Линклар

Глобал бўҳронга глобал ечим изланмоқда


Ўтгандагидан фарқли¸ бу йилги Давос иқтисодий форуми иштирокчиларидан оғир¸ аммо аниқ саволларга - аниқ аммо равшан жавоблар кутилмоқда.

Ўтгандагидан фарқли¸ бу йилги Давос иқтисодий форуми иштирокчиларидан оғир¸ аммо аниқ саволларга - аниқ аммо равшан жавоблар кутилмоқда.

Чоршанба куни Давосда бошланган Жаҳон иқтисодий форуми иштирокчилари жорий молиявий ва иқтисодий инқироздан чиқиш йўлларини муҳокама қилишга киришдилар.

Ҳар йил Швецариянинг оппоқ тоғлар қўйнидаги Давос курорт шаҳарчаси январ ойида дунëнинг тўрт тарафидан келган олий мартабали меҳмонларга мезбонлик қилади.

Аммо Жаҳон иқтисодий форуми номи остида йиллардан бери ўтказиб келинаëтган бу машварат ҳеч қачон бу йилги каби долзарб бўлган эмас.

Глобал молиявий бўҳрон ўз ортидан иқтисодий чўкишни етаклаб келган ҳозирги шароитда дунëнинг нафақат йирик ширкатлари¸ балки бутун бошли давлатлари ундан омон қолиш йўлларини изламоқдалар.

Шу боис Давосга йиғилган давлат¸ ҳукумат ва бизнес бошқарувчилари¸ қолаверса энг заковатли мутахассисларнинг замонавий капитализмнинг ҳозирги дардига қандай даво топиш ҳақидаги фикрлари ўзгача салмоқ ва аҳамият касб этмоқда.

Давос форумининг илк кунидаëқ етакчи иқтисодчилар¸ бутун дунë бўйлаб глобал бўҳрон ҳақида кўп гап ва ваҳима бўлаëтгани¸ амалда эса уни тўхтатишга қаратилган мувофиқлашган амалий чоралар кўрилмаëтганидан шикоят қилдилар.

Жаҳон банкининг бош иқтисодчиси ва банк вице-президенти Жустин Йифу Лин¸ жорий бўҳрондан алоҳида олинган ҳукуматларнинг ўз иқтисодига нақд пул киритиши билан омон қолишнинг иложи йўқлигини билдирди.

- Молиявий секторга капитал ташлашнинг ўзи кифоя эмас. Биз ҳозир глобал кўламдаги мувофиқлашган молиявий ëндашув ва стимулга муҳтожмиз. Буни қандай қилиш мумкин? Бунинг йўли¸ моливий жиҳатдан тараққий қилган давлатлар¸ таҳликали¸ шунингдек ривожланаëтган мамлакатлар ўзаро муросавий тарзда ҳамма учун ягона янги монетаризм¸ янги пул сиëсати ишлаб чиқишлари лозим.
Ҳозиргидек оғир шароитда биз шунингдек тараққий қилган дунëдан ривожланаëтган давлатларга жамғарма ўтказишнинг ҳам мақбул механизмини яратишимиз лозим.

Агар ҳозир шу ишнинг уддасидан чиқа олсак¸ бўҳрондан сўнг биз аввалгидан кўра яхшироқ мувофиқлашган¸ давомли ва дунëнинг барча қисмини ўз ичига олувчи иқтисодий ўсишга эриша оламиз¸ деди Давосдаги илк муҳокамаларда қатнашган Жаҳон банки раҳбари.

Морган Стэнли гуруҳининг Ҳонг-Конгда жойлашган Осиë бўлими раҳбари Стефен Роач фикрича¸ ҳозирги бўҳрон давоси иқтисодий масалалар бўйича кўптомонлама фаол ëндашувдир.

Дунëдаги бой ва камбағал давлат ҳукуматларидан бу борадаги ўз ваъдалари ижросини талаб қилиш учун¸ Роачга кўра¸ Халқаро валюта жамғармаси каби халқаро ташкилотларнинг қўли қисқалик қилиб келмоқда.

- Бундан уч йил аввал Халқаро валюта жамғармаси дабдабаю асъаса билан кўптомонлама кузатув ва маслаҳат механизмини ишга солди. Бугунга келиб бу механизмдан ному нишон ҳам йўқ. Бу борадаги муаммо¸ назаримда¸ кўптомонлама иқтисодий ëндашувни амалга ошириш механизмининг йўқлигидадир.

Бу соҳада ëмон иш қилганлар жазосиз¸ яхшилар эса мукофотсиз қолаверади.

Кўптомонлама масалалар ҳақида сўз кетар эса¸ бирор ҳукумат ўз миллий суверинететини халқаро ташкилотларга бўйсундиришни истамайди.

Биз Халқаро валюта жамғармаси каби ташкилотларга ҳуриш ва ҳуркитишдан бошқа тишлаш ҳаққини ҳам бермас эканмиз¸ вазият ўзгаришсиз қолаверади¸ деди жаноб Роач.

Давосга йиғилган жаҳоннинг етакчи иқтисодчилари давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳаракат дастури ўлароқ қабул қилиши мумкин аниқ¸ равшан таклифларни ўртага қўядими¸ қўйса бу таклифлар кейингилари томонидан қабул қилинадими¸ бу йилги анжуманнинг айнан шу саволга жавоб топиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG