Линклар

Харидорсиз бозор


Бишкек ҳукумати энергетика саноатини хусусийлаштириш орқали мамлакатда ҳукм сураëтган энергетик бўҳронга барҳам беришни режаламоқда.

Бишкек ҳукумати энергетика саноатини хусусийлаштириш орқали мамлакатда ҳукм сураëтган энергетик бўҳронга барҳам беришни режаламоқда.

Мухолифат ва жамоатчилик қаршилигига қарамай¸ Қирғизистонда сотувга қўйилган энергетика иншоотлари¸ молиявий бўҳрон сабаб¸ ҳозирча эгасиз қолмоқда.

Қирғизистон энергетика тармоғидаги уч йирик ширкат – Бишкек иссиқлик электр маркази, “Шимол-Электр” ҳамда Иссиқлик тармоқлари тизими харидор топилмагани боис сотилмай қолди.

Қирғизистон Давлат мулк қўмитаси расмийси Суярқул Бакировнинг айтишича, сотувга қўйилган энергетик комплексларни сотиб олиш бўйича эълон қилинган танловга бирорта ҳам инвестор ҳужжат топширмаган.

Натижада 27 январ куни бу борада ташкил этилган махсус комиссия “энергетик комплексларни ҳеч ким сотиб олгани йўқ”, деган қарор чиқаришга мажбур бўлган.

Иқтисодчиларнинг айтишларича, Қирғизистондаги энг йирик учта энергетик ширкатга харидор топилмагани, энг аввало, молиявий инқироз билан боғлиқдир.

Иккинчидан эса¸ сотувга қўйилган ширкатларга қиммат нарх белгиланган ва сармоядорларга бажарилиши қийин бўлган шартлар қўйилган.

Шунинг учун ҳам парламент депутатлари сотувга қўйилган энергетик мажмуалар нархини арзонлатиш ва сармоядорларга қулай шароитлар яратиш шарт, деб ҳисоблайдилар.

Парламент депутати Норинбек Мўлдўбаевга кўра, бу ширкатлар тез орада сотилмаса, Қирғизистон энергетика тармоғи хавф остида қолади.

- Бишкек ТЭЦсининг қиймати бир миллиард доллардан ошади. Унинг 450 миллион долларга сотилиши эълон қилинган.

Бундан ташқари, сармоядор уни замонавийлаштириш ишига яна 250 миллион доллар сарфлаши лозим. Кейин эса кўмир, мазут ва газ сотиб олиш керак бўлади. Мана шундай шартлар сармоядорларни қўрқитмоқда.

Менимча, АҚШ тажрибасини қўллаган ҳолда энергетика ширкатларини рамзий баҳога сотиш керак ва сармоядорга сотиб олган корхонасини замонавийлаштириш учун тўла имконият яратиб бериш керак.

Негаки¸ Қирғизистон ҳукуматининг бугунги кунда энергетик мажмуани замонавийлаштиришга қурби етмайди. Натижада бир неча йилдан кейин бу соҳа хонавайрон бўлиши мумкин, дейди депутат Норинбек Мўлдўбаев.

Айни пайтда¸ Қирғизистон мухолифати мамлакатнинг энг йирик энергетик ширкатлари сотилмагани воқеасини хурсандчилик билан кутиб олди.

27 январ куни мухолифатдаги ҳаракатлар ва партияларни бирлаштирган “Бирлашган халқ ҳаракати” жамоатчиликка мурожаат қабул қилди.

Мурожаатда айтилишича, энергетик ширкатлар қонун доирасида стратегик объектлар ҳисобланади.

Мухолифатчиларга кўра, стратегик объектларни сотиш тўғрисида қабул қилинган қонунлар ва қарорлар халқ бойлигини тортиб олиш сифатида баҳоланиши лозим.

- Афсуски, сўнгги йилларда энергетика тармоғи фойда кўргани йўқ. Айни пайтда унинг баҳоси ошиб бормоқда. Энергетик мажмуа бошқариб бўлмайдиган даражага етиб қолгач, ҳукумат уни уч-тўрт қисмга бўлиб юборди.

Бундай ҳолат Қирғизистонда давлат менежменти йўқлиги белгисидир. Бу стратегик масала чуқур мушоҳада юритилгач¸ ҳал этилиши лозим.

Агар энергетика тармоғини сотсак, Қирғизистон ҳар томонлама қарам давлатга айланади, деди қирғиз мухолифати лидерларидан бири Аликбек Жекшенқулов.

Бироқ Қирғизистон ҳукумати мухолифат, шунингдек, жамоатчиликнинг бир қисми энергетика тармоғининг хусусийлаштирилишига қарши эканига ва Бишкекдаги уч йирик ширкатни сотиш муваффақиятсиз якунланига қарамай, бошқа корхоналарни ҳам хусусийлаштириш қарорини эълон қилди.

Ҳукумат қарори билан шу кунларда “Ўш-Электро” ва “Жалолобод-Электро” давлат корхоналарини сотиш бўйича танлов бошланди.
XS
SM
MD
LG