Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:15

Марғилонликлар такроран намойишга чиқди


Ҳовлида яшайдиган кишилар ўтин ёқиб жон сақлашаётган бир пайтда кўп қаватли бетон уйларда истиқомат қилувчи марғилонликларнинг бу муаммони қандай ҳал қилишни билмай бошлари қотган.
Ҳовлида яшайдиган кишилар ўтин ёқиб жон сақлашаётган бир пайтда кўп қаватли бетон уйларда истиқомат қилувчи марғилонликларнинг бу муаммони қандай ҳал қилишни билмай бошлари қотган.

26 январ куни кечқурун Марғилоннинг “Ипакчилик комбинати” шаҳарчасида юзга яқин аёл газ таъминотидаги муттасил узилишларга норозилик билдириб, марказий кўчалардан бирига тўпланганлар.

Норозилик намойиши ҳақида Озодликка ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева маълум қилди.

- “Ипакчилик комбинати” шаҳарчасида аëллар яна газ йўқлиги ва электр энергиясининг тез-тез узилгани учун норозилик билдириб¸ Бурҳониддин Марғилоний ва Зуҳра кўчаларидан вакиллар чиққан.

Кўп қаватли бетон уйларда яшаëтган қариялар¸ ногиронлар¸ ëш болалар ва касал одамларга ҳаддан ташқари қийин бўлаяпти. Шунинг учун ҳам, менинг эшитишимча, бетон уйларда яшовчи аëллар чиқиб¸ ўз норозиликларини билдирмоқдалар.

Бу аëллар милиция ëрдамида тарқатилган. “Ипакчилик комбинати” шаҳарчасида аëлларни тарқатиб юборгандан кейин ҳам 50 дан ортиқ одам йиғилиб турган экан¸ дейди Мўътабар Тожибоева.

20 январ куни ҳам норозилик акцияси иштирокчилари милиция ходимлари кўмагида тарқатиб юборилганди. Маълум бўлишича, бу сафар ҳам марғилонлик аёлларнинг арзини эшитадиган одам топилмаган.

Марғилон шаҳар газ таъминоти ташкилоти ходими Озодлик билан суҳбатда шаҳарда норозилик чиқишлари тез-тез бўлиб туришини тан олди.

Озодлик: “Ипакчилик комбинати” шаҳарчасида аëллар норозилик билдириб, кўчага чиқишибди, дейишди.

Ташкилот ходими: Ҳа, кўп жойда чиқишаяпти. Газ йўқ бўлиб қолаяпти. Гоҳида камроқ бўлиб қолади. Газнинг нормал бўлиши жуда қийин. Газимизнинг босими пастроқ.

Озодлик: Шаҳарнинг ҳамма жойида пастми?

Ташкилот ходими: Шаҳарнинг айрим кўчаларида бордир.

Озодлик: Аҳоли мана шунақа чиқиш қилган пайтларда бирор-бир ижобий ўзгариш бўладими?

Ташкилот ходими: Қўлдан келганча ҳаракат қилишаяпти-ку. Иложи бўлса¸ у ëқдан газ босими кўтарилса, газ берилади.

Озодлик: Газ босимининг кам ëки кўп бўлиши қаерга боғлиқ?

Ташкилот ходими: Бизнинг ГРЭСимизга боғлиқ. Бизга белгилаб қўйилган фонд бор.

Озодлик: Демак, ўша фонд етмаяпти.

Ташкилот ходими: Ҳа¸ шунақа. Етишмовчилик.

Марғилондан олинган маълумотларга кўра, бир ҳафта мобайнида шаҳарда иккита норозилик акцияси ўтказилганига қарамасдан¸ газ таъминотида ижобий ўзгариш кузатилмаган.

Аҳоли ҳар доимгидай кўмир, ўтин ва таппига куни қолганлигидан нолийди. Айримлар эса қўлбола насослар орқали газ босимини купайтириш йўлларини топишган.

- Насос билан тортиб олади. Бу насос ҳаммада бор. Нархи 7-8 минг атрофида. Энди қишдан чиқиш учун нимадир қилиш керак-ку¸ дейди марғилонлик суҳбатдошларимиздан бири.

- Роса қийинчилик бўлаяпти. Овқат пиширишнинг иложи йўқ. Шам ëқиб кун кўриб ўтирибмиз¸ дейди марғилонлик бошқа суҳбатдошимиз.

- Газ йўқ. қиш бошланганидан бери йўқда. Кўмир¸ ўтин ëқиб ўтирибмиз¸ дейди суҳбатдошларимизнинг учинчиси.

Ўтган йили ҳам табиий газ муаммоси бўйича 200 га яқин марғилонлик аёл шаҳар ҳокимияти биноси олдида норозилик чиқиши қилган эди. Бу йил эса бир ҳафта мобайнида иккита акция ўтказилди.

Жорий йилда айни кўринишдаги норозилик акциялари Марғилондан ташқари Жиззах ва Қаршида ҳам ўтказилган.

Айни кунларда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида газ таъминотида муамммолар мавжудлиги кузатилади.
XS
SM
MD
LG