Линклар

Виртуал дунëда ҳам сарҳадлар белгиланмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Интернетни назорат қилишнинг хитойча модели Марказий Осиëда ҳам тобора барқарорлашмоқда ва минтақада тўсиб қўйилган сайт ва блоглар сони кун сайин ошиб бормоқда.

Интернетни назорат қилишнинг хитойча модели Марказий Осиëда ҳам тобора барқарорлашмоқда ва минтақада тўсиб қўйилган сайт ва блоглар сони кун сайин ошиб бормоқда.

Бугун МР 3 плейерларининг қулоққа зарари¸ блогларнинг бугунги кун ҳаëтимиздаги ўрни ва Қозоғистонда қабул қилиниши кутилаëтган интернет ҳақидаги янги қонун лойиҳаси ҳақда гаплашамиз.

Қулоқни асранг

Эҳтиёт бўлинг, MP-3 плейерларини сурункали ҳаддан зиёд баланд оҳангда эшитиш қулоққа зарарли.

MP–3 плейери (MP3 player) орқали мусиқа тингловчи¸ тахминан¸ 10 миллион европалик эшитиш қобилиятини йўқотиш хавфи остида қолмоқда, деб хулоса қилди Европа Иттифоқининг Саломатликка янги таҳдидлар бўйича илмий комиссияси.

Комиссия вакилларидан бири Ҳелен Кирнс хонимнинг Озодликка айтишича, MP –3 плейерининг соғлиққа солаётган хавфини ўрганган мутахассислар чоршанба куни Брюсселда бир орага келганлар.

- Илмий комиссия тарафидан бу борада ўтган октябр ойида хавотир билдирилган эди. Ушбу хавотирлар ортидан биз кеча Брюсселда анжуман ўтказиб, бунга қарши қандай чора кўриш масаласини муҳокама этдик, деди Ҳелен Кирнс.

Европалик мутахассисларнинг хавотир билдиришларича, ҳозирча MP-3 плейер эшитувчиларнинг 5 фоиздан 10 фоизигача уни сурункали ҳаддан зиёд оҳангда тинглаши натижасида эшитиш қобилиятини йўқотиш хавфи остида қолмоқда.

Айтилишича, MP –3 плейерини беш йил мобайнида ҳафтасига камида бир соатдан юқори оҳангда эшитган тақдирда ҳам одам эшитиш қобилиятини йўқотиши мумкин.

Тиббиёт соҳаси мутахассислари эса одамнинг эшитиш қобилиятини тиклашга ожиз қолмоқда. Комиссия хулосасида бунинг даволаб бўлмас дард экани айтилади.

- Биз мудҳиш офат қаршисидамиз ва бунга қарши зудликда чора кўрмоғимиз лозим, деб билдирди Истемолчилар ҳуқуқлари ва стандартлаштириш масалалари бўйича Европа уюшмаси бош котиби Стивен Рассел.

Брюсселда ўтган анжуманда MP-3 плейер эшитувчилари қулоқларини асраш борасида бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Плейер экранига эшитиш оҳангини чегараловчи огоҳлантирув белгисини чиқариш масаласи кўрилди.

Европа Комиссияси вакиллари бу масалага жиддий эътибор қаратилиши лозимлигини айтишмоқда. Аммо, Ҳелен Кирнснинг айтишича, комиссия ҳалигача келгуси чоралар ҳақида бир тўхтамга келгани йўқ.

МP-3 плейери ишқибозлари сони Ўзбекистонда ҳам кўпайган. Ўзбекистонлик Мунис гапиради.

- Буни эшитувчилар етарлича топилади. Айниқса= ëшлар ичида кенг тарқалгани шу¸ дейди Мунис.

Аммо, уларнинг кўпчилиги МП-3 плейери зарари ҳақида маълумотга эга эмасликларини айтишади.


Ўзбекистонда ҳам блоглар кўпаймоқда

Яна блоглар мавзусига қайтамиз. Ўтган эшиттиришларимизда Ўзбекистонда блоглар, яъни интернет кундаликлари ҳам тўсилаётгани ҳақида ҳикоя қилган эдик. Ўзбекистонлик блоггер Гулҳаё ҳам ана шундай тўсиқларга учраётганини айтди.

Гулҳаë: Бу блогни очганимга икки йилдан ошди. Ҳозир учинчи йил кетаяпти. Мен блог орқали ўзимнинг фикрларимга яқин инсонларни топдим. Яъни дунëқараши меникига ўхшаган ëшларни топдим.

Улар Ўзбекистондан эмас. Улар дунëнинг турли мамлакатларидан. Асосан¸ бу блогга хорижда яшайдиган ўзбеклар киради ва улар билан виртуал алоқадамиз. Улар менинг постларимни ўқиб¸ изоҳлар қолдиришади. Шу орқали мен ҳам уларнинг блоги билан изоҳ орқали алмашиб турамиз.

Бунинг ўзим учун аҳамияти жуда катта. Мен учун бу фикримни қаердадир очиқчасига айта олиш¸ яъни ҳиссиëтларимни қаергадир чиқариши имкони. Албатта¸мен буни омма учун қилганим йўқ. Мен буни шахсан ўзим учун қилганман.

Озодлик: Блогларнинг Ўзбекистонда ахборот воситаси сифатидаги роли қанчалик?

Гулҳаë: Блог ҳақиқатан ҳам ахборот ташувчи ҳисобланади. Масалан¸ Фаластинга Исроил уюштирган ҳужум ҳақидаги маълумотларни Фаластиндаги блоггерлар бериб турди. Худди шу тарзда ўзбекистонлик блоггерлар ҳам ўзларининг шахсий блоглари орқали маълумотларни бериб тура олади.

Лекин бир жиҳати борки¸ уни объектив дея олмаймиз. Чунки маълумот блоггернинг дунëқараши¸ фикри билан объектив бўла олмайди. Шу жиҳатдан у журналистикадан фарқ қилса керак.

Озодлик: Блоггер сифатида сиз Ўзбекистонда қандай қилиб фаолият олиб бораяпсиз? Блогингиз Ўзбекистонда тўсиқларга дуч келмаяптими?

Гулҳаë: Ўзбекистонда блоггерлер унчалик кўп эмас. Дейлик¸ Қозоғистон ëки Қирғизистон билан таққослайдиган бўлсак¸ бу маънода улар анча орқада. Бунинг сабаблари кўп.

Биринчидан¸ блоглар очиладиган доменлар тўсиққа учраган. Дейлик www.wordpress.com орқали Ўзбекистонда қандайдир сиëсий воқеаларга фикр билдирсангиз¸ нафақат сизнинг блогингиз¸ балки мана шу доменга алоқа тўсиб қўйилади.

Livejournal да оқим жуда катта ва ўзбекистонлик ëшлар шу доменда ўз блогларини очиб ëтишибди. Сиëсат ҳақида ëзадиган блоггерлар аноним ҳолатда ëзишаяпти. Лекин фикр билдириш бор. Livejournal Ўзбекистонда ҳозирча унақа тўсиққа учрагани йўқ.

Шу билан бирга сиëсий ҳодисаларни ëзаëтган ëшлар орасидаги блоггерларни блог логинлари ва калит сўзлари (пароллари) ўзидан -ўзи тўсиққа учраб¸ блогларига тўсиқлар қўйилаяпти.

Озодлик: Дейлик¸ сизнинг блогингиз Ўзбекистонда қандай ишлаяпти?

Гулҳаë: Менинг шахсий блогим бундан икки йил олдин тўсиққа учраган. Бир ой давомида бу блогга прокси сайтлар орқали ҳам киришнинг иложи бўлмади ва шунинг учун мен логинимни янгилай олмаганман.

Ундан кейин эса очиб қўйилди. Ëпилганига сабаб¸ у ерда мен президентлик сайлови кампанияси ҳақида ва Ўзбекистондаги порахўрлик ҳақида ўз фикрларимни билдирган эдим.

Эслатиб ўтиш жоиз¸ блог биринчи бўлиб интернет кундалик сифатида пайдо бўлди. Одамлар ўзлари ҳақида ëза бошладилар¸ яъни ўртоқларидан¸ ота-оналаридан узоқ бўлса¸ ўз кундалик интернет саҳифасида ëзишиб¸ ўзларининг ҳаëтида нималар бўлаëтганини айтиб туришди.

