Линклар

Душанбе жиноятчилар қайтарилишини сўрамоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Ички ишлар вазири Маҳмадназар Солеҳовнинг билдиришича, қидирувда бўлган жиноятчиларни тутиш ва ватанга қайтариш борасида Интерпол билан икки йиллик ҳамкорлик ҳеч қандай натижа бермаган.

Тожикистон Ички ишлар вазири Маҳмадназар Солеҳовнинг билдиришича, қидирувда бўлган жиноятчиларни тутиш ва ватанга қайтариш борасида Интерпол билан икки йиллик ҳамкорлик ҳеч қандай натижа бермаган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Интерполга аъзо айрим давлатлар расмий Душанбе қидираётган жиноятчиларни экстрадиция қилиш бўйича зарур чораларни кўрмаётганидан норози.

- Мана, икки йилдирки, Интерпол билан жиноятчиларни қўлга олиш ва Тожикистонга қайтариш борасидаги ҳамкорликлар ҳеч бир натижа бермаётир.

Маълумотларга кўра, аксарият жиноятчилар Араб давлатларидан бошпана топганлар. Аммо, афсуски, бу мамлакатлар тегишли ташкилотларининг айримлари кўпинча жиноятчиларни тутиш ва экстрадиция қилиш ишида тўсқинлик қиладилар.

Масалан, халқаро қидирувга берилган Хўжа Каримов биздаги маълумотларга кўра, Дубай ёки Арабистоннинг Шаржа шаҳрида яшаб турибди.

Афсуски, ишлар дипломатик йўллар билан амалга оширилмай, ваколатлар кўпроқ ўша давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ихтиёрига берилгани учун уни ва у қаторида бошқаларни ҳам ортга қайтариш бўйича уринишларимиз натижа бермай қолаяпти, деди Тожикистон Ички ишлар вазири Солеҳов.

Тожик жамиятида “Хўжа командир” лақаби билан танилган Раҳим Каримов ёки Хўжабек Каримов Тожикистондаги фуқаролар уруши чоғида (1992 -1997 йиллар) бир қатор оғир жиноятлар содир этганликда айбланиб, ўтган йили Интерпол қидирувига берилган эди.

Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохонов ҳам қачон жиноятчилар экстрадицияси тўғрисида гап кетса, “жамиятимизда тартибсизликлар келтириб чиқарган ва оғир жиноятлар содир этганларнинг аксарияти, жумладан, Маҳмуд Худойбердиев ҳам Ўзбекистонда яшириниб юрибди. Аммо Ўзбекистон бунга оид сўровларимизни ҳар доим жавобсиз қолдиради”, дея таъкидлашдан чарчамайди.

Тожикистон Ички ишлар вазири ҳам Маҳмуд Худойбердиев Ўзбекистонда эканига оид маълумотларни тўлиқ тасдиқлар экан,
“агар лўнда қилиб айтадиган бўлсак, Маҳмуднинг ватанга қайтарилишида бу мамлакат билан музокаралардан кўнгилли натижа чиқмади”, дея билдирди.

Ички ишлар расмийсининг гапига қараганда, 2008 йилда Россия Тожикистон қидирувга берган 46 нафарни бу томонга қайтарган. Ўз навбатида, Тожикистон Ўзбекистонга 17 фуқарони депортация қилгани таъкидланди.

- Улар фақат давлат чегараларини ноқонуний бузганликда айбланиб қўлган олинди ва сўроқ-саволлардан сўнг яна ўз ватанларига қайтарилиб юборилди, деди Ички ишлар вазири Солеҳов.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда 38 тожик фуқароси халқаро қидирувга берилган экан.

Уларнинг ҳаммаси Тожикистонда юз берган фуқаролик урушида тинч аҳолини ўлдирганлик, ҳукумат айрим масъулларини қатл этишда қатнашганликда айбланган ҳамда мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи ўта хатарли жиноятчилар экани таъкидланади.

Айни пайтда таҳлилчи Давлат Усмон жиноятчи деб қаралаётган айрим тожикистонликларнинг хорижий давлатлардан ватанга экстрадиция қилинмаётганининг муайян сабаблари борлигини айтади.

- Жиноятда гумонланаётганлар тўғрисида ўша давлатларга юборилган ҳужжатлардаги далилларнинг воқеликка тўғри келмаслиги уларнинг экстрадиция қилинмаётганидаги асосий сабаблардан бири.

Чунки кўпинча бизнинг кузатувларимиздан жиноятчиларни ортга қайтариш учун ҳозирланадиган делолардаги далиллар оғиздан-оғизга кўчган миш-мишлардан иборат бўлиб қолади.

Шунинг учун ҳам ўша давлатлардаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноятда гумонланаётганларга қўйилаётган айблар сиёсий мотивга эга, деган хулоса чиқариб ҳам уларни экстрадиция қилмаслиги табиий, дейди таҳлилчи Давлат Усмон.
XS
SM
MD
LG