Линклар

“Онамларга салом айтинг”

  • Абдулла Искандар

Хорижлик меҳнат муҳожирларини юртига ҳайдашда Россиядаги "Ёш гвардия" ташкилоти аъзолари ҳам қаттиқ жонбозлик кўрсатмоқдалар.

Хорижлик меҳнат муҳожирларини юртига ҳайдашда Россиядаги "Ёш гвардия" ташкилоти аъзолари ҳам қаттиқ жонбозлик кўрсатмоқдалар.

Россия ҳудудларида ишлаëтган меҳнат муҳожирлари иш йўқлигидан уйларига қайтмоқдалар. Аммо “азамат ўлка”дан кетарга пул тополмай, калтак остида кун кечираётган юртдошларимиз ҳам анчагина.


Биргина Иркутск вилоятини кейинги 3 ҳафта ичида бир ярим минг мардикор тарк қилган. Кетаëтганларнинг 57 фоизини марказий осиëликлар ташкил қилади.

Бу маълумотни тарқатган Россия миграция хизмати маъмурларига кўра¸ қурилишларда иш тўхтагани боис мардикорлар уйларига қайтган.

Айни пайтда уч ойдан бери ойлигини ололмасдан¸ кетиш чиптасига пул топа олмасдан аросатда қолган юртдошларимиз сон мингта.

Митише туманидаги ишсиз қолган ва уйларига кетолмаëтган юздан ортиқ ҳатлонлик ўзбеклар йиғилди.

“Дард келса, қўша –қўша” деганларидек ишсиз қолган ўзбеклар боши устида ОМОН калтаги кунора синмоқда.

- Ишлаб ойлик олаëтган пайтимизда ОМОНчиларга ҳафта сайин пул бериб турар эдик. Ҳозир пулимиз йўқ. Шунинг учун улар келиб бизни калтаклашаяпти¸ дейди қўрғонтепалик Ҳакимжон ака.

Суҳбатдошимиз ўзбекистонлик мардикорларнинг чорасизлигидан нолийди.

- Ëтган жойимизда қонимизга булғаб уришмоқда. Биз нима қилайлик энди? “Пул” дейди. Биз пулни қаердан топамиз? Улар сўрагани билан бизнинг чўнтагимизда бир тийин пул бўлмаса¸ биз қаердан топиб берамиз уларга?

Ётган жойимизда свет йўқ. Қоронғи жойда ëтибмиз. Ҳар икки-уч кунда келади. Биз ишга чиқмасак¸ қандай қилиб уларга пул берамиз? дейди Ҳакимжон ака.

Суҳбатдошимизнинг айтишича¸ Россияда иш йўқлиги боис улар қийин аҳволда қолганлар. Қишнинг қорли қировли кунларида ишсиз, пулсиз ўтиришибди.

- Юртда иш йўқлиги учун келувдик бу ерга¸ дейди суҳбатдош.

“Бола-чақа боқаман” деб Ҳатлондан Москвани қора тортиб келган Руслан исмли йигит россиялик милиционерлар калтагидан аъзои бадани моматалоқ бўлганлигини айтади.

- Устимиздаги кийимларимизни йиртиб ташлайди. Шунақа ëмон азоб беради-да булар¸ дейди Руслан.

Мухторжон исмли мардикор ҳасратидан чанг чиқади.

Озодлик: Ассалому алайкум¸ соғлиқлар яхшими?

Мухторжон: Э, ака, сўраманг. Аҳволимизни Худо билади. Бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳар кеча соат 12-2 да келиб уриб¸ автобусга тиқиб олиб кетади. Пул берганни ҳам, бермаганни ҳам олиб кетади. Пули йўғини олиб бориб ишлатади. Ўзим 38 га кирдим. Тўртта болам бор. Келганимга бир йил бўлди. бир йилдан бери ҳеч нарса ишлай олмасдан юрибман.

Озодлик: Ҳозир иш йўқми?

Мухторжон: Иш йўқ. Қанча жойда ишлаган бўлсак¸ ишлатиб, аҳмоқ қилиб, пулни беришмайди. Бир йилдан бери пул жўнатганим йўқ. Ишонасизми, ҳамма мана шу ошхоналардан қарзга овқат ейди. Иш йўқ.

Озодлик: Қайтиб кетиб, уйда кун кўриш қийинми?

Мухторжон: Ака¸ йўл пули бўлмаса¸ қанақа қилиб қайтиб кетайлик? Иш йўқ¸ пул йўқ. Қорнимизга нон йўқ. Нима қилайлик? Совуқ жойда яшаяпмиз.

Зоиржон исмли ëшгина мардикор жон деб уйига кетишни истаëтганини айтади¸ аммо...

Зоиржон: Пул йўқ¸ ойлик йўқ. Иш бўлса¸ ишлаймиз¸ иш бўлмаса¸ ëтамиз. Ëтган жойимизга келишиб, “пул беринглар”, деб гаранг қилади. Олиб кетиб қамайди. Кечқурун қўйиб юборади. Пиëда уйга қайтиб келамиз. Кунимиз мана шунақа, ака.

Озодлик: Қайтиб кетсангизлар бўлмайдими? Кўпчилик қайтиб кетаëтган экан.

Зоиржон: Ака, қайтиб борган билан пул бўлмаса¸ иш бўлмаса, биз оилани қандай қилиб боқамиз? Иш бўлса экан, қайтиб борсак.

Митише туманига йиғилган мардикорлар дарду ҳасратини эшитиш учун келган “Мемориал” фаоли Баҳром Ҳамроев назарида Россия ҳукумати халқаро иқтисодий бўҳронни баҳона қилиб бирваракайига мардикорлардан қутулмоқчи.

- Охирги пайтларда Россия идораларининг қурилишларида ишлаб пулини ололмасдан юрганлар ниҳоятда кўп эди. Айримлари иш ҳақининг маълум қисмини олиб¸ яъни билетга етадиган пулини олиб¸ Россиядан чиқиб кетган¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаолига кўра¸ ўзбек мардикорларини калтаклаëтган ОМОН жангчилари зеҳнияти Россиядаги нафрат муҳитидан озиқланмоқда.

Россиядаги “Ëш гвардия” деб аталган ҳаракат раҳбарларидан бири Андрей Татариновга кўра, меҳнат муҳожирларини уйларига ҳайдаш лозим.

- Биз ўз фуқароларимиз муносиб маош олиши лозим, дея кураш олиб бормоқдамиз. Пуллар Россия ҳудудида харж бўлсин. Россия иқтисодини кучайтирсин. Россия пули чет эл иқтисодига ҳомийлик қилмасдан, рус оиласини боқиш учун сарф бўлсин¸ дейди Андрей Татаринов.

Андрей Татаринов мансуб бўлган миллатчи ҳаракат аъзолари мигрантлар келаëтган поездларни тошбўрон қилмоқда, “мардикор, уйингга кет”, деб бақирмоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроев назарида миллатчиларнинг мардикорларни Россиядан қувиш истаги Кремлнинг хоҳиши билан уйғун.

Ҳозирча чипта пули йўқлиги боис Россияда қолаëтган ўзбек мардикорлари кетаëтган ердошларини вокзалда уйига кузатаëтиб, “оға, соғ борсангиз, аввал онамларга салом айтинг”, демоқдалар.
XS
SM
MD
LG