Кўп ўтмай бу кундаликлар дунëнинг турли бурчаклари¸ айниқса эркин матбуот бўғилган мамлакатларида фикр эркинлиги бўшлиғини тўлдирувчи янги ахборот алмашинув воситасига айланди.


Қозоғистон ҳукумати ҳам интернетдан хавотирда


Комила Собирова

Қозоғистонда қабул қилиниши кутилаётган Интернет тўғрисидаги қонунни маҳаллий кузатувчилар глобал ахборот тармоғини қаттиқ назоратга олишга уриниш ўлароқ баҳоламоқда.

Қозоғистон журналистлари иттифоқи раиси Сеитқози Матаев, мамлакатда Интернет ҳақидаги янги қонуннинг ишга тушиши, интернет сайтларига эга бўлган оммавий ахборот воситаларида қаттиқ цензура ўрнатилишига олиб келишини айтади:

- Интернет ҳақида тайёрланганган қонун лойиҳаси, Қозоғистонда цензура пайдо бўлишига олиб келади. Бундан биринчи навбатда, веб саҳифаларига эга бўлган оммавий ахборот воситалари зарар кўрадилар.

Расмий органлар уларни узлуксиз блокировка қилишлари ёки сайтда ёзилган бирор бир танқидий мақола учун жавобгарликка тортишлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсиқ қўйишлари мумкин, дейди Матаев.

Zonakz.Net интернет газетаси бош муҳаррири Юрий Мизинов эса, Қозоғистонда ишлаб чиқилаётган Интернет ҳақидаги қонун, биринчи навбатда расмийларнинг ўзини Роҳат Алиев компроматларидан ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракат эканини, аммо бунинг оқибатида кўпчилик зарар кўришини таъкидлайди:

- Ҳозирнинг ўзида, бош прокурорнинг қарори билан исталган интернет сайтга тўсиқ қўйилаяпти. Бироқ, мамлакатда интернет ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши билан расмийларнинг бундай қарорлари буткул қонуний асосга эга бўлади, дейди интернет газета бош муҳаррири.

Қозоқ парламенти томонидан ишлаб чиқилаëтган Интернет тўғрисидаги қонунга мувофиқ мамлакат бош прокуратураси ўринсиз деб топилган ҳар қандай танқидий материал чоп этган интернет нашрни буткул блокировка қилиш ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Қозоғистон журналистлари Конгресси ҳуқуқшуноси Тамара Симахинага кўра, Интернет ҳақидаги қонуннинг қабул қилинишидан сўнг интернет-газета, веб-сайтлар ва блогларнинг тақдири чиндан ҳам Бош прокуратура томонидан ҳал қилина бошлайди:

- Агар бундан аввал оммавий ахборот воситаси эгаси ёки баъзи ҳолларда суд бирор бир веб нашрнинг ишлаш ёки ишламаслик масаласини ҳал қилган бўлса, Интернет тўғрисидаги янги қонуннинг кучга кириши билан Бош прокуратура ўзи истаган веб нашр фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкин. Бунда оммавий ахборот воситаси эгаси бирорта судда ҳам ўз ҳуқуқини ҳимоя қилолмайди, дейди ҳуқуқшунос.

Унинг таъкидлашича, Қозоғистонда интернет ҳақидаги янги қонун амал қила бошлаши билан мамлакатдаги барча интернет ресурслар оммавий ахборот воситалари сирасига киритилиши кўзда тутилган.

Кузатувчилар, барча ривожланган давлатларда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари интернетда порнография, ёш болалар проституцияси ва турли мазмундаги террорга оид ғояларга қарши кураш олиб бораётган бир пайтда, Қозоғистон ҳукумати интернет оламини Хитой модели бўйича назорат қилишга уринаётганини таъкидлашмоқда.

Аниқланишича, ўтган ҳафтанинг ўзида Хитойда 150 мингта веб сайт фаолиятига тўсиқ қўйилган.
XS
SM
MD
LG