Линклар

Германия - ўзбек жиҳодчилари нишонида

  • Алишер Сиддиқ

Янги видеолавҳа муқаддимасида ҳам Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг айнан шу эски сурати акс этади.

Янги видеолавҳа муқаддимасида ҳам Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг айнан шу эски сурати акс этади.

Интернетга қўйилган янги видеолавҳада Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ниқоб кийган аъзолари немис тилида Германияга қарши ҳужум уюштирилишидан пўписа қилдилар.

Бундан икки ҳафта аввал - Ғазо урушидан сўнг пайдо бўлиб¸ ҳамон интернетда қолаётган биринчи видеолавҳада германиялик Абу Иброҳим деб таништирилган жангари немис тилида фитна ва жиҳод ҳақида гапиради.

Ундан кейин лавҳада юзлари ниқобланган яна бир неча мужоҳид пайдо бўлади ва барчаси немис тилида бир нарсани, ўзларининг “кофирлар”га қарши зарба беришлари муқаррар эканини таъкидлайдилар.

Ушбу видео қандайдир тоғли ҳудуд, эҳтимол Афғонистон ва Покистон чегара минтақасида тасвирга олинган.

Жиҳодий пропаганданинг энг аввалида узун соқол қўйиб¸ салла ўраган Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг сурати бир зумга пайдо бўлади.

Германияга қарши бундай видеолавҳанинг иккинчиси сешанба куни пайдо бўлди.

Бу гал жангарилар ўзларини Исломий жиҳод гуруҳи аъзолари сифатида таништиради ва НАТО кучлари сафида Афғонистонда хизмат қилаётган Германиянинг 3300 аскарлик қўшини учун “кутилмаган совға” тайёрлаб қўйганлари тўғрисида гапиради.

Бундай чиқишлар немис хавфсизлик идорлари учун анчайин таҳликали сигнал бўлган кўринади.

- Иккала видеога ҳам жиддий ёндашаяпмиз ва уларни жиддий ўрганмоқдамиз. Ҳозирча видеода пайдо бўлганлардан бирининг шахсини аниқладик ва унинг Германия фуқароси экани маълум бўлди¸ деди Германия федерал ички ишлар вазирлигининг расмий вакили Штефан Парис.

Исломчи жангариларнинг таҳдид мазмунидаги бундай чиқишларини интернетда кўплаб топиш мумкин.

Бироқ немис тилида¸ немис фуқаролари томонидан Германияга қарши қаратилган бундай баёнотлар чексиз ҳудуд бўлмиш интернетда ҳам илк бор ëйинлангани боис¸ бундан хавфсизлик идоралари ташвишга тушмай қолмади.

2007 йилда Исломий жиҳод иттифоқининг уч аъзоси Германиядаги Франкфурт халқаро аэропорти ва Рамштайндаги АҚШ ҳарбий базасига қарши ҳужумни режалаштирганликда айбланиб, қўлга олинган эди.

Улардан бири турк миллатига мансуб Германия фуқароси бўлиб чиқди. 2008 йилда Германияда гуруҳнинг яна икки аъзоси ҳибсга олинди.

Ўз янги видео мурожаатида мазкур террорчи гуруҳ аъзолари Берлин ва Германиянинг яна икки йирик шаҳрида ҳужум уюштиришлари борасида огоҳлантирди.

Германиядаги Жорж Маршал марказининг террорчилик дастурлари раҳбари профессор Ник Пратнинг айтишича, бу гуруҳни жиддий қабул қилиш учун барча асослар бор.

- Бу гуруҳ ўз тарихига эга. Бу тўқиб чиқарилган гуруҳ эмас¸ балки ҳақиқатда мавжуд гуруҳ ва биз уни жиддий қабул қилишимиз керак.

Германия хавфсизлик идоралари жуда профессионал даражада ишлайди. Уларда етарли маълумот бор.

Лекин¸ албатта¸ бу ахборотни улар оммавий ахборот воситаларига бериб қўймайди¸ дейди Ник Прат.

Германия федерал ички ишлар вазирлиги мулозими ўзбеклар етакчилигидаги террорчи гуруҳларга қарши чора кўриш учун ўз мамлакатининг Ўзбекистон хавфсизлик хизмати билан яқиндан ҳамкорлик қилишини инкор этмади.

2004 йил июл ойида АҚШ ва Исроилнинг Тошкентдаги элчихоналари ва Ўзбекистон Бош прокуратурасига қарши ҳужумлар уюштирилди.

Оқибатда хавфсизлик идораларининг камида икки нафар ходими ҳалок бўлди. Мазкур ҳужумлар учун масъулиятни ўшанда ҳеч кимга танилмаган Исломий жиҳод гуруҳи ўз зиммасига олган эди.

Ўтган йили БМТ Ал-Қоида ва Усама Бин Ладинга алоқадор кишилар рўйхатига яна икки нафар Ўзбекистон фуқаросини қўшди.

Улардан бири 1972 йилда Андижонда туғилган Нажмиддин Жалолов бўлса, бошқаси 26 ёшли тошкентлик Суҳайл Бўроновдир. Бу иккала шахс ҳам Исломий жиҳод иттифоқининг етакчилари сифатида тилган олинди.

Бироқ Исломий жиҳод иттифоқига таъриф берар экан, профессор Прат унинг кўп миллатли ва турли давлатлар¸ шу жумладан Германияда ҳам ўз тарафдорлари бўлган гуруҳ эканини таъкидлайди.

Ўзбекистонлик мужоҳидларнинг нега ўз нишони ўлароқ Германияни танлагани ҳақда гапираëтган айрим кузатувчилар¸ буни Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик¸ шунингдек немис ҳарбийларининг Афғонистондаги фаоллиги билан изоҳлашга уринмоқдалар.

- Жанггарилар даъво қилаётган мақсадлардан бири келажакда Германиянинг Термиздаги авиабазадан фойдаланишига чек қўйишдир¸ дейди Озодлик билан суҳбатда немис ички ишлар вазирлиги мулозими.

Бундан аввал Исломий жиҳод гуруҳнинг келиб чиқиши ва шу ном остида эълон қилинаëтган мурожаат ва баëнотларга тўхталган Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Икром Ëқубов¸ шунингдек Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейлар¸ бу гуруҳ Ўзбекистон махфий хизматлари ҳосиласи эканини айтишган эди.

XS
SM
MD
LG