европада бу муносабатлар ҳар доим чигаллигича қолган, деган фикр бор эди, дейди Крис Веафер.

Айни пайтда ЕИнинг юқори лавозимли расмийларидан бири яқинда қилган чиқишида Украина ичкарисидаги бўлинишлар Россия билан газ можароси ва Европа газ таъминотининг тўхтатилишига сабаб бўлгани маълум қилди.

Европа Комиссиясининг ташқи алоқалар бўйича расмийси Энеко Ландабуру сўзларига кўра, Украина президенти Виктор Юшченко айрим сиёсий сабабларга кўра, расмий Киев ва Москва ўртасида декабр ойида имзоланган келишувни бекор қилган.

- Бу президент ва бош вазир ўртасидаги ички низо ёки тортишув бўлган, бунинг оқибатида 2008 йил якунига қадар расмий Киев ва Москва ўзаро келишувга эриша олмаган, деди ЕИ расмийси.
XS
SM
MD
LG