Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:12

"Собиқ куëв" сериали давом этади


Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев қозоқ расмийлари томонидан қўйилаётган айбловларнинг барчасини ўзига нисбатан сиëсий авантюра сифатида баҳолаб келмоқда.
Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев қозоқ расмийлари томонидан қўйилаётган айбловларнинг барчасини ўзига нисбатан сиëсий авантюра сифатида баҳолаб келмоқда.

Қозоғистон билан алоқаларни бузиб¸ Набукко газ қувури лойиҳасига зиëн еткизмаслик илинжида Австрия идоралари Роҳат Алиев ишини қайта кўриб чиқишга қарор қилди.

Куни кеча Австриядаги der Standard газетаси мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари Алиев иши бўйича олиб борилган жиноий текширувнинг қайта тикланганини маълум қилди.

“Роҳат Алиевга қарши бошланган текширув иши тугаганидан сўнг бир ярим йил ўтгач, Вена суди Марказий Осиё сиёсий детективини қайта кўриб чиқишга киришмоқда.

Жорий ҳафта бошида, прокурор Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёвига нисбатан жиддий айбловлар билдираётган қозоғистонлик уч фуқаронинг кўрсатмасини тинглашга киришади”, деб ёзади der Standard газетаси.

28 январ куни Австрия судида Роҳат Алиевга қарши кўрсатма бериш учун Венага Қозоғистондан уч одамнинг жўнаб кетгани маълум бўлди.

Булардан бири бундан икки йил аввал Алиев томонидан ўғирлаб кетилгани айтилаётган собиқ банкирнинг рафиқаси Армонгул Капашева.

Иккинчиси¸ Қозоғистон президентининг собиқ куёви томонидан турли жисмоний қийноқларга дучор қилинган яна бир қозоғистонлик банк собиқ раҳбари Абилмажин Гилимов ва учинчиси Алиев фирибгарликлари туфайли бор мол-мулкидан маҳрум бўлганини даъво қилаëтган канадалик бизнесмен Адонис Дербасдир.

Армонгул Капашеванинг онаси Озодлик билан суҳбатда бу маълумотни тасдиқлади.

- Роҳат Алиевга қарши кўрсатма бериш учун Венага борганларни қўриқлашаяпти, уларнинг ҳар бирига қўриқчи қўйилган. Бирор провокация бўлишидан чўчияптилар, дейди Алиев томонидан ўғирлаб кетилгани гумон қилинаётган банкирнинг қайнонаси.

2007 йили Вена шаҳрининг айнан шу суди Алиевни юртига экстрадиция қилиш бўйича Қозоғистон талабига рад жавоб берган эди.

Ўшанда Астрия суди ўз қарорини Қозоғистонда қонуний давлат талабларига жавоб берадиган маҳкаманинг йўқлиги билан изоҳлаган эди.

Австрияда чиқадиган der Standard газетасининг ёзишича, ўтган йил декабр ойидан ишга киришган Вена янги ҳукумати Алиев туфайли Қозоғистон билан иқтисодий алоқаларни чигаллаштирмаслик, хусусан, Набукко газ қувурлари лойиҳасида ўзаро келишмовчилик чиқмаслигини истаëтир.

Газета тахминича¸ худди ана шу ҳисоб-китоб Қозоғистон президентининг собиқ куёви билан боғлиқ бўлган жиноий ишнинг қайта очилиши ортидаги асосий омилдир.

“Ҳозир Алиев Австрия учун ҳақиқий бош оғриққа айланди”, деб ёзади der Standard газетаси.

Қозоғистонлик сиёсатчи Айдос Саримовнинг айтишича, ҳозир Австрия энергетика масалалари бўйича чиндан ҳам Қозоғистон билан кенг кўламдаги ҳамкорликни йўлга қўйиш арафасида.

- Бунинг учун Австрия ҳукумати Қозоғистон расмийлари, хусусан, давлат раҳбарига қарши очиқ уруш олиб бораётган Алиевни ўз ҳудудидан тезроқ чиқариб юбориш тараддудини кўради, дейди сиёсатчи.

Бироқ, унга кўра, Австриянинг Роҳат Алиевдан тезроқ қутилиш ниятида остида бошқа бир сабаб ҳам яширинган бўлиши мумкин.

- Сўнгги икки-уч йилдан буён жаҳон матбуоти Австрия ҳақида ёзган мақолаларда мамлакат номини Роҳат Алиев жанжали ёки коррупцияга алоқадор ишларга боғлаб ёритмоқда.

Австрия учун Роҳат Алиев чиндан ҳам бош оғриғига айланди.

Алиевнинг юртига эстрадиция қилиниши масаласи қанчалик амалга ошишини билмайман, лекин томонлар ўзаро бир битимга келиб, Алиев Австрияни тарк этса керак, дейди сиёсатчи.

Бироқ Қозоғистон президентининг собиқ куёви Роҳат Алиев Озодлик радиосига берган интервьюсида ўз юртида унга нисбатан билдирилаётган айбловларни буткул рад этиб келмоқда.

- Нурбанк икки ходимининг йўқолгани шахсан мени ҳам хавотирга солмоқда. Мен бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали ҳам айтиб ўтгандим.

Президент Назарбоев ўз сиёсий мақсадларини амалга ошириш йўлида турли имкониятларни ишга солаётгани, мен ва менинг ҳамкасбларимга қарши турли сохта ишлар уюштирилаётгани мени хавотирлантираяпти, деган эди шундай суҳбатлардан бирида собиқ куëв Роҳат Алиев.
XS
SM
MD
LG